Last updated on 04.02.2022
Фарғона шаҳридаги “Илғор” МФЙ ҳудудида замонавий Экошаҳар қурилиши қизғин тус олмоқда. Гиёҳ унмас дашту далада қад ростлайдиган яшил шаҳар минглаб оилалар учун макон, меҳнат маскани бўлади.
Янги шаҳар қури-лишида иштирок этиш истагида бўлган маҳаллий ва хорижлик инвес-торларнинг сафи кундан кунга ортиб бормоқда. Ўзига хос меъморий қиёфага эга шаҳарча лойиҳаси мамлакатимизда камёб саналади. Аҳоли учун яратилаётган шарт-шароит, зарур инфратузилма, ижтимоий иншоотларнинг мажмуа ҳолда бунёд этилиши шаҳарчанинг ҳақиқатан ҳам намунали лойиҳа асосида қурилишидан далолат беради.
Шаҳар об-ҳавосини мўътадиллаштириш, ҳудудни оби ҳаёт билан таъминлаш мақсадида лойиҳалаштирилган янги канал қурилиши жадаллик билан олиб борилмоқда. Умумий узунлиги 10 км.дан ортиқ бўлган тармоқ Фарғона туманидаги Шодиева номли каналдан сув олади. Ушбу канал Экошаҳар ҳудудида 70 гектар майдонда ташкил этиладиган «Янги Ўзбекистон» боғини сув билан таъминлайди. Айни кунда бу ерда қудратли техникалар, юздан ортиқ қурувчилар басма-басига меҳнат қилмоқда.
– Биз янги шаҳарнинг улкан иншооти қурилишида иштирок этаётганимиз билан фахрланамиз, — дейди “Фарғона сув махсус таъмир” МЧЖ раҳбари Ҳалимжон Ҳасанов. — Шу кунга қадар каналнинг 750 метрдан ортиқ қисми қуриб битказилди. Асосий мақсад — белгиланган вазифаларни ўз вақтида сифатли қилиб поёнига етказиш.
Умумий майдони 300 гектар бўлган, 40 минг аҳолига мўлжалланган шаҳар ва унга туташ кичик саноат зонасида 20 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
– Бу ерда 7-25 қаватли 313 та 14 минг 244 хонадонли кўп қаватли уй-жойлар, 10 та болалар боғчаси, 4 та мактаб, 1 та шифохона, 2 та спорт мажмуалари қурилади, 10 та тик қудуқ қазилади, — дейди Фарғона шаҳар ҳокимлиги қурилиш комплекси мутахассиси Баҳромжон Фозилов.
Манзарали дарахтлар орасида пиёда сайр қилиш, велосипедда ҳаракатланиш учун махсус йўлаклар ташкил этишга жиддий эътибор қаратилади.
Расулжон Камолов.
Элёр Олимов олган суратлар.