Press "Enter" to skip to content

Фарғонада «Адабиёт кунлари»

Last updated on 28.01.2022

“Адабиёт чин маъноси ила ўлган, сўнган, ўчган, ярадор кўнгилга руҳ бермак учун, фақат вужудимизга эмас, қонларимизга қадар сингишган қора балчиқларни тозалайдирғон, ўткур юрак кирларини ювадурғон тоза маърифат суви, хиралашган ойналаримизни ёруғ ва равшан қиладирғон, чанг ва тупроғлар тўлган кўзларимизни артуб тозалайдирғон булоқ суви бўлғонликдан бизга ғоят керакдир.

 

Энди, эй, қардошлар! Адабиёт ўқуйлик. Адиблар етишдирайлук, “адабиёт кечалари” ясайлук. Руҳ, ҳис, туйғу, фикр, онг ва ўй олайлук, билайлук”.
“Садои Туркистон” газетасининг 1914 йил 4 июнь сонида босилган Абдулҳамид Чўлпоннинг “Адабиёт надир?” мақоласидаги ўтли даъвати замонамиз зиёлилари, адабиёт ва илм аҳлига ҳануз йўлчи юлдуз бўлиб тургандек.
Турмушнинг қаттиқ муштларидан гўё тош қотаётган юрагимизни эритиш, фикр-ўйларимизга нурафшонлик киритиш ва энг муҳими, аҳли қаламни, инсонни эъзозлаш, қадрини ҳис эттириш, хотирлаш мақсадида 1-3 декабрь кунлари Фарғонада адабиёт байрами бўлиб ўтмоқда. Мазкур тадбир қишнинг илк кунларида бўлиб ўтишида ҳам ҳикмат бордек: адабиёт, сўз тафти гўё қиш изғирини билан мусобақага бел боғлагандек.
Биргина Фарғона замини адабиётга, миллатга неча-неча даҳоларни туҳфа этган. Замондош шоир-ёзувчиларнинг ўзи тарози палласини босиб кетади-я. Адабиётшунос олим Умарали Норматов таваллудига 90 йил, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудига 85 йил, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоир, драматург Сайдали Одилов таваллудига 80 йил тўлганлиги, Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджоннинг хотирасига эҳтиром кўрсатиш ҳамда риштонлик истеъдодли ёзувчи Исажон Султон “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” унвони билан тақдирлангани муносабати бўлиб ўтаётган тадбир бизга атрофимиздаги хазиналарни кўзимизга яққолроқ кўрсатиб қўйиши билан қимматли.
1 декабрь, соат 12:00. Қўқон шаҳар темир йўл вокзали карнай-сурнай садоларига тўлган, вокзал дарвозасининг икки четида қўлида Қўқон патир, ширинлигу гуллар тутганча нимтабассум билан саф тортган сарви қомат қизлар. Тошкент — Андижон йўналишидаги поезд Қўқонга бир сандиқ тилла – замонамиз даҳоларини ташлади-ю, пишқирганча манзилида давом этди.
Иброҳим Ғафуров, Аҳмаджон Мелибоев, Исажон Султон, Фарида Афрўз, Нодир Жонузоқ, Қозоқбой Йўлдошев, Маҳмуд Тоир, Салим Ашур, Мунаввара Усмонова сингари 45 чоғли Сўз аҳли бир сандиқ тилла бўлмай, нима ахир?!
Меҳмонларни Фарғона вилояти ҳамда Қўқон шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раиси бошчилигидаги вилоят илмий-адабий жамоатчилик вакиллари илиқ кутиб олиб, тадбирнинг асосий қисми – Фарғонамиз қаҳрамонлари билан бўлиб ўтадиган адабий-бадиий учрашув жойи – Қўқон шаҳар театрига йўл бошладилар.
Учрашувда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раҳбари Энахон Сиддиқова сўзга чиқиб, фарғоналик адабиёт дарғаларининг ижод ва ҳаёт йўллари ҳақида тўлқинланиб сўзладилар. Тадбирда Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров ҳақида ҳужжатли лавҳа, Исажон Султон қаламига мансуб “Навоий” романидан парча Қўқон шаҳар мусиқали драма театри ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиали талабалари иштирокидаги театрлаштирилган саҳна кўринишлари иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.
Шу куни 14 нафар фарғоналик ижодкорларга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига аъзолик гувоҳномалари топширилди.
Сўнг Тошкент делегацияси фарғона-лик ижодкорлар ҳамроҳлигида Риштон тумани маданият саройига ташриф буюрдилар, у ерда Риштон фарзанди, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султон ҳаёти ва ижодига бағишланган адабий учрашув бўлиб ўтди.
Сўз, дийдор сеҳридан ошуфта диллар сўз эмас, лойдан ясалган санъат асарларидан баҳраманд бўлиш илинжида манзилларини Риштондаги таниқли кулол Равшан Тожиддиновнинг устахонаси томон бурдилар. Беназир кулолчилик намуналарини кўриб, ижодкорларнинг ҳар бири завқ, ҳайрат ва илҳом олганлари шубҳасиз.
Тадбирнинг иккинчи куни Эркин Воҳидов ва Анвар Обиджонларнинг ватани Олтиариқда давом этди. Олтиариқ тумани маданият саройига борганимизда, гўёки Анвар Обиджоннинг ўзи ва шеърлари болага айланиб бизни кутиб олгандек бўлди. Адабий-бадиий тадбирда янграган, болаларга атаб ёзилган шеърлари аслида катталар учун ёзилганини бугун катта бўлиб англаш бошқача бўларкан.

“Қарға кирди
Кинога,
Ўхшаб
Буратинога.
Ҳамма жойлар
Эди банд,
Бориб деди
Нописанд:
– Менга қара,
Вей Лайлак,
Еганмисан
Ҳеч калтак?
Қани,
Тур-чи ўрнингдан.
Ҳе, ўргилдим Бурнингдан!”

“Безори” шеъридаги қарғани танидингизми? Анвар Обиджон асарлари кўнгилларга кириб боришининг сири ҳам уларнинг самимиятида ва инсониятга тегишли катта ҳақиқатида бўлса керак, дея суҳбат қурганча Олтиариқдан Марғилонга келганимизни ҳам сезмай қолибмиз.
Шаҳардаги “Ижодкорлар боғи”да адабиёт кунлари иштирокчилари Эркин Воҳидов ҳайкали пойига гуллар қўйиб, шоир шахсига эҳтиром кўрсатдилар. Сўнг шоир таваллудининг 85 йиллигига бағишланган адабий-бадиий анжуман, ҳаёт ва ижод йўллари акс этган “Тирик сайёра” ҳужжатли фильмининг премьераси бўлиб ўтди. Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби ўқувчилари томонидан шоир шеърлари тадбирга ўзгача кайфият бағишлади. Адабий-бадиий кеча сўнгида “Тонг нафаси илҳомлари” танлови ҳамда Эркин Воҳидов стипендияси ғолиблари тақдирланди.
Шунингдек, адабиёт кунлари доирасида бугун ҳарбий хизматчилар, Фарғона политехника институтида талаба-ёшлар билан “Ватан бўлмас Ватандан ташқарида” ва “Ер юзида бошқа Ўзбекистон йўқ” мавзусида адабий учрашувлар ўтказиш, Ислом Каримов номидаги вилоят театр-
концерт саройида Ўзбекистон халқ шоирлари Э.Воҳидов ҳамда А.Обиджон ижодига бағишланган кўргазмалар ташкил этиш, Эркин Воҳидов ижодига бағишланган назм, наср, бадиий таржима, шоир ижоди билимдонлари, қўшиқ ва расмлар танловлари ғолибларини рағбатлантириш режалаштирилган.
Адабиёт байрами таассуротларидан шу нарса аниқки, Сўзнинг, Дийдорнинг ёндиргувчи тафти қишнинг қаҳратонини илитиб юборди. Диллардаги, кўзлардаги қотган тош эриб кетди. Ҳассос шоир Чўлпон ёдга солган адабиётнинг вазифаси ўз кучини кўрсатди.

Севара АЛИЖОНОВА.
Элёр ОЛИМОВ ва Муқимжон ҚОДИРОВ олган суратлар.

Ulashing: