ФАРҒОНАДА БАҲОДИР ВА ПОЛВОНЛАР ТУРНИРИ

ФАРҒОНАДА  БАҲОДИР ВА  ПОЛВОНЛАР  ТУРНИРИ

Фарғонада илк марта баҳодирлар ўйинлари ва тош кўтариш бўйича халқаро очиқ турнир бўлиб ўтди. У таниқли ўзбек полвони, миллий ўйинлар тарғиботчиси Тўланбой Қурбонов хотирасига бағишланди.

Фарғонадаги “Само” спорт мажмуасида Қорақалпоғистон, Россия, Тожикистон, Қирғизистон ҳамда Тошкент шаҳри ва мамлакатимиз вилоятларидан 468 нафар иштирокчи ҳозир бўлди. Шуниси диққатга сазоворки, беллашувлар бирданига уч авлод вакиллари, шу жумладан, қизлар ўртасида ҳам ўтказилди.
— Бу беллашувларни ўтказишдан кўзлаётган асосий мақсад халқимизнинг севимли спорт турларидан бири бўлмиш тош кўтариш ва баҳодирлар ўйинларини оммалаштиришдан иборат, — дейди Ўзбекистон баҳодирлар ўйинлари ва тош кўтариш федерацияси раиси Воҳиджон Нажмидинов.
Азалдан полвонлар беллашуви, хусусан, тош кўтариш каби миллий ўйинларсиз бирорта халқ байрами ва сайли ўтмаган. Баҳодирларнинг ўртага чиқиб, куч-қувватларини намойиш этишлари томошаларга алоҳида файз киритган, полвонлар эса халқ орасида катта ҳурмат-эътиборга сазовор бўлишган.
Турнирнинг тантанали очилиш маросимида дорбозлар гуруҳлари таркибида фаолият кўрсатган фахрий 33 нафар полвонга “Ўзбекистон спорт фахрийси” кўкрак нишони ва гувоҳномаси, бир гуруҳ спорт фахрийларига Тўланбой Қурбонов сурати туширилган медаль топширилди. Ўзбекистон спорт ташкилотлари фахрийлари кенгаши раиси Б.Махситов Тўланбой Қурбоновнинг рафиқаси, қизлари ва ўғилларига Кенгашнинг қимматбаҳо совғаси ва Миллий Олимпия қўмитасининг мукофотларини тақдим этди.
Ўзбекистон этноспорт ассоциацияси таниқли ўзбек полвони Турсунали Мамажонов ҳамда Фарғона вилояти спорт фахрийлари кенгаши раиси Адҳамжон Отажонов Ўзбекистон спорт ташкилотлари фахрийлари кенгаши ва Ўзбек жанг санъати федерациясининг ташаккурномаси билан тақдирланди.
Турнир саккизта йўналиш, уч бўлимда: баҳодирлар ўйинлари, катта вазндаги юк, тош, машиналарни кўтариш, тортиш; дорбозлар гуруҳларининг ўзбек полвонлари ўртасида ёши бўйича; тош кўтариш билан шуғулланиб келаётган спортчилар ўртасида ўтказилди.
Кўп сонли томошабинлар катта қизиқиш билан кузатиб борган беллашувлар натижаларига кўра, найза ва камондан отиш бўйича жамоалар ўртасида биринчи ўрин Фарғона, иккинчи ва учинчи ўрин тегишли равишда Наманган ҳамда Андижон вилоятлари жамоаларига насиб этди.
Сурхондарё вилояти вакили Дилмурод Қурбонов катта ёшлилар ўртасида ўтказилган баҳодирлар ўйинлари ғолиби бўлди. Ўсмирлар ўртасида эса биринчи ўрин ёш баҳодир Сирож Қиличов (Бухоро вилояти) га насиб этди. Шоҳсупанинг иккинчи поғонасини Қирғизистон вакили Алибек Тўхтаматов эгаллади.
Тош кўтариш бўйича қизлар ўртасида (60 кг. вазнда) ўтказилган беллашувда энг юқори натижага Шаҳноза Қодиркулова (Сирдарё вилояти) эришиб, олтин медалга сазовор бўлди. Худди шундай натижага Ёдгорой Нажимова (70 кг.) ва Нигора Узганбоева (70 кг. дан юқори) лар ҳам эришдилар.
Сурхондарёлик Дилмурод Қурбоновнинг чиқиши ҳам ҳайъат, ҳам томошабинларда алоҳида қизиқиш уйғотди. 17 тонналик “МАН” юк машинасини 15 метр масофага тортган полвон гулдурос қарсаклар билан олқишланди.
Турнир охирида ғолиблар ва сов-риндорларга диплом ва совғалар топширилди.

Тамара ТОШМАТОВА.

Элёр ОЛИМОВ
олган сурат.