«ЮЗ ЁШ БИЛАН ЮЗЛАШГАНЛАР» ИБРАТИ

«ЮЗ ЁШ БИЛАН ЮЗЛАШГАНЛАР»  ИБРАТИ

Мамлакатимизда кекса авлод вакилларини ижтимоий ҳимоя қилиш, эъзоз-эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг турмуш шароитини яхшилаш, фаол ва мазмунли умр кечиришларини таъминлаш, бой ҳаётий тажрибасидан самарали фойдаланиш борасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бинобарин, юртимизда ўрнатилган бебаҳо тинчлик, осойишталик, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги, олиб борилаётган оқилона сиёсат ва халқчил ислоҳотлар, Янги Ўзбекистонни ва маърифатли жамиятни барпо этишда, учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда кексалар ҳам оддий кузатувчи эмас, балки энг фаол иштирокчига айланишмоқда.

2021 йил иккинчи чорак якунларига кўра, юртимизда истиқомат қилаётган 65 ёшдан ошган 2 миллионга яқин кексалардан 226815 нафари ижтимоий фаол нуронийлар, 641 нафари 100 ёшдан ошиб умргузаронлик қилаётган табаррук отахон ва онахонларимиздир.
Илк бор юртимизда чоп этилган «Юз ёш билан юзлашганлар» китоб-альбомида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида аср билан юзлашган эъзозли ва дуогўй отахон-онахонларимизнинг ибратли, савобли ва қаҳрамонона ҳаёт йўли, уларнинг узоқ умр кўриши сабаблари, мазмунли ва самарали яшаш сирлари, эзгу мақсадлари аниқ ва оддий ёритиб берилган. Улар ҳаётининг ёшлик ва энг жўшқин давр-лари қийинчиликлар, қаҳатчилик, очарчилик, қатағон ва уруш, кейинги тикланиш йилларига тўғри келган.
Китоб-альбомда уларнинг Оллоҳга шукроналик ва сабр-қаноат, ҳалол меҳнат қилиш ва поклик, оилавий тотувлик ва ўзаро меҳр-оқибат, ижтимоий тинчлик ва осойишталик, маънавият ва маърифатга интилиш, адолат ва матонат, хушфеъллик ва самимият, келажакка ишонч, соф диний эътиқод ва саховатли бўлиш каби узоқ умр йўлида исботланган ва ижобат бўлаётган ибратли фикрлари берилган.
Назаримда, ушбу китоб-альбом ҳар биримизга узоқ ва шарафли умр кечириш йўлида муҳим асос ва қўлланмага ўхшайди. Зеро, унда ёритилган ҳар бир ибратли ҳаёт йўли, умр сабоқлари юртдошларимизга, айниқса, ёшларимизга Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида ёрқин намуна бўлиб хизмат қилади.
Таниқли шоиримиз Баҳодир Исо «Табаррук оталар» шеърида мадҳ этганидай:

…Сизсиз ўкинмасин уйларнинг тўри,
Эвара тўйларда бўлиб юринг бош.
Юз ёшда ҳам бўлиб йигитнинг зўри,
Тинчлик товоғида ошлайверинг ош.

Сизни улуғлайди бугун ҳур Ватан,
Дуо дарёсисиз ҳар хонадонда.
Сиз ҳаммадан улуғ, буюк ҳаммадан,
Келажаги буюк Ўзбекистонда.

Машрабжон Розиқов,
Олтиариқ тумани Нуронийлар жамоатчилик кенгаши аъзоси.