Press "Enter" to skip to content

Ҳеч ким жиноятчи бўлиб туғилмайди!

Last updated on 28.01.2022

Маълумотларга кўра, жорий йилда вилоя-тимиз ҳудудида 13 мингдан ортиқ турли хилдаги жиноят қайд қилинган бўлиб, 25 фоизи ёшлар томонидан содир этилганлиги, бу жиноятларда ёш хотин-қизлар, ишламайдиган ва ўқимайдиган ёшлар улуши салмоқли экани кишини ўйга толдиради.

Хўш, жиноятчиликнинг ортиши, криминоген ҳудудлар пайдо бўлаётгани, ёшлар жиноят кўчасига кириб қолаётгани сабаблари нимада? Қандай қилиб бу нохуш вазиятнинг олдини олиш мумкин?
Ҳар бир маҳаллада ўша ҳудуднинг обрўли, гапи ўтадиган нуронийси, саркори бўлади. Жиноятларни камайтиришда шулардан фойдаланиш керак. Тўй-маъракаларда, издиҳомларда ҳалол-ҳаром, яхши-ёмон ҳақида ёшларга кўпроқ насиҳат қилиш катта самара беради. Ҳаётий тажриба камлиги, оқ-қорани ажрата олмаслик уларнинг баъзан жиноят кўчасига кириб қолишига сабаб бўлади.
Дангасалик, бекорчилик – ҳамма иллатларнинг онаси. Ёшлигидан меҳнатсевар, ҳалол пул топишга ўрганган одам жиноятдан йироқ бўлади. Шунинг учун фарзандларимиз бирор касб ё ҳунар эгаллашига эътибор қаратишимиз шарт. Бугунги кунда вилоятимизда улкан бунёдкорлик, қурилиш ишлари олиб борилмоқда, қўлида ҳунари борлар мазкур объектларда ҳалол меҳнат қилиб, рўзғор тебратишмоқда. Бундан ташқари, “Ишга марҳамат” мономарказлари, шаҳар-туманлардаги бандликка кўмаклашиш марказларида ишсизлар қўшимча касбларга бепул ўқитилмоқда.
– Ҳар бир жиноят ортида инсон ҳаёти, тақдири мужассам. Шунинг учун жиноятчини жазолаш эмас, унинг олдини олиш, профилактик тадбирларни мунтазам ўтказишга катта эътибор қаратилади. Тизимда хизмат қилаётган ходимларимиз томонидан шу йилнинг ўзида юзлаб жиноятлар амалга ошмасдан аввал аниқланди, тегишли чора-тадбирлар кўрилди, – дейди Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати бошлиғи, катта лейтенант Исмоилжон Шарипов. – Кейинги пайтда содир этилаётган жиноятларнинг кўп қисмини фирибгарлик жинояти ташкил этмоқда. Эътибор бериб қаралса, фирибгарлик жиноятлари содир этилишида айрим юртдошларимизнинг ишонувчанлиги, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунмаслиги, бир сўз билан айтганда, ҳуқуқий билимининг етарли эмаслиги асосий сабаб бўляпти. Одатда фирибгарлар юқоридаги каби фуқаролар билан автомашина, уй-жой олиб бериш, ишга киритиб қўйиш каби жараёнларда оғзаки келишиб, алдаб, уларнинг моддий қимматликларини осонгина қўлга киритишмоқда.
Яна бир гап, аксарият ота-оналар фарзандлари тарбиясига панжа орасида қараб, мактаб, таълим муассасаси жавобгар деган янглиш фикрда юрадилар. Аслида, ўғил-қизларимиз қаерда, ким билан, нима иш қиляпти, нимага қизиқади – ҳаммасини биринчи навбатда биз – ота-оналар назоратга олишимиз шарт эмасми?
– Халқимизда “Бир болага етти маҳалла ота-она” деган мақол бор. Бунинг замирида жуда катта мазмун, масъулият ётади. Аҳиллик, бир-бирини тергаш, ҳақ сўзни юзига айта олиш одатга айланган маҳаллада жиноят илдизи қурийди. Авлод-аждодлари олдидаги ҳурмат, бурчни ҳис қилиш, улар шанига доғ туширмаслик учун ҳаракат қилиш ҳам турли ножўя ҳаракатларнинг олдини олади, – дейди Фарғона шаҳар “1-Бешбола” МФЙ раиси Баҳодиржон Усмонов. – Фикримча, ҳеч бир инсон онадан жиноятчи бўлиб туғилмайди. Маънавий ва моддий етишмовчиликлар бунга сабаб бўлади. Ана шу кемтикни жамоатчилик билан биргаликда ҳал этиш йўлларини ахтариш керак. Маҳалла раиси сифатида ҳар бир шикоят илдизига етиб боришга ҳаракат қиламан, фуқаро билан юзма-юз гаплашиб, муаммони ҳал этаман. Оқсоқоллар, кекса-нуронийларни ҳам жалб этамиз. Шукрки, ҳозиргача маҳалламизда бирорта ҳам жиноят содир этилмади.
Бугун юртимизда ҳукм сураётган тинч-лик ва осойишталикни қадрлаб, унинг бардавом бўлишига ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиз. Жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқаролар ҳуқуқий маданиятини ошириш, ёшларни турли иллатлар гирдобига тушиб қолишидан асрашда барча бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз зарур. Бу борада маҳалла раисларидан тортиб, ички ишлар ходимлари, имом-хатиблар ва отинойилар, ўқитувчи-зиёлиларгача, умуман, барчамиз масъул эканлигимизни унутмасак, бас.

Ҳаётжон Бойбобоев.

Ulashing: