Биз ҳақимиздаги КИТОБ

8 декабрь яқинлашгани сари оммавий ахборот воситаларида турли лавҳалар, суҳбатлар, мақолалар “пайдо бўла бошлайди”. Кўплар уни сиёсий-ҳуқуқий китобча деб тушуниши ҳам бор гап. У худди оддий одамлар учун жуда узоооқдек. Аслида-чи?..

Конституция оддийгина кундалик ҳаётимиз, яшашимиз, ишлашимиз, бахтимизнинг қонунда ифодаланиши, холос. Боғчада тантанали ўтган байрамнинг моҳиятини яхши тушунмаган қизим қизиқиб сўрайди:
— Конституция нима ўзи, ойи?
Мен кўзларимнинг оқ-у қорасига, Конституция сен билан мен ҳақимизда ёзилган китоб, деб тушунтираман. Китобни очиб, моддалар орқали фикримни изоҳлашга уринаман:
— “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар”. Қара, сени оқ ювиб-оқ тараб катта қилишим Конституция китобида ёзиб қўйилган. Ҳозирда мен бу бурчимни бажаряпман.
У кулади… Китобни қўлимдан олиб қучоқлайди.
— Бу китоб болаларга сиздек меҳрибон экан-а!!!
— Ҳа, қизалоғим, бу бахтинг ҳақидаги китоб.
Унинг сўзларимни уқиб боқишларидан илҳомланиб, кейинги моддани ўқийман.
— “Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар”. Қара, сен ҳам катта қиз бўлганингда бизларга меҳрли бўлиб, касал бўлганимизда ҳол-аҳвол сўраб келишинг ҳақида ҳам ёзилган бу китобда.
У кўзларида маржон-маржон ёш билан бағримга отилади.
— Ойи, касал бўмийсиз-а, мен ўзим сизга ғамхўрлик қиламан.
Унинг Конституцияни ўз олами билан кашф этганидан, қалбида бош қомусимизга нисбатан меҳр уйғонганидан қувонаман.
Ҳақиқатан, ҳеч қайси давлат қомусида бундай миллий қадриятлар, маънавий эҳтиёжлар, ИНСОНПАРВАР ғоялар бу қадар таъсирли ифода этилмаган бўлса керак.
Энди фарзандим улғайгани сари Конституция ўзи ҳақидаги китоб эканлигини ҳаётининг ҳар бир босқичида англаб боради.

Гўзал Охунова.