Press "Enter" to skip to content

Биз даладамиз! Сиз-чи?

Last updated on 04.02.2022

Бу йил деҳқонларимиз учун жуда баракотли келди. Далаларимиздаги мўл ҳосил чўғи, миришкорлар юзидаги хуш кайфият бундан далолат бериб турибди. Туманимизда пахтачилик кластерининг жорий этилиши, унинг намунали фаолияти эса фермерларимизга мадад бўлмоқда. Пахта йиғим-теримининг юксак уюшқоқлик билан ташкил этилиши, пахта топшириш шартнома режасининг вилоятда биринчи бўлиб бажарилиши туманимиз фидойи деҳқон ва фермерларининг фидокорона меҳнати маҳсулидир.
Дам олиш кунлари бир гуруҳ нуронийлар билан пахта далаларини айландик ва ҳали-ҳануз ҳосил мўллигини кўриб, ғайратимиз жўш урди. Баҳоли қудрат теримчиларга кўмаклашишга отландик. Дилдан суҳбат қуриб, чақ-чақлашганча митти хирмон яратдик.
Халқимиз тилида пурмаъно мақол бор: “Ҳа, деган – туяга мадад”. Ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотган кексаларимиз бундай паллаларда фермер ва деҳқонларимизга мададга шошилишни, ҳосилнинг қатор ораларида қолиб кетиб, увол бўлишининг олдини олишни маъқул кўришди.
Куз фаслининг инжиқликлари бошланмасдан, ёғин-сочин кучаймасдан чаноқлардаги пахтани териб-йиғиб олиш бугун ёшу қарини далага чорламоқда. Зеро, эрта баҳордан бошланган тинимсиз меҳнат, пешона тери эвазига етиштирилган ҳосил халқимиз ризқ-рўзи, эртанги улкан иқтисодий натижалар гаровидир.
Биз бугундан даладамиз, сиз-чи?

Турсунхўжа АБДУРАҲМОНОВ,
Риштон тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи ўринбосари.

Ulashing: