Мавзуга қайтиб…

Мавзуга қайтиб…

Иш ўрни яратишда кўзбўямачилик кетмайди

Вилоят ҳокими-нинг 2021 йил 4 августда “Ҳунар-мандлар марказлари фаолиятини ташкил этиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар тўғрисида”ги қарори асосида йил якунига қадар 4 минг нафар хотин-қизлар бандлигини таъминлаш белгиланган. Хўш, бугунги кунда жойларда бу борадаги ишлар қандай?

Қува тумани марказида қад ростлаган “Ҳунармандлар маркази” сентябрь ойида катта тантаналар билан очилди. Уч қаватли бинода савдо комплекси ва кўргазмалар зали, гилам тўқиш ҳамда атлас ва адрас матоларини ишлаб чиқариш бўлимлари ташкил этилган. Биз бу ерда бўлиб, ҳақиқий ҳолат билан танишдик. Марказ ичкарисига кириб борарканмиз, биринчи қаватдаги миллий ҳунармандчилик намуналари эътиборимизни тортди. Афсуски, кейинги қаватлардаги манзара, бўм-бўш дастгоҳлар дилимизни ранжитди. Бор-йўғи уч нафар аёл ишлаяпти, холос.
“Ҳунармандлар маркази” давлат-хусусий шериклик асосида машҳур ҳунарманд Иброҳимжон Султоновга берилган экан. Иш бошқарувчи Холидахон Раҳмонованинг айтишича, у илгари “Исмоилжон гиламлари” корхонасида адрас, аъло бахмал тўқишни ўрганган. Ҳунармандчиликда яхши тажрибаси бор. Айни кунларда “уста-шогирд” асосида қувалик ишсиз аёлларга ҳунар ўргатиб келмоқда.
— Бошида 20 кишича эдик, — дейди у биз билан суҳбатда. — Ҳаво совиганидан сўнг хотин-қизларимиз келмай қўйишди. Шу ерда боғча ҳам ташкил қилгандик. Биринчи қаватда тикувчилик цехини ишга тушириш ҳаракатидамиз.
Бу ердаги қурилиш ишлари чала ҳолатда бўлиб, аксарияти сифатсиз бажарилган. Иситиш тизими ишламайди. Ҳатто ҳожатхона ҳам тўлиқ битмаганлигини қандай тушуниш мумкин? Шу билан бирга, томдаги тарнов, ичкаридаги ҳаво тозалаш тармоғи умуман талабга жавоб бермайди. Марғилон шаҳридаги «426-хўжаликлараро ихтисослашган кўчма механизациялашган колонна» масъулияти чекланган жамиятининг иш юритувчисига бу борада кўп мурожаат қилинган бўлса-да, амалий натижа йўқ.
Жойларда “Ҳунармандлар маркази”ларини ташкил этишдан асосий мақсад — ишсиз фуқаролар ва хотин-қизларга ҳунар ўргатишдир. Вилоят ҳокимлиги томонидан Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан бир ойлик ўқув курслари ташкил этиш белгиланган бўлса-да, бу ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Натижада вилоятдаги катта маблағлар сарф этилган баъзи марказлар ҳувиллаб ётибди.
Биз бу мавзуни илгари ҳам кўтариб, жойлардаги муаммоларни таҳлил қилган эдик. Қува туманидаги “Ҳунармандлар маркази” мисолида ўтган даврда ҳеч қандай иш қилинмаганлигининг гувоҳи бўлдик. Иш ўрни яратиш ёки ҳунар ўргатишда ҳисобот, кўзбўямачилик кетмайди. Акс ҳолда, эл аро…
М. Сулаймонов.