МАСЪУЛИЯТНИ ЁДГА СОЛИБ ТУРАДИ

Бу дунёда чумолининг ҳам уйи бузилмасин. Эрим билан ажрашганимга ўн саккиз йил бўлди. Икки ёшли болам билан ота уйимга қайтиб, фарзандимга ҳам ота, ҳам она бўлдим. Ҳозир ўғлим йигирмага кирди, қанотимга кириб қолди. Лекин муқим уйимиз, алоҳида яшаш жойимиз йўқ.

Мақолада айтилганидек, агар янги оила қураётган ёшлар никоҳ шартномасини имзолашса, биринчи навбатда, фарзандларининг келажаги кафолатланган бўлади. Ахир, шартнома ҳаётда рўй берадиган турли муаммолар, кўзда тутилмаган кўнгилсизликларда асқотадиган муҳим ҳужжатку! Турмушга чиқаётган пайтимда никоҳ шартномаси тузиб, имзоламаганим учун ҳамон афсусдаман. Агар ўшанда бунга эътиборли бўлганимда ҳозиргидек сарсон бўлмасдим.
Фикримча, янги ҳаёт остонасида турган йигит-қизларимиз никоҳ шартномасига эътибор билан қарашлари, мутасаддилар ҳам уларга тушунтириб, тарғиб қилишлари керак.
Ҳамма ҳам бахтли, фаровон ҳаёт кечиришни истайди. Никоҳ шартномаси эса ана шу бахтнинг тўкис бўлишида, ота-оналик бурчини сидқидилдан адо этишда воситачи бўла олади. Бўлар-бўлмас баҳоналар билан ажримлар юзага келишининг олдини олишда ҳам бу ҳужжатнинг ўрни беқиёс.

Турсуной ФАЙЗУЛЛАЕВА,
Фарғона шаҳар, “Бешбола” МФЙ.