Press "Enter" to skip to content

ИИВ тизимида шаффофлик

Last updated on 27.01.2022

Бир пайтлар Ички ишлар вазирлиги давлат ичидаги «давлат» эди. Ундан журналист бирон-бир ахборот олишни ҳатто тасаввур ҳам қилолмасди.

Жамиятдаги ислоҳотлар бу соҳага ҳам “янги ҳаво” олиб кирди. Ҳозир ИИВ тизимининг исталган йўналиши ҳақида керакли маълумотни олиш мумкин.
— Ички ишлар вазирлигида 22 та расмий сайт бор. Улардан ташқари ҳар бир вилоят ИИБларининг сайтлари ҳам ишлаб турибди, — дейди вазирлик Ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов. – Қолаверса, оммалашган ижтимоий тармоқларда 70 дан зиёд каналларимиз мавжуд. Улардан жами 3 млн. киши фойдаланмоқда. “Постда” ва “На посту” газеталари ўн минглаб ададда босиляпти.
Фарғонада водий вилоятлари ИИБ Ахборот хизматлари вакиллари, журналист ва блогерлари иштирокида бўлиб ўтган очиқ мулоқот чоғи Шоҳрух Ғиёсов ана шу рақамларни келтирди. Матбуот конференциясида Фарғона вилоят ИИБ бошлиғи полковник Дониёр Тошхўжаев берилган саволларга батафсил жавоб берди. Саволлар эса қўполлик қилган инспекторга кўрилган жазодан йўл белгилари ўрнатишгача ранг-баранг эди.
— Бир сирни очай, — деди вазирлик Ахборот хизмати раҳбари. — Биз мавжуд замонавий технология орқали ижтимоий тармоқдаги 160 мингга яқин ахборот тарқатувчи манбаларни кузата оламиз. Негатив, туҳмат, жамиятни бесаранжом қилувчи ахборот тарқатувчини аниқлаш имконимиз бор.
Журналист ва блогерларнинг тизимда гендер тенглик, амалдорлар йўл ҳаракати қоидасини бузганда жарима тўламаётгани, қоида бузувчини тасвирга тушириб пул ишлаётганлар каби саволлари ҳам жавобсиз қолмади.
Қувончлиси, ИИВ энди бетон девор ичида эмас, сийрати кўринадиган, аммо панжара билан ўралган вазирликка айланган. Ва бу қувончлидир.

Ўз мухбиримиз.

Ulashing: