МАҚОЛУ МАТАЛЛАРДАН МАЛОЛУ ХАТАРЛАРГАЧА

МАҚОЛУ МАТАЛЛАРДАН МАЛОЛУ  ХАТАРЛАРГАЧА

Донишмандлар инсон овқатланиш қоидаларига риоя қилса, 100 йил яшайди, дея башорат қилишган. Шарқнинг буюк ҳакими Абу Али ибн Сино эса соғлом турмуш тарзига амал қилинса, бундан ҳам узоқ умр кўриш мумкинлигини таъкидлаган. Бир ҳақиқат борки, ҳамма ҳам тўғри овқатланиш қоидаларини билавермайди ёки амал қилмайди.

Ётар қурсоққа – ёрти нон

Соғлом овқатланиш деганда, таом таркиби, турфа масаллиқларнигина тушуниш нотўғри. Зеро, овқатланиш вақти, ундан олдинги ва кейинги жараён муҳимроқ, аслида. Оилаларда бунга турлича қараш мавжуд. Қай бир хонадонларда эрта туриб нонуштага қадар бадантарбия қилиш ёки жисмоний ҳаракат билан боғлиқ юмушлар бажариш, кечки овқатни барвақтроқ тановул қилиб, ётар пайтигача сайр қилиш, бирор машғулот билан андармон бўлиш каби ибратли анъаналар йўлга қўйилган. Бундай оилаларда касалликка чалиниш ҳам, сурункали хасталик-лар ҳам юз кўрсатмайди.
Мутахассислар кунлик таомланиш рационини 100 фоиз деб оладиган бўлсак, нонушта – 25-30 фоиз, тушлик – 40-45 фоиз, тушдан кейинги овқат – 15-20 фоиз, кечки овқат – 20-25 фоизга тақсимланиши мақсадга мувофиқлигини таъкидлашади.
Бугун ресторан, кафе, бар каби емакхоналар асосан кечки пайтлари гавжумлашиши одат тусига кирмоқда. Тўғри, дўст-биродарларнинг ишдан кейин бир дастурхон устида ўтириши, хурсандчилик қилиши ёмон ҳолатмас. Лекин спиртли ичимликлар, ҳазм бўлиши қийин егулик-ларга ружу қўйиш мақтарли ҳам эмас-да. Айниқса, тун ярмигача еб-ичиш саломатлигимизга қай даражада зиён етказаётгани эътибор талаб қилади. Бундай улфатчиликларнинг сурункали давом этиши эса турли хасталиклар манбаига айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Ахир, айтадилар-ку: “Сиҳат тиласанг, кўп ема”.
Муқаддас динимизда ҳам бу мавзуга эътибор қаратилган. Термизий ривоят қилган бир ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в)нинг “Одамзод қорнидан кўра ёмонроқ бирор идишни тўлдирмаган. Одам боласига қаддини тик тутиши учун бир неча луқма кифоя қилади. Жуда бўлмаса, учдан бирини таомига, учдан бирини ичимлигига ва учдан бирини нафасига ажратсин”, деганлари айтилади.

Тер чиқса,
дард қолмас

Ҳаракат, жисмоний фаоллик ҳам соғлом турмуш тарзининг, тўғри овқатланиш тизимининг узвий бир бўлагидир. “Бўш қоп тик турмайди” мақолини рўкач қилиб, аслида ҳаётий куч, қувват учун зарур озиқланиш замирида ҳаракатланиш, меҳнат ётишини инкор этиб бўлмайди. Тадқиқотчиларнинг айтишича, инсоннинг бир кунда неча марта овқатланиши, овқатнинг калориялилиги у бажарадиган меҳнатнинг оғир-енгиллигига, яъни энергиянинг қай даражада сарф бўлишига мувофиқ келиши зарур. Бунда оғир жисмоний иш бажарувчилар ва ақлий меҳнат билан банд бўлганлар фарқланиб, таомланиш оралиғи, озиқ қуввати, сарфланадиган энергия миқдори кабилар ҳисобга олиниши муҳим.
– Айнан камҳаракатлилик бир қанча хасталикларга сабаб бўлади. Бунинг олдини олиш учун юриш, югуриш, бирон машғулотни бажариш керак, – дейди соғлиқни сақлаш бошқармаси аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш бўлими бошлиғи Шаҳноза Маъмурова. – Айниқса, эрталаб ва кечки пайт жисмоний фаолликка эътибор берилса, мақсадга мувофиқ. Юрак фаолияти, томирларда қон ҳаракатланиши яхшиланади, холестерин парчаланиши кучаяди. Кўп ҳолларда бир жойда ўтириб ишлайдиган ходимларда касб касалликларининг пайдо бўлиши кузатилади. Вақти-вақти билан танаффус қилиб туриш, тушлик қилгач, тоза ҳавога чиқиб қисқа муддат сайр қилиш, ҳеч бўлмаса 500-1000 қадам юриш тавсия этилади.
Нафсим менинг
балодир…

Маълумотларга кўра, 30-70 ёшдаги аҳоли ўртасида ўлим ҳолатларининг 53 фоизи юрак қон-томир касалликларига тўғри келади. Ўтказилган хатловлар натижасига кўра, республика бўйича 4 миллионга яқин аҳоли орасида юрак қон-томир касалликлари аниқланган бўлиб, умумий аҳолининг 12 фоизини ташкил этади. Айниқса, бундай касалликларга чалинган аҳоли сони Фарғона вилоятида 600 минг нафар бўлиб, рес-публика кўрсаткичидан юқори.
Вилоятимизда спиртли ичимликларга ружу қўйганлар (алкоголизм касаллигига чалинган инсонлар) сони жорий йил 9 ойи мобайнида 5499 нафарни ташкил этмоқда. Энг кўп ичувчи ҳудуд Фарғона шаҳридир (2021 йил 9 ойида 1338 та). Бу рақамлар ортида нотўғри овқатланиш, нафс кўйига тушиб, ўта тўйиб ейиш турганлиги сир эмас.
Маълумки, юрак-қон томир касалликларининг асосий сабабларидан бири – нотўғри турмуш тарзи. Тўғри овқатланиб, кўпроқ пиёда юрадиган одамларда бундай хасталик кам учраши халқаро илмий ташкилотлар томонидан исботланган. Айниқса, зарарли одатларга ружу қўйиб, ўз умрини хазон қилаётган ёшлар тақдири бизни бефарқ қолдирмаслиги керак.
– “Олдига келганни емоқ – ҳайвоннинг иши” деган мақол бежиз эмас. Спиртли ва энергетик ичимликлар, рангли ва газланган сувлар меъёрдан ортиқ истеъмол қилинса, бош мия, марказий нерв тизими, бўғимлар ва бошқа аъзоларга жиддий зиён етказади, – дейди вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази гастроэнтерологи Абдусамад Пирматов. – Энергетик ичимликлар таркибидаги кофеин психостимулятор модда, газли ичимлик-лар таркибидаги таъм ва ранг берувчи, узоқ муддат сақланишга кўмаклашувчи консервантлар қон томирларида тиқинлар пайдо бўлишига сабаб бўлади. Бундай маҳсулотларни тез-тез ёки сурункали истеъмол қилиш хатарли асоратларга олиб келади.

Тани соғга кунда тўй

Соғлом овқатланиш хусусида гап кетар экан, менталитетимизга хос удум ва анъаналарга холисона назар ташлаб қўйиш зарар қилмас, бизнингча. Саҳармардонда – ҳали организм тўлиқ “уйғонмай” туриб, наҳорги ошга бориш, меҳмоннавозлик меъёрини дастурхонни егуликлар билан тўлдириб ташлаш ёки қўй ёғида палов билан ўлчаш, нонуштага унчалик эътибор бермаган ҳолда, кечки таом албатта ош ёхуд гўштли егулик бўлиши шартлиги каби соғлик учун зарарли одатлардан воз кечиш вақти келмадимикан? Урф-одатларимизни бир “элакдан ўтказиб”, яхши ва фойдалиларини олиб қолиш керак эмасми? Турмуш тарзимизни, таомланиш тартибини ўзгартирсак бўлмайдими?
“Бирники – мингга, мингники – туманга” дейдилар. Бир-икки киши намуна бўлса, қолганлар унга эргашса, маълум муддатда яхши натижаларга эришамиз. Нотўғри озиқланиш сабабли келиб чиқувчи хасталиклар улушини камайтира оламиз. Зеро, касални даволагандан кўра, олдини олган афзал.
Ҳар ким ўз таъбига кўра, шарт-шароити ва соғлиғига қараб овқатланади. Ибн Синонинг бундан минг йил муқаддам овқатланиш тадбирлари, қоидалари ҳақида айтган фикрлари ҳамон ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ: “Соғликни истаган киши иштаҳаси чин бўлмай, меъдаси ва юқори ичаклари аввалги овқатдан бўшамай туриб ҳеч нима емасин. Гавдага энг зарарли нарса меъдада овқат етилмасдан ва ҳазм бўлмасдан туриб яна овқат киритишдир”.
Эл соғлиғи – юрт бойлиги. Халқимизнинг саломатлиги мамлакатимиз ривожида, ортиқча маблағлар сарфланишининг олдини олишда муҳим ўрин тутади.
Мақолада халқ донолиги намуналаридан фойдаланганимизни зукко ўқувчи англаб улгургандир. Истагимиз – бу мақолу маталлар мағзини чақиб, ҳаётимизга татбиқ қилишга ундаш, нотўғри овқатланиш натижасида вужудга келиши мумкин хатарлардан огоҳ этиш холос. Малол келмас деган умиддамиз. Яна бир гап ҳам бор: “Гапни гапир уққанга…”

Ҳаётжон БОЙБОБОЕВ.