СЎЗ ЭРКИНЛИГИ КАФОЛАТИ

Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир.
29-модда.

Инсоннинг фикри ва сўзига чеклов, тақиқ қўйиш уни инсонликдан маҳрум этиш билан баробар. Айрим кучлар томонидан бундай чекловларнинг қўйилиши натижасида бош қомусимиз – Конституциямизда фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги қатъий, ўзгармас қилиб ҳимояга олинди. Инсонларнинг бири иккинчиси устидан ҳукмронлигининг олдини олиш, инсон қадр-қиммати, эҳтиёжи ва истакларини қондириш учун ҳам барчага бирдек – амали, мансаби, ирқи, жинсидан қатъи назар таъсир кўрсата олувчи ҳужжатнинг борлиги мамлакат фуқаролари учун энг қувончли ҳодиса, аслида.
Биргина фикрлаш ва уни сўз орқали ифодалаш эҳтиёжи атрофидаги ҳуқуқ ва имкониятлар, мисоллар ва ўйлар Конституция-нинг ҳаётбахш қонун эканини тасдиқлайди. Сўз эрки ҳар бир инсоннинг чегаралаб, айириб бўлмас ҳуқуқи экан, энди Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 29-модда қийматининг сўз аҳли – ёзувчи, шоир, журналистлар учун икки карра баландлигини тасаввур қилинг.
Конституцияга асосан судлар ўз фаолиятида мустақил, лекин уларнинг чинакам назоратчиси халқ бўлиши керак, деб белгиланган. Халқнинг назоратчилик функциясини кучайтириш, қонунийликни қарор топтириш оммавий ахборот воситалари зиммасига тушиши, шубҳасиз.
Бугунги кунда халқимиз орасида юриб, уни қийнаётган ижтимоий муаммоларни кўрсатиб бераётган энг катта куч – бу мустақил ва холис оммавий ахборот воситалари вакилларидир.
Сўнгги беш йилда сўз эркинлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар жамиятимиз ҳаётида туб бурилиш ясади. Демократик ислоҳотларимиз натижасида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар мансабдор шахсларни ўз ишини қонуний асосда тўғри ташкил этишга ундамоқда.
Шу сабабли ҳам давлат органлари фаолияти тўғрисидаги маълумотларни жамоатчиликка тўлиқ ва тезкор етказиш мақсадида уларнинг ҳар бирида матбуот хизмати иш бошлади.
Инсон танасидаги бир аъзонинг касалланиши бошқа аъзоларга ҳам таъсир этганидек, жамиятдаги ижтимоий касалликларнинг олдини олиш, уларни бартараф этишда бир бўғин ортда қолар экан, бевосита бу бутун бошли жамият тақдирига таъсир этиши аниқ. Инчунун, суд-ҳуқуқ, таълим, соғлиқни сақлаш каби барча соҳаларнинг ривожи унга кўзгу тутадиган оммавий ахборот воситаларининг қудрати, сўз ва фикр кучига боғлиқ.
Шу муносабат билан жамоатчилик назорати ҳам, оммавий ахборот воситалари ҳам ягона бир мақсадга, яъни халқимизни рози қилиш ва унинг турмушини яхшилашга қаратилганини ҳаммамиз бирдек англашимиз лозимлигини давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев бот-бот таъкидламоқда:
“Ҳар бир давлат органи ижтимоий тармоқларда ўз саҳифасига эга бўлиши, амалга ошираётган ишлари ҳақида, керак бўлса, ҳар куни батафсил маълумот бериб бориши шарт.
Яна бир марта такрорлайман, Ўзбекистонда жамоатчилик назорати ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг қонуний ҳақ-ҳуқуқларига ҳеч қандай шаклда тазйиқ ўтказишга йўл қўйилмайди”.
Мамлакат фуқаролари учун бирдек ҳуқуқ ва имконият, тенглик ва адолат тимсоли бўлган – Конституциямиз барҳаёт бўлсин!

Севара АЛИЖОНОВА.