Press "Enter" to skip to content

Ҳаёт кўзгуси

Last updated on 27.01.2022

Театрга қайтинг…ёхуд охирги марта бу ерга
қачон келгансиз?

Ёзёвон туманидаги “Қорасой” маҳалласида яшовчи 63 ёшли Сурмахон ая Мирзаеванинг айтишича, ҳали бу қишлоққа бирор марта театр келмаган экан. Яқинда Марғилон шаҳар мусиқали мақом театри жамоаси келиб, маҳалладошларини хушнуд этибди.

Бугун ҳам театр дарагини эшитган одамлар қўни-қўшниси, келинлари билан “Баҳор” маҳалласида жойлашган 28-мусиқа мактабига шошилди.
“Тўйлар муборак”ни қўйишар экан”, “Ҳалиги телевизорда чиқадиган актёр бор-ку, ўша ҳам келибди” деган гап-сўзлар то спектакль бошлангунча қулоқдан-қулоққа ўтди.
— Тўғриси, биз болалардан, рўзғордан ортиб театр кўргани бормаганмиз. Бу биринчиси. Бугун қишлоғимизга театр ўз оёғи билан кириб келди. Кўргани келинларимиз билан келдик. Жонли кўрганга етмас экан. Мазза қилиб маданий ҳордиқ чиқардик. Қишлоқдаги онахонларимиз ҳам дам олиб, спектакль кўрсин, деб актёрларни юборган раҳбарларга катта раҳмат, — дейди Сурмахон ая.
Улуғ аждодимиз Маҳмудхўжа Беҳбудий “Театр — ибратхонадир” деганда ҳақ сўзлаган эди. Орадан бир аср вақт ўтибдики, бу фикрлар ўз қийматини асло йўқотгани йўқ.
Бугунги кунда Фарғона вилоятида 5 та театр фаолият юритаётган бўлса, бу “ибрат саҳнаси”да халқимизнинг қадрдон образларидан тортиб, замонамиз қаҳрамонларигача бўлган тақдирларнинг ҳаёти ва фаолияти саҳнадан-саҳнага, томошабиндан-томошабинга, кўнгиллардан-кўнгилларга кўчиб, яшаб келаётир.
Вилоят ҳокими ташаббуси билан театр жамоалари чекка-чекка ҳудудлар аҳлини бу нафис санъатдан баҳраманд этмоқда.
Мана Қува туманидаги маданият марказида ҳам саҳна пардаси очилди. Ўнг томонда тандир-ўчоқ, чап томонда қулфсиз эшик. Ўртада эса супа. Ўзбек хонадонининг тасвиридан сезилганидек, Саид Аҳмаднинг “Уфқ” асари асосида Марат Азимов томонидан саҳналаштирилган спектакль намойиш этилаётир.
“Жаннат, Жаннат, уруш бошланибди, уруш. Эркак зотига қирғин келадиган бўлди. Яна қирғин, яна уруш…” саҳнада ҳовлиққан Икромбой ва хотини Жаннат пайдо бўлди. Етти юз нафардан ортиқ томошабиннинг ҳаммаси жим… Чунки урушнинг ўзи тугул, номи ҳам ҳушёр торттиради-ку. Асардаги воқеалар ривожи одамларни бир кулдирса, бир йиғлатди, ўйга толдирди. “Уфқ” спектакли томошабинларни ўзининг кўнгил уфқларига боқишга, мулоҳаза қилишга мажбур қилди.
— Мен саҳнада Турсунбой образини гавдалантирдим. Тўғриси, сценарийни ўқиганимдаёқ ундан нафратлангандим. Чунки ундаги дангасалик, ота-онага ҳурматсизлик, қўрқоқлик, эл бошига иш тушганда ўзини четга олишлик, хоинлик нафратга арзийдиган иллатлар. Томошабинлар Турсунбойни қанча ёмон кўришган бўлса, демак мен ўз мақсадимга эришдим. Ролимни яхши ижро этдим, — дейди вилоят мусиқали драма театри актёри, труппа раҳбари Азизбек Темиров.
Бу жараёндан фарзандларимиз ҳам четда қолгани йўқ. Вилоят қўғирчоқ театри барча туман-шаҳарлардаги болаларни яхшилик, дўстлик, меҳр-оқибат ғоялари акс этган спектакллари билан хурсанд қилмоқда.
— Биз Фарғонани айланиб, жуда кўп болажонлар билан кўришдик. Айниқса, “Карвонсарой”, “Мусиқали чойхона” каби спектаклларимиз уларга маъқул бўлди. Ҳатто томошамиз тугаганидан кейин ҳам болалар ўрнидан қўзғалмади. Уларни етаклаб келган ота-оналаридан қачон фарзандингизни театрга олиб боргансиз, деб сўраганимизда, “Бу биринчиси бўлди” деган жавобни олдик. Чекка ҳудудлардаги туманларда ҳатто мактаб жамоаси ҳам ўқувчиларни бундай маданий масканларга олиб бормагани ачинарли ҳол. Чунки болага минг насиҳат қилгандан кўра, бир марта саҳнада кўрсатиб берганнинг фойдаси кўпроқ бўлади, — дейди вилоят қўғирчоқ театри матбуот котиби Шаҳло Ҳожимаматова.
Мазкур ташаббус “инсонларни театрга қайтариш” йўлида катта қадам бўлди, десак адашмаймиз. Назаримизда, театр оммавий санъатга айланиши керак. Бу сиз-у бизга боғлиқ.
Балоғат ёшидаги фарзандингиз тарбиясидан хавотирдамисиз? Унда театрга олиб боринг!
Аёлингиз ва онангиз ўртасида юзага келаётган муаммоларга ҳам яхши спектаклни танлаб, оилавий томоша қилиш билан ечим топишингиз мумкин!
Ҳеч бўлмаганда, турли байрамлар баҳона театрга боришга одатланинг!
Тарбия ўчоғидан фарзандларингизни баҳраманд қилинг.
Чунки театр аксимизни кўрсатадиган ойнадир. Ўзимизнинг асл ҳолатимиз, камчилигу нуқсонларимизни акс эттирадиган кўзгуга аҳён-аҳёнда бўлса ҳам назар солиб турайлик!
Фарғона бўйлаб намойиш этилган классик асар – “Тўйлар муборак”дан тортиб, энг янги “Лола ёхуд барханларда унган гул” каби ўттизга яқин спектакллари билан халқимиз юрагида яна бир бор саҳна санъатига иштиёқ уйғота олган театрлар жамоаси сизларни кутади!

Гўзал ОХУНОВА.

Ulashing: