Press "Enter" to skip to content

Аёлнинг нафақаси кимнинг зиммасида?

Last updated on 27.01.2022

Оила инсон саодатини таъминловчи муқаддас қўрғондир

Убайдуллоҳ
АБДУЛЛАЕВ,
Фарғона вилояти
бош имом-хатиби

Оилада эркакнинг масъулияти алоҳида қайд қилинган. Аллоҳ таоло эркак кишини руҳий ва жисмоний жиҳатлари билан аёлдан фарқли ўлароқ уни оила раҳбари бўлишга мос ҳолда яратган. Оила қуриш ва уни нафақа билан таъминлаш, осойишталигини сақлаш ва бу йўлдаги барча сарф-харажатлар эркакнинг зиммасидадир. Аллоҳ таоло эркак кишига оиладек муқаддас қўрғонга раҳбарлик қилиш масъулиятини юклаб, бу вазифаларни сидқидилдан адо этишга буюриши билан бирга бундай оилаларнинг бахтли бўлишларига ҳам йўл кўрсатади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди, яъни: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир” (Нисо сураси 34-оят).
Эрнинг ўз хотини олдида ҳам ижтимоий, ҳам жисмоний, ҳам молиявий бурчи мавжуд. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“…Улар билан тинч-тотув турмуш кечирингиз…” (Нисо сураси 19-оят).
Дарҳақиқат, Ислом дини ўз аёлларига нисбатан яхши муносабатда бўлган эркакларни инсонларнинг энг яхшиси қаторига қўшади. Бу хусусда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар, яъни: “Сизларнинг ичингизда энг яхшингиз ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганингиздир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман” (Имом Термизий ривояти).
Эркак кишининг энг катта бурчи ўз қарамоғидагиларнинг ўзгаларга қарам бўлиб қолишига йўл қўймаслигидир. Дарҳақиқат, эркакларнинг зиммасига аҳли аёл нафақаси фарздир. Бу хусусда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: “Киши ўз қарамоғидагиларини нафақасиз ташлаб қўйиши унинг қаттиқ гуноҳкорлигига кифоя қилади” (Абу Довуд ривояти), дея марҳамат қилганлар.
Афсуски, жойлардаги ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, айрим эркаклар аёли ва оиласини нафақа билан таъминлашни ўз бурчи эканини тан олмай, уларни ўз ҳолига ташлаб қўяётган бўлса, бошқалари буни унутиб қўйган. Яна бир бошқа ҳолатларда эса, эр томонидан берилаётган нафақага аёлнинг қаноат қилмаслигига гувоҳи бўласиз. Ҳатто баъзи эрлар ўз жуфту ҳалолларини ўзга юртларга бориб ишлаб пул топиб келишга мажбурлаётганликлари ва аёлини топган маошига кун кечираётганликлари ҳам маълум бўлмоқда.
Ўрни келганда яна бир жиҳатга ҳам эътибор қаратиш зарур. Аллоҳ кўрсатмасин, мабодо, бир шаръий арзигулик сабаб бўлиб, эр-хотин ажрашсалар, аввало, аёлга маҳрини бериши, яъни шу вақтга қадар тўламаган бўлса, уни тўлаши вожиб бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Агар уларга маҳрни белгилаган бўлсангиз-у, лекин қовушмай туриб талоқ қилган бўлсангиз, белгиланган маҳрнинг ярми (зиммангиздадир). Магар улар (шу ярмини олишдан ҳам воз) кечиб юборса ёки никоҳ ўз ихтиёрида бўлган киши (яъни эр ўша ярим маҳрдан) воз кечса (яъни маҳрни ярмини олиб қолмай, хотинга мукаммал тўласа, жоиздир). Кечиб юборишингиз тақвога яқинроқдир…” (Бақара, 236-237 оятлар).
Ажрашгандан то иддаси чиққунча аёл киши ўша эрни уйида ўтириши ва эр уни моддий таъминлаши вожибдир. Чунки иддаси чиққунча хотин шу эрнинг қарамоғида бўлади. Чунки, Аллоҳ: “Талоқ қилинган аёлларни меъёрида таъминлаш тақводор (эр)ларнинг зиммаларидаги ҳақ (бурч)дир (Бақара, 241-оят) дея эслатган.
Нафақа талоқ қилинган аёлнинг иддаси чиққунга қадар тўланади. Иддаси тугагач, эрни уйидан чиқиб, ўз нафақасига ҳаракат қилиш ва бошқага турмушга чиқишига рухсат берилади. Агар орада эмизикли фарзанд бўлса, уни она қарамоғига олиб, эмизса ва сут ҳақи талаб қилса, уни ҳам тўлайди. Фарзанд сутдан чиққач, онага ҳақ тўлашни тўхтатиб, фарзанд то балоғатга етгунга қадар ота ўз ҳолидан келиб чиқиб, ўртача ҳол (яъни бой бўлса, бойларни ўртачаси, ўрта ҳол бўлса, ўрта ҳолларни ўртачаси, камбағал бўлса, уларни ўртача деб билган даража)да болани таъминлайди. Кийим-кечак, еди-ичди, турар жой, касалини даволатиш – барчаси ота-нинг зиммасидадир. Фарзанд қиз бўлса, балоғатга етиб, то турмуш қургунга қадар таъминоти ва никоҳ тўйи харажатларини ҳам беради. Агар ўғилми-қизми, фарзанд тузалмас касал бўлса, бир умр уни ота таъминлайди.
Бугунги кунда ажрашган оталарга маълум миқдор алимент белгиланади. Бу юқорида айтилган шаръий ҳукмларга ҳамоҳанг ишдир. Бунда маълум вақтгача, ойлик маошни маълум фоизини бериш тайинланади. Алимент шаръий нафақадан енгил ва оздир. Чунки нафақа ҳар ойга эмас, доимий харажатларни тўлиқ кафолатлаш ва касал бўлса, даволатиш ҳам деганидир. Бу эса ҳар ой бир миқдор эмас, шароитга қараб, баъзи вақтлар кўпроқ бўлиши табиийдир. Шунинг учун алимент берувчи оталар, алимент беришдан бош тортишлари гуноҳи кабирадир. Вазифа ва мажбуриятларини бажармаган бўладилар ва уларни шаръан ҳам, қонунан ҳам маҳкамага тортиш тўғри ҳисобланади. Бу оталар алиментни бердим, бас, демасдан, мабодо, фарзандлари кўпроқ ёрдамга муҳтож ҳолга тушиб, беморликками чалиниб қолсалар, оталар инсоф қилишлари ва қўшимча ёрдам беришлари ҳам зиммаларидаги вожиб вазифа ҳисобланишини унутмасликлари лозим. Ақалли, шу алиментни ўз вақтида беришдан бош тортмаслиги лозим ва турли байрамларда уларни йўқлаб, алиментдан ташқари кийим-кечак ва совға-салом бериб туришлари уларнинг шарафли ва савобли вазифаларидир.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳар бир мусулмон эр ўзининг аёли олдидаги молиявий бурчлари ҳақидаги ушбу таълимотларни жону дили билан, яхшилаб ўрганиши, қабул қилиши ва уларга ихлос билан амал қилиши ўзи учун саодат манбаи эканини англаб етиши лозим. Шунда бошқалар учун одат бўлган оила ҳаёти унинг учун ибодат даражасига кўтарилади. Мисол учун, эр “аёлимнинг нафақаси шариат бўйича менга вожиб эди, шуни бажаришим керак” деб, аёлига нафақа топиш учун ҳалол касб билан ишлаб юрар экан, вожиб ибодатини адо этаётган киши сифатида ажр ва савоб олади. Зеро, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир динорни Аллоҳнинг йўлида нафақа қилдинг. Бир динорни қул озод қилишга нафақа қилдинг. Бир динорни мискинга нафақа қилдинг. Бир динорни аҳлингга нафақа қилдинг. Энг ажри улуғи аҳлингга нафақа қилганингдир”, дедилар. Бундан аҳлу аёлни нафақа билан таъминлаш қанчалик шарафли ва савобли иш эканини англаб олиш қийин эмас. Динимизнинг ушбу таълимотларига оғишмай амал қилишни Аллоҳ барчамизга насиб қилсин!

Ulashing: