“Бобошбек” — бунақаси ҳали бўлмаган

“Бобошбек” —  бунақаси ҳали бўлмаган

Учкўприк туманида йирик савдо ва ишлаб чиқариш мажмуаси бунёд этилади. Бунинг учун туманнинг “Бобошбек” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан 15 гектар майдон ажратилди.

Аҳолига кенг ассортиментдаги озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо хизмати кўрсатадиган, замонавий технологик ишлаб чиқариш цехларидан иборат бундай катта ҳажмдаги мажмуа юртимизда илк бор барпо этилаётгани билан аҳамиятлидир. Бунёдкорлик ишларига вилоятнинг соҳада катта тажрибага эга қурилиш компаниялари жалб этилди.
“Бобошбек” савдо ва енгил саноат мажмуасида 2 та логистика маркази, 212 та ишлаб чиқариш цехи, 336 та савдо дўкони, 560 та кичик савдо растаси ташкил этилади. Бу ерда 7 минг 700 нафардан ортиқ фуқаролар доимий иш ўрнига эга бўладилар.
Мазкур лойиҳа олти ой ичида амалга оширилиши кўзда тутилган бўлиб, йирик ҳажмдаги савдо ва ишлаб чиқариш мажмуасининг фойдаланишга топширилиши “Бобошбек”, “Бекмурод”, “Зиғир”, “Палохон”, “Яккамулла” маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар, ўз хонадонларида тикувчилик, трикотаж буюмлари тайёрлаб келаётган аҳоли вакилларини бир жойга жамлайди, улар ишлаб чиқарадиган маҳсулотларнинг ички ва ташқи бозордаги савдоси учун қулайликлар яратилади.
Яқинда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров мажмуанинг биринчи ғиштини қўйиб берган эди. Шу кунларда кенг кўламли қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.
Рустам ОРИПОВ.