Press "Enter" to skip to content

Субсидия олинг!

Last updated on 28.01.2022

Аҳолига имтиёз ва имкониятлар

Жорий йилда вилоятимизда 1490 та субсидиялар тўланиши белгиланган

Кейинги йилларда аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш,
инфратузилма объектлари ҳамда яшил ҳудудлар барпо этиш билан боғлиқ истиқболли лойиҳалар кўлами кенгайди. Натижада ўзига хос меъморий кўринишга эга бўлган янги турар жойлар қад кўтармоқда. Кенг ва равон кўчалар, замонавий ишлаб чиқариш тармоқлари олис ва яқин масканларга янги ҳаёт нафасини олиб кирмоқда.

Янги уй-жойга эга бўлиш истагидаги оилалар учун яратиб берилаётган бундай имтиёз ва имкониятлар замонавий уйларни субсидиялар асосида харид қилиш амалларида қўл келаётир.
Субсидиялар – даромади юқори бўлмаган шахсларга ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олишлари учун бошланғич бадал ёки кредит фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш мақсадида давлат бюджетидан қайтариб берилмайдиган маблағлардир.
Бошланғич бадал — бу бирламчи бозордаги янги қурилган уй-жойларни сотиб олиш учун ажратиладиган пуллар.
Президентимизнинг 2021 йил 11 мартдаги “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби жорий этилди. Эндиликда шаҳар ва қишлоқларда даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун давлат бюджетидан субсидиялар ажратилади. Фармонга асосан жорий йилда вилоятимизда 1 490 та субсидиялар тўланиши белгиланган. Унга кўра уй-жой олиш истагида бўлган фуқароларга бошланғич баҳосининг 10 фоизини давлат субсидия шаклида тўлаб беради, 5 фоизини фуқаро тўлайди.
1 декабрга қадар 2 040 нафар фуқаро субсидия ажратилиши бўйича ижобий хабарномалар олган. Хабарномалар берилган вақтдан бошлаб 12 ой давомида амал қилиши белгиланган. Бугунги кунда қурилиш ташкилотлари билан тузилган олди-сотди шартномалар ҳамда тижорат банкларининг субсидия маблағларини ажратиш бўйича тақдим этган талабномалари билан 750 нафар фуқарога субсидия маблағлари тўлаб берилган.
Мазкур маблағлар фақатгина уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшлар ва шу тоифадаги бошқа Ўзбекистон фуқароларига ажратилади. Субсидия олиш учун фуқаро 18 ёшга тўлган бўлиши керак. Фуқаро меҳнат мигранти бўлса, унинг номидан оила аъзолари ҳам ариза беришлари мумкин.
Ҳозирда субсидиялар ажратишнинг мақсадли параметрларига асосан вилоят бўйича 740 та субсидияларга қолдиқ квота мавжуд. Шунингдек, субсидия маблағларини ажратиш бўйича ижобий хабарномаларга эга 1 290 нафар фуқаролар турли сабабларга кўра ушбу хабарномалардан фойдаланмасдан турибди.
Жойларда ижобий хабарномалардан фойдаланмаётган фуқаролар билан суҳбатлашиб, ипотека кредити асосида уй-жой сотиб олишда афзалликлар, мавжуд муаммолар ўрганилиб уларни бартаф этиш чоралари кўрилди. Фуқароларнинг мавжуд муаммоларни бартараф этиш, уй-жой топишлари ҳамда ипотека кредити бўйича ҳужжатларни расмийлаштиришга кўмаклашиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Чорвачиликни ривожлантириш учун

Бегиланган тартибга кўра, хориждан олиб келинган наслдор, сермаҳсул майда ва йирик шохли чорва, парранда ва балиқчилик йўналишларида фаолият кўрсатувчи фермер хўжаликларига ҳам субсидиялар ажратилади. Шу кунга қадар бу мақсадлар учун 204 та наслчилик мақомига эга бўлган фермер хўжаликларига жами 4 млрд. 633 млн. сўм субсидия маблағлари тўлаб берилди.
Қува туманидаги “Салоҳиддин Имкони” фермер хўжалиги “Ҳисор” зотли наслдор қўйларни олиб келгани учун, ҳар бир бош қўйга 400 минг сўмдан субсидия олди. Бағдод туманидаги “Муниса ая” фермер хўжалиги томонидан олиб келинган 91 бош наслли сигирларнинг ҳар бир бошига 2 миллион сўмдан жами 182 млн. сўм субсидия маблағлари тўлаб берилди. Бундай имтиёзлардан паррандачилик, балиқчилик йўналишида истиқболли лойиҳалар таклиф этган ташаббус-корлар ҳам фойдаланмоқда.

Нодавлат таълим муассасаларига
субсидия берилади

Оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятини йўлга қўйиш учун ҳам давлат субсидиялари ажратилади.
Унга кўра, таълим муассасаси тегишли молия бўлимларига ҳар ойнинг 5-санасига қадар ўтган ойда таълим муассасасига ҳақиқатда қатнаган болалар сони тўғрисида маълумотни ҳамда таълим муассасасида болалар таъминоти учун ота-оналар (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар) томонидан тўланган тўлов ҳужжатларини илова қилган ҳолда субсидиялар олиш учун буюртманомани мактабгача таълим бўлимлари билан келишилган ҳолда тақдим этиши кўрсатиб ўтилган.
Барча шаҳар ва туманлардаги давлат- хусусий шерикчилик, нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг субсидия сўровномалари вилоят молия бош бошқармаси томонидан қабул қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига белгиланган муддатларда тақдим этиб борилмоқда.
Бувайда туманидаги “Ойдин болалик” давлат-хусусий шерикчилик асосида ишга туширилган нодавлат мактабгача таълим муассасаси ҳисоб рақамига 466 млн. 863 минг 250 сўм маблағ ўтказиб берилган. Бу ерда 200 нафар кичкиинтойлар тарбияланмоқда. Мактабгача таълим муассасаси мудир, методист, тарбиячи, дефектолог, психолог ва мусиқа раҳбари учун ойлик маош ва ҳар бир бола учун белгиланган микдорларда субсидиялар ажратиб келинмоқда.
Амалга оширилган ишлар натижасига кўра, ўтган ўн бир ой давомида 2116 та нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига давлат бюджетидан жами 113 млрд. 734,7 млн. сўм маблағлар ажратиб берилган.

Субсидиянинг турлари кўп

Бюджет ва бошқа жамғармалар ҳисобидан тўланиши белгиланган субсидия турлари олтмишдан ортиқ.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 майдаги “Фермер хўжаликларининг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган электр энергияси қийматини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан субсидиялар ажратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан фермер хўжаликлари истеъмол қилган электр энергияси қиймати давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилмоқда.
Жорий йил бошида пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослашган 728 та фермер хўжаликларининг 21 минг 433 гектар пахта ҳамда 27 минг 434 гектар ғалла майдонларини суғоришда фойдаланилган 1 178 та насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари орқали жами 51 815,3 минг кВт.соат электр энергия истеъмоли учун 23 млрд. 316,6 млн. сўм маблағ ажратилиши ҳисоб-китоб қилинган. Декабрь ҳолатига туманлар ишчи гуруҳлари томонидан тақдим этилган ҳисоб-китобларга кўра, фермер хўжаликлари томонидан пахта ва ғалла етиштиришга сарфланган 27 млн. 194,9 минг кВт.соат электр энергия учун 12 млрд. 237,7 млн. сўм маблағ давлат бюджетидан тўлаб берилди.

Ғанижон Солиев,
вилоят молия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари.

Ulashing: