Охунжон Ҳакимов: журналист, шоир, драматург МАҲОРАТЛИ ПУБЛИЦИСТ

Охунжон Ҳакимов: журналист, шоир, драматург МАҲОРАТЛИ ПУБЛИЦИСТ

Адабиёт билан публицистикани бир-биридан айри тасаввур қилиб бўлмайди. Тўғрироғи,
публицистика адабиёт бағридан ўсиб чиққан ижод тури саналади. Уларнинг асоси ҳам, воситаси ҳам, яратадигани ҳам, етказадигани ҳам СЎЗдир. Бу икки ижод турини СЎЗ боғлайди, СЎЗ ажратади, СЎЗ улуғвор қилади. Шу СЎЗ туфайли аксарият ёзувчилар ўзларининг ижодий эксприментини публицистика лабораториясида олиб борадилар. Бунга ёзувчилар ижодидан истаганча мисол келтириш мумкин. Марк Твен, Эмил Золя, Эрнест Хеменгуэй, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Чингиз Айтматов, Одил Ёқубов, Хуршид Дўстмуҳаммад, Эркин Аъзам. Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Инчунин бунга Ўзбекистон халқ шоири Охунжон Ҳакимовнинг публицистик фаолияти ҳам яққол мисол бўла олади.

Охунжон Ҳакимов нафақат миллий адабиётга, балки ХХ аср ўзбек публицистикаси ривожига улкан ҳисса қўшган ижодкорлардан саналанади. У институтни тамомлагандан кейин 1956 йилда “Коммуна” (ҳозирги “Фарғона ҳақиқати”) газетаси таҳририятига ишга киради. Бу ерда ўн йилдан ортиқроқ вақт мобайнида аввал мухбир, кейинроқ махсус мухбир (сўнг адабий ходим) бўлиб ишлади. “Коммуна” газетаси ҳақиқий маънода Охунжон аканинг қаламини чархлади. У дастлаб хабар, корреспонденциялар ёзган бўлса, кейинроқ ижтимоий ҳаётнинг турли мавзуларига бағишланган жиддий таҳлилий мақолалари, публицистик материаллари билан газетхонларнинг эътиборига тушди.
Ўша пайтларда собиқ шўролар тузуми шароитида газетанинг асосий вазифаси коммунистик партия мафкурасини тарғиб қилиш бўлган. Шунинг учун бугунги кўз билан қараганда матбуотга тоталитар тузумнинг таъсири бошқа соҳаларга қараганда анча кучли бўлганини эътироф этмаслик мумкин эмас. Ана шундай мураккаб даврда газетада ишлаган журналист-ижодкор учун ҳукмрон тузумнинг йўриғидан юрмаслик душвор эди. Кўнгилга таскин берадигани, журналистлар ҳаёт ҳақиқатини акс эттиришда ўзбек тилининг миллий хусусиятларидан моҳирона фойдаланган. Бу, айниқса, Охунжон Ҳакимов ижодий фаолиятида яққол кўзга ташланади. Унинг ижодини ўрганиш учун Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Коммуна” газетасининг ўн йиллик тахламларини кўриб чиқдик.
Эътиборли жиҳати шундаки, Охунжон Ҳакимов 1956-1966 йилларда газетада фаолият олиб борганда жуда кўп журналистик материаллари чоп этилган. Уларнинг жанрлар политраси ранг-баранг бўлиб, хабар, корреспонденция, лавҳа, репортаж, ҳисобот, таҳлилий, муаммоли мақолалар, шарҳ, тақриз, фельетон, очерк кабиларни ўз ичига олади. Газетада бошқа жанрларга қараганда ахборий жанрлар, хусусан, хабарлар камроқ учрайди. Одатда ахборот жанрининг асосий вазифаси содир бўлган воқеа-ҳодиса ҳақида оммага хабар бериш бўлгани учун расмий, кўпинча фақат фактлардан иборат бўлади. Шунга қарамай Охунжон аканинг айрим хабарлари белгиланган ушбу қолиплардан фарқ қилишига гувоҳ бўлдик. Биргина мисол. “Коммуна” газетасининг 1962 йил 16 сентябрдаги 184-сонида “Ҳинд тили ўргатила бошланди” сарлавҳали хабари чоп этилган. Хабар шундай бошланади: “Ўқитувчи Дилдора Самкаева синфда пайдо бўлганда, болаларнинг ғала-ғовури бирдан тинди. Ўқитувчи стол олдига келиб болаларга юзланди.
– Намасте!
– Намасте! – янгради ўқув-чиларнинг овози.
– Бетхо, – деди ўқитувчи ўқув-чиларга қараб.
Ўқувчилар шу чоқ ўз парталарига ўтиришди. Дарс бошланди…
Фарғона шаҳридаги 1-мактаб синф хоналарида янги ўқув йилидан бошлаб ана шу нотаниш, аммо юракка яқин айтилган сўзлар эшитила бошланди. Ҳа, бу тилда биз жуда кўп ажойиб, дилни мафтун этувчи қўшиқлар эшитганмиз. Бу тил, ҳинд тили… биринчи марта ўқитила бошланди”.
Хабарнинг ифодаси оддий, осон тушунилиши билан ўқувчининг эътиборини тортади. Газетада, шунингдек, Охунжон Ҳакимовнинг танқидий-таҳлилий репортажлари, муаммоли мақолаларига кенг ўрин берилган. Тўғри, уларнинг кўпчилиги ўша пайтда коммунистик партия қўйган ғояларни тарғиб қилишга бағишланган. Шу билан бирга, аҳоли маънавияти, жойлардаги реал муаммоларга бағишланган мақолалар ҳам борки, кўтарган муаммонинг сабаб-оқибатларини ўрганиш, таҳлил қилиш орқали ечимини топиш, уларга мутасаддиларнинг эътиборини қаратиш журналистнинг ҳамма даврда ҳам асосий вазифаси эканлигини ҳисобга олсак, бундай материаллар бугунги кун учун ҳам долзарб аҳамиятга эга. Унинг “Ҳамма нарса тахт бўлсин”, “Маданий-маиший хизмат кўрсатишни текширамиз”, “Китоб оммага”, “Чуқур таҳлил, принципиал танқид”, “Эзгу мақсад билан” сингари журналистик материаллари фикримизга далил бўла олади.
Охунжон Ҳакимовнинг бадиий-публицистик жанрларда ёзган дастлабки материаллари ҳам “Коммуна” газетасидан ўрин олди. Унинг очерк, лавҳа, шарҳ, фельетонлари ҳаётийлиги, халқчиллиги билан ўқувчи эътиборини тортади. “Маърифатчи”, “Истиқболга чорлайди”, Адҳам Раҳмат билан ҳаммуаллифликда ёзган “Ёзёвон таронаси”, “Яшайвер орденли Фарғонамиз!” (ҳаммуаллифликда) сингари очерклари, “Нафс бандаси” сарлавҳали фельетони, “Меҳнат камолотга етказади” номли шарҳи ана шулар жумласидандир.
Охунжон Ҳакимов публицист сифатидаги камолоти “Совет Ўзбекистони” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) газетасида ишлаб юрган кезларида намоён бўлади. У 1966-1986-йилларда газетанинг Фарғона вилояти бўйича махсус мухбири бўлиб ишлади. Шу йиллар давомида унинг газета саҳифаларида ўнлаб очерклари, фельетонлари, танқидий-таҳлилий мақолалари чоп этилди. “Залвор одимлар” (Йўлдош Сулаймон билан ҳаммуаллифликда), “Ёғочларга битилган достон”, “Алп қадамлар”, “Олтин водийни кезганда”, “Жилолар жилваси”, “Қувасой кўрки” сингари лавҳа ва очеркларида турли соҳа вакилларининг: деҳқонлар, ҳунармандлар, қурувчи, пиллакору ўқитувчининг образини жуда ишонарли ва ўзига хос қилиб тасвирлайди.
Охунжон Ҳакимов публицистикаси ҳақида гап кетганда, аксарият ҳолларда унинг машҳур фельетон устаси бўлганлигига урғу берилади. Улар тасвирнинг ишончлилиги, ифоданинг соддалиги, халқона услубнинг устунлиги билан эътиборга лойиқдир. Умуман публицист қайси мавзуда, қайси жанрда ёзмасин, ҳамиша одамларга яхшилик қилиш, яхшилик тарқатиш, имонига собитлик, юксак маънавиятни, бир сўз билан айтганда, эзгуликни тарғиб қилади, эзгуликка хизмат қилади.
Охунжон Ҳакимов публицистикасини бир-биридан долзарб, тили аччиқ, сўзи кескир, шу билан бирга, ўзига хос заҳархандалик билан ифодаланган, ўқиганда лабингизда табассум пайдо қиладиган фарғонача ҳазилларга бой фельетонларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Унинг ижодини ўрганишлар давомида фельетонлари “Коммуна”га нисбатан “Совет Ўзбекистони” газетасида кўпроқ чоп этилганига гувоҳ бўлдик. Бу албатта, тажрибанинг ошиши, маҳорат билан боғлиқдир, балки. Унинг “Совет Ўзбекистони” газетасида чоп этилган “Текинхўрлар”, “Офтобда қатиқ ялашганлар”, “Тўғаноқлар”, “”Профессор” директор бўлмоқчи”, “Мендан кетгунча”, “Масъулиятсизлик қачонгача”, “Юмшоқ супурги” сарлавҳали фельетонларида жамиятда учрайдиган порахўрлик, юлғичлик, фирибгарлик, ўзгалар ҳақига хиёнат қилиш каби салбий иллатлар фош этилади.
Охунжон Ҳакимов ёзган фельетонларнинг ўзига хослиги шундаки, бирор бир воқелик, характер ёки ҳаракатни мақоллар, ўхшатишлар, қочирмалар билан ишонарли ифодалайди. У халқона диалоглардан кўп фойдаланади. Ўқувчи воқеани кўргандай бўлади. Фикримизнинг исботи сифатида фельетонларининг биридан мисол келтирамиз.
Публицистнинг “Офтобда қатиқ ялашганлар” (1980 йил, 27 июль) сарлавҳали фельетонида шундай ёзади:
“Бошлиқ Н.Мукаррамов кўзларини чирт юмиб, ўтган воқеаларни эслади. Ўшанда нима бўлганди-я. Ҳа, бўлди, бўлди, эсига тушди. Яна Т.Мамаризаев эшикдан сирғалиб олдига кирганди-ю, бир нималар деганди.
– Лўнда-лўнда мукофотлар, иззату икромларга эга бўлишни истайсизми? – деб сўраганди бош бухгалтер, “хўппа семиз” папкасини қўлтиқлаб хиёл эгилганча. Уларнинг кўзлари маъноли тўқнашди. Бири содда муғомбирлик билан боқса, иккинчиси овини пойлаб турган тулкининг кўзлари бўлиб қарайди…
– Албатта истайман. Қани, қайси бошлиқ буни истамайди, акаси. – деганди Н.Мукаррамов ҳам тап тортмай. – Гапингни қара-ю, нима қуруқ креслога ўтириб тер тўккани келганманми? Мен ҳам одамман, менга ҳам мақтов, обрў, қўша-қўша мукофотлар, бўлар-бўлмасга келадиган пуллар ёқади. Хўш, бунга қандай эришиш мумкин-а?”
Аҳамиятли жиҳати шундаки, Охунжон Ҳакимов публицистиканинг турли жанрларида ижод қилганига қарамай, газетхонлар унинг айнан фельетонлари орқали танишарди. Фельетонларида жамиятдаги турли иллатларни очиб ташлашда водий аҳлининг сўзамоллиги, топиб гапириши, қизиқчилиги, ишоралар, коса тагида ним коса усулларидан кенг фойдаланган.
Охунжон Ҳакимов қатор пуб-лицистик мақолалари, очерк ва фельетонлари унинг китобларида ҳам акс этган. Улар давр ўзгариши, муаллифнинг мушоҳадалари асосида қайта ишланган, тўлдирилган бўлиши мумкин. Биз икки ота-хон газета тахламларини кўздан кечириш, муаллифнинг мураккаб даврдаги ижодини холис, танқидий назар билан ўрганиш орқали Ўзбекистон халқ шоири, маҳоратли публицист Охунжон Ҳакимов умрининг охиригача СЎЗга бор меҳрини берганига, СЎЗни қадрлаганига, СЎЗга содиқ қолганига амин бўлдик. Ёшларимизга Охунжон Ҳакимовнинг ижодини ўргатиш, публицистикасини алоҳида илмий тадқиқ этиш, мақолаларининг библиографиясини яратиш олдимизда турган муҳим вазифалардандир. Зеро, эл севган адибдан ўрганадиганларимиз ҳали жуда кўп.

Назира ТОШПЎЛАТОВА,
Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети медиа назария-си ва амалиёти кафедраси мудири, филология фанлари номзоди, доцент.