Муҳаррир минбари

Муҳаррир минбари

“ФАРҒОНА ТАЖРИБАСИ” КИМГА ЁҚМАДИ?

Дунё алломалари энг оғир, энг хавфли касал нима эканини муҳокама қилишибди. Биров саратон дебди, яна биров қанд касаллиги дебди. Шунда баҳсни кузатиб турган бир донишманд саратонни тўхтатиб турса бўлади, қандни меъёрлаштириш мумкин, аммо ҳасад деган касал борки, у эгасини ич-ичидан еб тугатгунча йўқолмайди, деган экан.

Бугунги Ўзбекистон беш йил аввалги Ўзбекистон эмас. Иқтисодий, сиёсий ислоҳотлар қатори юртимизда сўз эркинлиги деган неъмат деймизми, демократик тамо-йил деймизми, мустаҳкамланди. Барча ўз фикрини очиқ-ойдин, эмин-эркин билдиряпти. Шунингдек, хорижий оммавий ахборот воситалари ҳам, чет эллардаги ўзини аввалги раҳбариятнинг жабрдийдаси деб даъво қилаётганлар ҳам.
Бугун ахборот қозонидан ҳамма нарсани топасиз: халқ, Ватан манфаати йўлидаги холис таҳлил, таклиф, тавсиялар кўпайган. Бу қувончли ҳол. Аммо… фисқу фасод, туҳмат, халқни чалғитишга қаратилган муаллифи яширин ҳасад ҳиди сасиган гаплар ҳам йўқ эмас.
Биласиз, Фарғона тажриба ва ташаббуслар вилоятига айланди. Биргина мисол. Вилоят аҳолиси кун сайин кўпайяпти. Демакки, уй-жойга эҳтиёж ҳам ошмоқда.
Айни чоқда турли лойиҳа, имтиёзлар асосида ҳар бир шаҳар-туманда ўнлаб янги, кўп қаватли бинолар қуриляпти. Шу йилнинг ўзида, масалан биргина Бағдод туманида Гулистон шаҳарчаси бунёд этилиб, 61 та кўп қаватли, барча шароитлар яратилган уйлар қурилди ва унда 1260 та оила яшамоқда. Жуда гўзал, шинам кўчалар, 420 ўринли мактаб, 120 болага мўлжалланган мактабгача таълим ташкилоти, 50 бемор қатнови учун оилавий поликлиника, 400 ўринли маданият саройи, спорт майдончалари… ҳаммаси мутлақо янгича, энг қулай мезонларда тикланди. Одамлар-чи? Ким би-лан суҳбатлашманг, қувончини яшира олмайди, замонамиз, давлатимизнинг халқпарвар сиёсатидан мамнун.
– Қишлоқда бир ҳовлида овсиним билан яшар эдик, – дейди Дилшода Эрматова. – Ҳар иккимизда уч нафардан фарзандимиз бор. Қайнона-қайноталаримиз бирга бўлишган. Шунда даштда уй-жойлар қурилаётганидан хабар топдик. Аризамиз қаноатлантирилди. Оилам билан мана шу қулай, чиройли уйда яшаяпмиз. Ҳеч қандай муаммо йўқ. Иссиқ, газимиз бор. Уйлар жуда сифатли қурилган.
Сиз бу гаплардан хабаримиз бор, Бағдоддаги ишлар бутун мамлакатга “Фарғона тажрибаси” деб намуна қилинганку, дея шошманг.
Сиз ҳақсиз. Дарҳақиқат, шун-дай. Бағдоддаги инсон манфаати устуворлигини кўз-кўз қилувчи бу тажрибани мамлакатимизнинг барча вилоятларидан келиб кў-риб, ўрганиб кетишяпти. Айниқса, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бағдоддаги янги шаҳарчага келиб, ислоҳотларнинг натижаси билан шахсан танишгани, аҳоли билан учрашув ва суҳбатда уларнинг ҳаётдан рози эканини кўргани ва эшитгани қўштирноқ ичидаги баъзи бировларга ёқмаган кўринади.
Улар аноним, яъни муаллифи, манзили, манбаси йўқ гаплар билан ислоҳот натижаларига шубҳа уйғотмоқчи бўладилар. Ҳеч жойдан ўян тополмагач, энди олти ой давомида шунча уй-жойни сифатли қилиб бўларканми, дейдилар.
Э, биродар, Бағдодда “Фарғона тажрибаси” яратилди. Бу келгусида шундай шаҳарчалар бошқа вилоят, туманларда ҳам қурилиши учун намуна эди. Қурилиш си-фати барча муҳандислик талаб-ларига мослигига мутахассислар кафолат берган.
– Шуни масъулиятни зиммамга олган ҳолда айтаманки, барча уйлар хандақ қазиш, пойдевор қуйиш, ғишт териш, пардозлаш ишларигача тўлиқ қурилиш меъёрлари асосида қурилган. Бунинг учун Фарғона вилоят қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясининг 22 нафар мутахассислари жараённи босқичма-босқич назорат қилиб борганлар ва уйлар сифати талаблар даражасида қурилган дея оламиз, – дейди мазкур инспекция раҳбари Саиджон Зокиров.
Ит ҳурар, карвон ўтар, деган мақолни биз ўйлаб топмаганмиз. Тарих гувоҳ. Ҳатто Навоий ҳазратлари ўз даромадларидан кўприк, хайрия емакхонаси, мадрасалар, мен уларни Ҳиротда бўлганимда кўрганман, қурдирганларида, Султон Ҳусайн билан ўрталарига нифоқ солиш ниятида Навоийнинг сармоялари манбасига шубҳа қилганлар бўлган.
Ҳозир ҳам ҳасад балосига чалинганлар бизни хўп ва кўп кузатиб туришибди. Ким, қачон, қаерда хато қиларкин, дегувчилар хориждаги аламзадалар орасида ҳам, афсуски, бир ҳаводан нафас олаётган, яъни орамизда ҳам учрайди.
Бағдодда қисқа вақт ичида бунёд этилган шаҳарча аслида “Янги Ўзбекистон”нинг куч-қудрати, иқтисодий салоҳияти, халқпарвар, инсон қадри улуғланган сиёсатининг инъикосидир. Айнан шунинг учун ҳам бундай шаҳарчалар бутун мамлакатнинг барча шаҳар ва туманларида қуриляпти.
Ўзбекистонга, Бағдодга келмай, “Фарғона тажрибаси”нинг ўз кўзи билан кўрмай ҳасад тахминларига ботганлар, тингланг, Бағдод тумани ҳокими Восилжон Назаровнинг бу таклифи сиз учун.
– Гулистон шаҳарчаси қисқа муддатда қурилгани бу барчанинг ҳамжиҳатликда ишлагани сабабидир. Мен уйларимизга ҳавас билан қараётганларни ҳам, унинг сифатидан шубҳаланаётганларни ҳам Бағдодга, Гулистон шаҳарча-сига келиб, ўз кўзлари билан кўриб кетишларига таклиф қиламан!