“МЕН ЭШИТИШНИ ХОҲЛАЙМАН”

“МЕН ЭШИТИШНИ ХОҲЛАЙМАН”

185 нафар болага замонавий эшитиш мосламалари топширилди

Ҳавасхон Султоналиева Риштон туманининг Амиробод қишлоғида туғилган. Чақалоқлигида қаттиқ шамоллаш оқибатида эшитмай қолди. У ҳам бошқалардек эшитишни, равон гапиришни орзу қилади. Ҳавасхон Қувасой шаҳар 90-кар болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг битирувчи синф ўқувчиси. Бу ерда 202 нафар ўқувчига 97 нафар ўқитувчи ва 50 нафар тарбиячи таълим беради. 200 ўринли ошхона, ўқувчилар турар жойи бор.


— “Zamin” халқаро жамоат фонди, Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги, Ўзбекистон Респуб-ликаси Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими ҳамда Мактабгача таълим вазирликлари ўртасидаги “Мен эшитишни хоҳлайман” лойиҳаси доирасида болаларга эшитиш мосламалари ҳадя сифатида етказиб бериляпти, — дейди ишчи гуруҳ раҳбари Дилафруз Хаитова. — Қувасойдаги мазкур мактаб- интернатда тарбияланаётган, эшитишида муаммоси бор 185 нафар болага замонавий эшитиш мосламаларини топширдик.
Ўзбекистонда ҳозирда 15 минг нафарга яқин инсон эшитиш қобилиятида туғма ёки орттирилган заифлик билан яшамоқда. Улар орасида болалар ҳам анчагина. “Zamin” фонди эшитиш қобилияти заиф болалар учун таълимни ривожлантириш дастурини тақдим этди. Бу хайрли ташаббус неча-неча болаларга қувончли кунларни тақдим этди.
— Қулоғим шиғиллаб тураверарди, — дейди Ҳавасхон Султоналиева.— Бу жуда ҳам оғир… Гапиришса-ю, мен эшитмай қолсам, жуда ҳам хафа бўлардим. Бугун эса эшитяпман. Бу қувончли янгиликни ота-онамга етказиб, “сени яхши кўрамиз, қизим”, деган сўзларини эшитдим. Менга бу бахтни инъом этганлардан бутун умр миннатдорман.
Шоҳсанам ЭШМАТОВА.