Press "Enter" to skip to content

«Адабиёт кунлари» олдидан

Last updated on 31.01.2022

ДОВОНЛАРДА ТОБЛАНГАН ИЖОД

ХХ аср ўзбек адабиётшунослиги тараққиётида қадрли устоз,
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, филология фанлари доктори,
профессор Умарали Норматовнинг алоҳида ўрни бор.

Домланинг олтмиш йиллик ижодий фаолияти давомида адабиётшуносликнинг долзарб масалаларига бағишланган мингга яқин мақолалари, элликдан ортиқ китоблари чоп этилди. Бугунги кунда ХХ аср адабиёти билан боғлиқ қайси бир масалага мурожаат этмайлик, албатта Умарали Норматов асарларини четлаб ўтиб бўлмайди. Уларда ўзбек адабиёти намуналаридан то жаҳон адабиёти муҳим масалаларигача қамраб олинганини кўрамиз.
Умарали Норматов 1931 йил 3 январда Фарғона вилоятининг Бешариқ туманидаги Рапқон қишлоғида таваллуд топган.
1952-1957 йилларда Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) филология факультети талабаси. 1959 йилда устози Озод Шарафиддинов тавсияси билан истеъдодли ёш олим сифатида аспирантурага қабул қилинган. 1962 йилда аспирантурани тамомлаб, отахон университетнинг филология факультети ўзбек адабиёти кафедрасида катта ўқитувчи, доцент, кафедра мудири, профессор лавозимларида фаолият кўрсатиб, кейинчалик ўзбек адабиёти ва адабиётшунослигининг кўплаб йирик вакиллари бўлиб етишган катта авлодга таълим-тарбия бериб, уларнинг шаклланишига катта ҳисса қўшган.
1975 йилда ХХ аср ўзбек адабиёти кафедрасига асос солган ва чорак аср давомида кафедра мудири сифатида фаолият кўрсатган. Бу даврда кафедрада адабиётшунослигимиз дарғалари Н.Худойберганов, А.Расулов, Р.Иноғомов ва бошқалар дарс берган.
1957 йилдан адабий-танқидий ва илмий мақолалари билан адабий жараёнда иштирок этиб келади. Умарали Норматовнинг илмий, адабий-танқидий тадқиқотлари янги ўзбек адабиёти тарихи, тараққиёти масалаларига, унинг ўзига хос анъаналари ва новаторлик хусусиятларини аниқлашга қаратилган.
Илмий фаолиятида реализм масалалари, ХХ аср ўзбек адабиёти, адабий жараён ҳамда адабий танқидчиликнинг ўзига хос хусусиятлари, шунингдек, Қодирий, А.Қаҳҳор, Ш.Холмирзаев, П.Қодиров, Ў.Ҳошимов ва бошқа ижодкорларнинг асарлари билан боғлиқ масалалар муҳим ўрин эгаллайди.
Умарали Норматов умумтаълим мактабларининг 5, 9, 11-синф-лари учун «Ўзбек адабиёти» дарслик ва мажмуалари, олий ўқув юртлари учун «20-аср ўзбек адабиёти тарихи» (1999) дарслиги муаллифларидан бири.
Домла 1962 йилда номзодлик, 1978 йилда докторлик диссертацияларини ҳимоя қилган.
“Насримиз уфқлари” (1978), “Етуклик”(1982), “Қалб инқилоби” (1986), “Қодирий боғи” (1996), “Умумбахш тамойиллар” (2000), “Қаҳҳорни англаш машаққати” (2000), “Нафосат гурунглари” (2010), “Қодирий мўъжизаси”(2010), “Ижодкорнинг ҳароратли сўзи” (2015) каби асарларида янги ўзбек адабиёти, унинг намояндалари ижодининг муҳим томонлари ёритиб берилган.
5 та докторлик, 15 та номзодлик диссертацияларига илмий раҳбарлик қилган. Шогирдлари ҳозирги адабий жараёнда фаол иштирок этиб келмоқда.
Домла янги ўқув дарсликлари ва дастурлари яратиш билан таълим сифати ошишига хизмат қилади. 1997 йилда унинг раҳбарлигида тузилган “ХХ аср ўзбек адабиёти тарихи” дарслиги ҳозирга қадар энг яхши дарслик сифатида олий таълим тизимида қўлланади.
Олимнинг машаққатли фаолияти ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланган. 1981 йилда “Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби”, 1989 йилда Давлат мукофоти, 1992 йилда Халқ таълими аълочиси, 2004 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.
Ҳар соҳанинг усталари, дарғалари бўлиши аён ҳақиқат. Аммо, ушбу мақомга эришмоқ, барча томонидан эътироф этилмоқ осон эмас. Бунинг учун йиллар давомида тинимсиз изланиш, фидо-йилик, ҳаловатдан воз кечмоқ, қатор фазилатларга эга бўлмоқ лозим. Умарали Норматов ана шундай юксак мақомга эришган, барчанинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлган, умрини адабиётшунослигимиз равнақига бахшида этган етук устоздир.
Умарали Норматов асарларида “ўқ томир” бўлиб ўтган холислик, ҳаққонийлик, фазилатпарварлик, равонлик, аниқлик каби жиҳатлар муаллиф сажиясида ўтган десак хато бўлмайди. Домланинг яна бир юксак фазилати – адабиётга эндигина кириб келаётган ёш ижодкорлардаги йилт этган ижобий жиҳатни тезлик билан илғашидир. “Ёшни мақтасанг, султон бўлур” нақлига амал қилганлари ҳолда уларга дарров руҳий, маънавий рағбат берадилар.
Домла ижодининг қамрови кенг. Бир кичик мақола доирасида улардаги барча жиҳатларни ёритишнинг имкони йўқ, албатта. Шу ўринда устознинг бир китоби тўғрисида баҳоли қудрат тўхталиб ўтсак.
2010 йили “Муҳаррир” нашриётида чоп этилган “Нафосат гурунг-лари” китоби унинг босиб ўтган ҳаёт йўлига, Миллий университет даргоҳида салкам олтмиш йил давомида орттирган ноёб бойлиги – устозлари, ҳамкасблари, ушбу даргоҳга дахлдор ижодкорлар ҳақидаги хотира, дил сўзлари, шунингдек, фаолият сарҳисобига бағишланган. Китобда ўтган асрнинг 70-80 йилларига оид айрим тақриз, адабий суҳбатлар, мақолалар ҳам жамланган.
“Устозлар ибрати” деб номланган биринчи бўлимдаги “Устози аввал”, “Одамохун сиймо”, “Олим, таржимон, мураббий”, “Шарқу Ғарб тадқиқодчиси”, “Аввал калом!..”, “Мунаққид жасорати”, “Муносиб эъзоз”, “Миллий танқидчилигимизнинг қўш қаноти”, “Адолат фидойиси”, “Мирза аканинг надомати” мақолаларида С.Долимов, Ш.Шомуҳамедов, Ф.Сулаймонова, Ш.Раҳматуллаев, О.Шарафиддинов, М.Қўшжонов, А.Алиев, М.Исмоилий билан боғлиқ хотиралар, воқеалар тасвирланган. Шунингдек, улар китобхонни Фирдавсий, Умар Ҳайём, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Абдураҳмон Саъдий, Сотти Ҳусайн, Абдулла Қаҳҳор каби ижодкорлар олами билан ҳам ошно этади.
Китобнинг “Сафдошлар даврасида” деб номланган кейинги бўлими “Чин инсон, зиёли олим, истеъдодшунос эди…”, “Қатъият”, “Кўнгли поку сўзи поку ўзи пок…”, “Оға-инилик шукуҳи”, “Ярим асрга чўзилган мулоқот”, “Баҳсларда кечган йиллар”, “Мен билган Ғаффоржон”, “Ўзимизни Маҳмуджон” мақолалари Нуриддин Шукуров, Бегали Қосимов, Ўлмас Умарбеков, Абдуғафур Расулов, Иброҳим Ғафуров, Норбой Худойберганов, Ғаффор Мўминов, Маҳмуд Саъдий каби адабиётшунослар фаолияти, ижодига бағишланган. Муаллиф қайси шахс ҳақида фикр юритмасин, аввало, улар ҳаётидан энг муҳим воқеаларни илғаб олиб, мароқ билан ҳикоя қилади. Ҳар бир мақола номи ўша ижодкор сажиясининг бирон-бир жиҳатини ифодалайди.
“Ижоднинг машаққатли ва нурли йўллари” деб номланган учинчи бўлимида С.Аҳмад, О.Матжон, М.М.Дўст, Х.Даврон, А.Суюн, Ў.Раҳмат каби ижодкорлар ҳаёт йўли, фаолияти ҳамда услубидаги ўзига хосликлар таҳлил этилган.
Ҳамзанинг “Паранжи сирлари”, Фитратнинг “Абулфайзхон”, П.Қодировнинг “Юлдузли тунлар”, “Авлодлар довони”, О.Ёқубовнинг “Бир кошона сирлари”, “Қайдасан, Морико”, Э.Воҳидовнинг “Руҳлар исёни”, А.Ориповнинг “Булбул ўгай эрур…”, Т.Муроднинг “Отамдан қолган далалар”, Э.Аъзамнинг “Жаннат ўзи қайдадир” асарлари таҳлили китобнинг “Бир асар тарихи ва талқини” деб номланган тўртинчи бўлими асосини ташкил қилади. Ушбу бўлимдан муаллифнинг Зулфия Қуролбой қизи ва Турсун Алига йўллаган очиқ хатлари ҳам ўрин олган. Мунаққид қайси бир ижодкор ҳақида фикр юритмасин, асарларининг маъно қатламларига чуқур кириб боради. Бир қарашда жуда оддий, аммо ижодкор ғоявий кредосини белгиловчи муҳим жиҳатларни топишга эришади.
Китобнинг “Тафаккурдаги эврилишлар” деб номланган навбатдаги бобида миллий дарслик яратиш борасидаги муаммолар Антуан де Сент-Экзюперининг “Кичкина шаҳзода”, Ойбекнинг “Гулнор опа”, Альбер Камюнинг “Бегона” каби асарлари таҳлили орқали ёритилади. Ушбу асарларнинг ёш авлод тарбиясидаги муҳим ўрни асослаб берилади.
Муаллифнинг П.Қодиров, О.Ёқубов, Х.Тўхтабоев, “Гулистон” журнали адабий ходими М.Абдуллаёрова билан қилган суҳбатлари китобнинг олтинчи бўлимдан чоп олган.
Хуллас, ушбу кунларда қутлуғ 90 ёшни нишонлаётган муҳтарам устоз Умарали Норматов ижоднинг айни балоғат, сермаҳсул палласида. Унга бардамлик, сиҳат-саломатлик, ижоднинг машаққатли довонларида сабру матонат тилаймиз.

А.Сабирдинов,
филология фанлари доктори.
З.Раҳимов,
ФарДУ филология факультети декани,
филология фанлари номзоди.

Ulashing: