Last updated on 28.01.2022
Учкўприк туманида журналист ва блогерлар учун
пресс-тур ташкил этилди.
Иштирокчилар дастлаб, “Бобошбек” маҳалла фуқаролар йиғинида қурилиши бошланган енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, логистика ва савдо, ип йигирув-тикув комплекси қурилиши билан танишишди. Комплексда 2 та логистика маркази, 212 та ишлаб чиқариш цехи, 336 та савдо дўкони, 560 та кичик савдо расталари ўрин олиб, 7 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади.
Айни кунда 53 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 1856 та хонадонда трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Уларда 9 минг нафардан зиёд хотин-қизлар меҳнат қиляпти.
“Пучуқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида тадбиркор Баҳромжон Абдуллаев ўз хонадонида оилавий тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, болалар ва аёллар учун трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқармоқда. 40 нафар хотин- қизларни доимий иш билан таъминлаган оилавий корхонада 10 турдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ички бозорларга чиқарилмоқда.
– Дастлаб 5 та тикув машинаси билан иш бошлаган эдик, ҳозирда улар ўттиздан ошди,— дейди тадбиркор. — Уйимизга яқин бўлган ҳудудда замонавий савдо ва ишлаб чиқариш комп-лекси қурилаётгани бу борадаги ишлар салмоғини ошириш, сифатини яхшилаш имкониятини беради. Бундан ташқари, “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида тўқув корхонаси ташкил қилганмиз. Энди шу матоларга ранг бериш цехи фаолиятини йўлга қўйишни кўзлаб турибмиз. Шу мақсадда “Бобошбек” савдо ва ишлаб чиқариш мажмуасида ишлаб чиқариш цехи ташкил этишни мақсад қилганмиз. Бу хомашёдан тайёр маҳсулотгача бўлган ишлаб чиқариш жараёнини қамраб олиш, қўшимча иш ўринлари яратиш имкониятини беради.
Туман марказида қуриб битказилган Ҳунармандлар маркази юзлаб ёшларни ўз бағрига олди. Марказда лидер тадбиркор “Golden leaf charm” МЧЖ ташаббуси билан ҳунамандчилик мактаби фаолияти йўлга қўйилган. Ҳозирда 200 дан ортиқ тикув машинасида 70 турдан ортиқ мактаб, спорт ва хўжалик сумкалари ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотларнинг бир қисми хорижга экспорт қилинмоқда. Бундан ташқари, атлас, адрас ва ипак гиламлари йўналишида устахоналар фаолияти йўлга қўйилиб ўндан ортиқ ёшлар ҳунар сир-асрорларини ўрганишмоқда.
– Бу ерда “Уста-шогирд” анъанаси асосида ёшлар ҳунар ўрганишмоқда, — дейди Учкўприк тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази раҳбари Дилшодбек Далиев. – Ҳар бир уста 10 нафардан шогирд олиб, унга ипак мато тўқиш йўналишида ҳунар ўргатади. Ҳунар ўрганаётган ишсиз ёшларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баробари миқдорида стипендия тўлаб борилади.
Пресс-тур иштирокчилари “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида ишга туширилган лойиҳалар билан танишди. Хусусан, “Great Kokand” корхонасида ўрама мато ва сочиқ, “Velomax” МЧЖда велосипед ва етти турдаги электр скутерлар ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишишди.
“Меҳригиё” корхонасига сафар ҳам ўзига хос таассуротларларга бой бўлди. Айни кунда корхонанинг саломатлик боғида тропик ва субтропик мамлакатлардан келтирилган ўсимликларни парваришлаш, ҳосил етиштириш йўлга қўйилган. Иссиқхонада баравж ривожланаётган папая дарахти кўпчиликда қизиқиш уйғотади. Дарахт меваси қайта ишланиб, чой, сироп шаклида халқ табобати йўлида истеъмолчиларга етказиб бериляпти. Шунингдек, банан парваришлаш, қаҳва, чой ўсимликларини етиштириш йўлга қўйилган.
Расулжон Камолов.