Press "Enter" to skip to content

Фарғонада Япония таълим мажмуаси

Last updated on 28.01.2022

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Япониянинг “Yamanashi Gakuin” таълим корпорацияси бошқаруви вакиллари Даижи Ямада ва Самуел Танни қабул қилди.

Учрашувда вилоятимизда таълим сифатини ошириш, Япония тажрибасини татбиқ қилиш масалалари, ҳамкорликда таълим лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида тақдим этган Мурожаатномасида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров таълим соҳасидаги илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш борасида алоҳида тўхталиб, болаларни кичиклигидан меҳнатга, ўзаро ҳурматга, интизомга, одоб-ахлоққа ўргатишга асосланган япон таълим тизими бунда устувор йўналиш эканини қайд этганди.
Япониянинг Яманаси шаҳрида жойлашган “Yamanashi Gakuin” таълим мажмуаси анъанавий япон маданияти ва қадриятларига асосланган, замонавий мактабгача таълим муассасаси, ўрта мактаб, коллеж ва университетдан иборат бўлиб, эътиборли жиҳати ушбу таълим муассасалари битта яхлит кичик шаҳарчадан иборат. Болалар боғча ёшиданоқ мактаб ва университет муҳитини ҳис этиб боришади, катта ёшдагилар билан мулоқот қилиш ҳамда фикр алмашиниш имкониятига эга бўлишади. Каттага ҳурмат, кичикка иззат каби қадриятлар сингиб боради, болаларнинг ижтимоийлашуви осон кечади.
Ушбу компания муассислигидаги Сингапурнинг Alpha DX компанияси томонидан реал ва виртуал таълим комбинациясидан иборат инновацион ўқув методикаси ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу рақамли ўқув платформасини Тошкент ва Андижон шаҳарларидаги олий таълим муассасаларига татбиқ этиш ҳамда Ўзбекистонда Asnaro университетини ташкил этиш бўйича яқинда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Alpha DX ўртасида бу борада англашув меморандуми имзоланганди.
Бугунги учрашувда Фарғона шаҳрида Япон таълим тизимига асосланган мактабгача таълим муассасаси ва умумтаълим мактаби ташкил этиш, мамлакатимизда режалаштираётган Asnaro университетини ҳам ушбу таълим мажмуасига жойлаштириш лойиҳаси муҳокама қилинди.
Японияликлар мактабгача таълим муассасаси ва умумтаълим мактаби лойиҳаси учун 10 миллион долларгача инвестиция киритишга тайёр эканликларини билдириб, бу лойиҳани маҳаллий ҳокимият билан давлат-хусусий шериклик тамойили асосида ёки вилоят тадбиркорлари билан ҳамкорликда амалга ошириш таклифини илгари сурдилар.
Вилоят ҳокими ушбу лойиҳа ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини таъкидлаб, японияликлар таклифини вилоят тадбиркорлари билан муҳокама қилиш ҳамда хусусий бизнеснинг иштироки имкониятларини ўрганиш, натижадан келиб чиққан ҳолда давлат-хусусий шериклик тамойили асосида лойиҳани амалга ошириш масаласи кўриб чиқилишини маълум қилди.
Томонлар янги таълим мажмуасини Фарғона шаҳрида барпо этилаётган Экошаҳар ҳудудида жойлаштириш борасида ўзаро ҳамфикр бўлдилар.
Яқин кунларда ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича келишув шартномаси имзоланади.

Ulashing: