Press "Enter" to skip to content

Публицистика

Last updated on 28.01.2022

БАРХАНЛАР ЎРНИДА – ТУТЗОРЛАР

Қияли қишлоғидан Шодақозиққа қараб кетган йўлнинг икки четида ёввойи гиёҳлар қоплаган қумтепалар. Чўлдаги об-ҳаво Қайроққум сув омбори ва Сирдарё амрида бўлади. Қуёш нурлари аёвсиз қизитган ҳавонинг юқорига, Қайроққум ва Сирдарё сувлари совитган оғир ҳавонинг эса пастга қараб ҳаракат қилиши натижаси ўлароқ тез-тез шамол эсади. У ўзи билан сув омбори ва азим дарё қирғоқларидан майда қум ва чегаранинг нариги томонидаги кондан туз кукунини “супуриб” келиб, Шодақозиқда барханларни юзага келтиради.

Яқинда ҳам Тожикистоннинг теварак атрофи шўр босганлиги боис сирли тақир тоғлари кўзга яққол ташланадиган дашт ерларда “қуш учса қаноти, одам юрса оёғи” куярди. Бугун эса бу ерда беш-олтита ҳовли-жойдан иборат Шодақозиқ қишлоқчаси вужудга келган. Туман халқ депутатлари Кенгаши котибияти раҳбари Муаттархон Сулаймонова унга қараб: “Бу ерда яшаш жасорат билан баробар”, дейди.
Баланд қум уюмларидан иборат чўл зонасини ўзлаштириш ҳам жасорат. Бу вазифанинг уддасидан “Бешариқ ипаги” МЧЖ шаклидаги кластер атрофига уюшган қишлоқ хўжалиги корхоналари ходимлари чиқишди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳа баҳона ҳашар эълон қилиниб, кластерга ажратилган 100 гектар майдоннинг ўзлаштирилган 80 гектарига тут қаламчалари экилди. Шамол таъсирида юзага келадиган тупроқ эрозиясининг олдини олиш ва кўчатларни сақлаб қолиш мақсадида эса иҳота учун манзарали дарахтлар ҳам ўтқазилди. Қўриқ ерни ўзлаштириш осон кечмайди – ерни текислаш, унумсиз қум қатламини олиб ташлаш, маҳаллий ўғит солиш, бошқа юмушларни адо этиш керак. Бир ёқадан бош чиқариб, ҳаракат қилинмаса бўлмайди. Корхоналарнинг бири ёнилғидан ёрдам берган бўлса, иккинчиси кўчатдан, учинчиси – ўғитдан… Хусусан, Омонжон Қурбонов раҳбар бўлган “Собиртепа” ММТП техника билан кўмаклашди. Дарахт экишда эса қишлоқ хўжалиги ходимларига қияликлилар елкадош бўлишди. Аҳиллик билан қилинган меҳнат – меҳнат ҳам эмас, роҳат.
— Шодақозиқ массивида пиллачилик кластерига берилган ерда 1 миллион туп тут кўчати экмоқчимиз, — дейди туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Тўлқинжон Юлдашев. – Ярмини экиб бўлдик. Қолганини баҳорда ўтқазамиз. Янги тут плантациялари пиллачиликни янада ривожлантириш, қолаверса, кам деганда 200 та иш ўрни яратиш имконини беради. Умуман олганда, туманимиз бўйича 1200 гектар ҳайдалмайдиган, лекин ўзлаштириб, экин майдонларига айлантириш мумкин бўлган ерлар бор.
Дарахт экиш билан кифояланиб бўлмайди. Уни кўкартириш учун эса сув керак. Илгари йили Адирободнинг тошлоқ ерларида ўнлаб-юзлаб гектар майдонга мева кўчатлари экилган эди. Афсуски, юқорида жойлашган боғларга сув етиб бормай, кўчатлар илдиз олмади, ёзга бориб эса қуриб қолди. Бу аччиқ тажриба бешариқликларга яхши сабоқ бўлди. Ва ниятга етишиш учун Шодақозиқда ишни бешта тик қудуқ бурғилашдан бошлашди. Чуқурлиги 50 метр бўлган ер қаъридан чиқарилаётган сув чўлга ҳаёт бахш этмоқда. Мана, тут қаламчалари экилган майдонлардан бирида кузги дон майсалари ийманибгина бош чиқариб турибди. Келгусида тутзор қаторларида оралиқ экинлар, хусусан, дуккаклилар, макка ёки сабзавот экинлари ўстирилади.
“Нега энди тутзорларни Бешариқнинг энг чекка, ҳаёт ва об-ҳавога боғлиқ тармоқ — деҳқончилик учун номақбул жойида яратишга қарор қилинди?” деган саволнинг туғилиши табиий.
Бурундан пахта даласи тўрт томондан тут билан ўралган. Лекин бугун бу дарахтлар баъзи далаларнигина “ҳошиялаб” турибди. Бунинг ҳайрон қоладиган жойи йўқ: асосан пахта ва дон етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликларининг тут билан иши бўлмай қолган. Бундан фойдаланган маҳаллий аҳоли дарахтларни уйни иситиш учун кесиб ташлаган. Шу ўринда бир тадқиқотчининг: “Таҳлил ўсимликларни ҳимоя қилиш масалаларида жиддий камчиликлар мавжудлигини кўрсатмоқда”, деган хулосасини келтириш айни муддао. Нима бўлганда ҳам бугун мавжуд тутзорлардан олинадиган озуқа пиллачиликни ривожлантириш учун етарли эмас. Аёнки, бу тармоқ мустаҳкам озуқа базасисиз тараққиётга юз тутмайди. Айни пайтда аҳолининг муттасил ўсиб бораётганлиги, жаҳон бозорида табиий шойи матоларга талабнинг юқорилиги уни янада ривожлантиришни тақозо этмоқда.
— Қишлоқ хўжалиги экинларидан химикатларсиз яхши ҳосил олиб бўлмайди, — дейди “Бешариқ агропилла” МЧЖ раҳбари Аҳмаджон Даминов. – Масалан, ғўза зараркунандаларига қарши ишлов берилмаса, ҳосилнинг катта қисмидан ажралиб қолиш мумкин. Пахта далаларида ўсаётган тут дарахтлари баргини ишлатиш эса хавфли. Бизда ипак қуртининг дори билан ишланган баргни еб, нобуд бўлган ҳолатлари рўй берган. Шунинг учун тутзорларни айнан Шодақозиқда яратиш тўғрисидаги фикр – оқилона, деб ҳисоблайман.
— Японияда йилда тўрт марта пилла ҳосили олинади. Бизда эса бир марта…
— Японлар табиий тут барги билан бирга сунъий озуқа ҳам ишлатишади, — дейди Аҳмаджон Даминов. – Лекин фақат табиий озуқа ҳисобига икки марта ҳосил олаётган пиллакорларимиз ҳам бор.
60-70-йилларда аёлларимиз асосан экспортга йўналтирилгани боис бизда танқис бўлган атлас қатори бошқа шойи матолар – шифон, крепдешин, крепжоржет, файдешиндан тикилган ёзги либосларни суйиб кийишган. Замонавий қизлар эса бу номларни эшитмаган бўлишса ажабмас. Бир вақтлар бу газламалар Марғилондаги собиқ шойи комбинатида ишлаб чиқариларди. Бугун бу корхона ўрнида – буюм бозори ишлаб турибди. Корхона сақлаб қолинганида, хорижга пилла хом- ашёси билан бир қаторда кўпроқ даромад келтирадиган газламани ҳам етказиб бериш имкони бўларди. Муҳими, иш ўринлари сақлаб қолинарди.
Дарҳақиқат, янги иш ўринлари Шодақозиқда “Бешариқ ипаги” кластери томонидан қурилажак пиллахоналарда ҳам яратилади. Пиллахоналарда стеллажлар ўрнатилиб, уларнинг ҳар қаторида 8-10 та қутидан ипак қурти уруғи парваришланади. Мақбул шароитлар, янги ва экологик жиҳатдан тоза озуқа ипак қуртининг нобуд бўлишига йўл қўймай, пиллакорларга яхши ҳосил олишга имкон беради.
Барханли чўл ерларни ўзлаштириш жасорат билан баробар. Қумтепаларда экин етиштириб, ҳосил олиш эса ундан-да мушкул. Ёзи иссиқ, қиши совуқ, тупроқни емирадиган шамол тез-тез эсиб турадиган бу даштда кўчатларни кўкартириб олиш учун тинмай курашишга тўғри келади. Ҳарқалай, кўчатлар илдиз олиб, иҳотазорлар бўй чўзгунга қадар. Кези келганда чўлқуварларнинг ирода кучи ҳар қандай қийинчиликни енгишга қодир эканлигини қайд этиш ўринли.

Тамара ТОШМАТОВА.
Элёр ОЛИМОВ олган суратлар.

Ulashing: