Вилоят ҳокими қабулида

Вилоят ҳокими қабулида

ЭЛЧИ ҲАМКОРЛИК ИСТИҚБОЛИНИ ЮКСАК ЭЪТИРОФ ЭТДИ
Вилоят ҳокимлиги қабуллар уйида Хайрулло Бозоров Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фуджияма билан учрашди.
Мамлакатимиз тараққиётининг бугунги босқичида Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ишончли стратегик ҳамкорлик кўлами жадал ривожланаётганидан беҳад мамнунмиз,-деди вилоят раҳбари. – Дўстона муносабатларимиз ҳудудлар кесимида ҳам равнақ топаётгани қувонарлидир.


Самимий мулоқотда халқларимизнинг қадрият ва анъаналари ўзаро уйғун эканлиги ҳам катта-катта лойиҳаларни амалга ошириш имконини бериши алоҳида мамнуният билан эътироф этилди. Риштон туманида самарали фаолият кўрсатиб келаётган япон тили мактаби негизида замонавий ўқув мажмуаси ташкил этиб, тил ўргатиш имкониятларини кенгайтириш ва япониялик иш берувчилар буюртмалари асосида мутахассислар тайёрлаш бўйича эзгу ташаббус илгари сурилди. Фермер хўжаликларида томчилатиб суғориш технологияси жорий этишни қўллаб-қувватлаш, инновацион ғоялар асосида иссиқхоналар барпо этиш таклифи билдирилди.
Ёшинори Фуджияма Марказий Осиё гавҳари бўлган Фарғонага келиш кўп йиллик орзуси бўлганлигини таъкидлаб, Қўқон шаҳрида дафн этилган япон фуқаролари қабрини зиёрат қилгани, Риштон туманида жойлашган япон мактаби ўқувчилари билан учрашганини мароқ билан сўзлади.
2019 йили Президент Шавкат Мирзиёевнинг Японияга ташрифи доирасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш борасида Фарғона вилоятида қишлоқ хўжалиги, таълим соҳасида истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилиши режалаштирилаётганини айтиб, ҳамкорлик истиқболини юксак эътироф этди.
Учрашув якунида вилоят ҳокими элчига миллий ҳунармандчилик санъатини намоён этувчи эсдалик совғасини топширди.
Ташриф режасига кўра, Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фуджияма саноат корхоналари, тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан яқиндан танишди.
Ботир МАДИЁРОВ.
Суратларни Шерзод ҚОРАБОЕВ олган.