БАЙРАМИНГ МУБОРАК, КИТОБХОН!

БАЙРАМИНГ МУБОРАК, КИТОБХОН!

Инсон бир кунда китобхон бўлиб қолмайди. Гётенинг: “Китобхонликка ўрганиш учун қанчалик кўп вақт сарф қилинишини одамлар тасаввур қилолмайдилар. Бунинг учун мен ҳаётимнинг саксон йилини бағишладим. Лекин ҳали ҳам ўргандим, деб айта олмайман” деган сўзларини ёдга олсак, масаланинг нақадар жиддий ва долзарб эканини тушунармиз, балки.
Тараққиётни кўзлаган давлат борки, халқини китобга ошно этишнинг турли йўлу усулларини излаётир. Ўзбекистон ёшларининг катта қисмини қамраб олган, кўпчиликда китобга муҳаббат уйғотган “Ёш китобхон” танлови деймизми, шу кунларда (5-9 апрель) республика бўйлаб бўлиб ўтаётган “Китобхонлик ҳафталиги” деймизми, кўчма кутубхонаю вилоятимизнинг ҳар бир маҳалласи, яъни 1041 та маҳаллада шунча “Зиё маскани”нинг бунёд этилишига қаратилган барча саъй-ҳаракатларнинг ортида битта мақсад турибди – халқни маърифатли қилиш.
Танланг, танлов – қўлингизда!
“Китобхонлик ҳафталиги” доирасида Аҳмад Фарғоний номидаги Фарғона вилоят ахборот-кутубхона марказига йўл олдим. Китоблар шундай дид билан териб, безатиб қўйилганки, беихтиёр қўлингизни чўзиб, бирини тутсангиз-у, сокин масканда китобга “ғарқ” бўлсангиз, муаллиф билан танҳо, ғойибона суҳбат қурсангиз… Китоб жавонларида дунёга донғи кетган асарлардан тортиб замонавий ўзбек адабиёти намуналаригача… Ҳар бири “Мени ўқи!” деяётгандек, бирини олсангиз, иккинчиси ҳафа бўладигандек.
Қувонарлиси, билим маскани нафақат ҳафталикда, қачон қараманг, гавжум. Баъзан бўш жой топиш ҳам муаммо бўлиб қолгани-чи. Керакли китобингизни электрон қидирувга берасиз-у, зум ўтмай, кўз ўнгингизда муҳайё. Айниқса, кутубхонанинг хорижий тилларда равон сўзлашувчи ёшларни бағрига олиб, суҳбат-у дийдор кўришишига имкон бераётганининг ўзи қувонарли ҳол.
Ахборот-кутубхона марказимизда 350 мингдан ортиқ адабиётлар мавжуд бўлиб, кунига 700 нафаргача фойдаланувчига хизмат кўрсатамиз, – дейди марказ директори Ҳусния Шерматова. – Ёшлар, абитуриент ва талабалар, фан, тадқиқот билан шуғулланаётган илм аҳли – марказимизнинг доимий “меҳмон”лари.
Китобга меҳр уйғотувчи масканнинг раҳбари нечоғли китобхон эканини билиш мақсадида мутолаа қилган сўнгги асари билан қизиқдик. “Айни вақтда Пиримқул Қодировнинг “Она лочин нидоси” асарини ўқияпман, – дейди суҳбатдошимиз ҳозиржавоблик билан. – Асар оиладаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, катталар ва фарзандлар ўртасидаги мулоқот гўзал тасвирлангани билан ибрат олишга, ўз ҳаётингизда татбиқ этишга арзирли. Шу ўринда айтишим жоизки, ҳукумат даражасида эътибор қаратилаётган китобхонликни шакллантиришда оиланинг ўрни беқиёс. Болани бир умрлик бундай оғир ва завқли меҳнатга ўргатиш учун йиллар керак бўлади. Ота-она фарзандини мутолаага меҳр уйғотиши баробарида уни тарбиялаб ҳам боради. Масалан, номаъқул иш қилган фарзандни уриш, танбеҳ беришдан кўра бирор асардан ибратли мисол келтириш орқали тўғри йўлга солган яхши эмасми? Бу билан гўдак хушхулқли бўлиб ўсади, қолаверса, ўша асарни топиб, ўқишга иштиёқи ортади. Тилагим, туғилган кун ёки рағбатлантириш учун ҳар бир ота-онанинг совғаси китоб бўлса, қанийди!”.
“Китобхонлик ҳафталиги” дастурига киритилган тадбирлар қизиқарлилиги, фойдалилиги жиҳатидан китоблар билан баҳсга киришгулик. “Ақлли китобхон”, “Энг яхши тақриз” танловлари, Андижон, Наманган, Фарғона ёшлари ўртасида китобхонлик марафони, жамоат жойларида асарлардан парчалар, ибораларни келтириб, китобхонлик даражасини аниқловчи “Сиз китобни севасизми?” акцияси, мусаввирлар билан учрашувлар, расмлар танлови, “Тафаккур” интеллектуал ўйини, “Биз танлаган йўл” радиоэшиттириши, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо билан онлайн суҳбат, ахборот-кутубхона марказидаги мавжуд клублар ўртасида асар қаҳрамонларини саҳналаштириш вазифаси қўйилган “Role play” лойиҳаси, янги китоблар тақдимоти.. эҳ-ҳе, қани энди бу тадбирларнинг ҳеч бирини ўтказиб юбормасанг!
Кутубхонадан кўнглимни базўр узиб, “Китоб олами” дўконига бордим. Кимдир излаган китобини топганидан мамнун харидга ошиқяпти, вақти бемалолроғи бўлса, шинам ўриндиққа ўтириб олганча, дунёни унутиб севимли асарига шўнғиб кетган. Ичкари кираверсам, кичкинтойлар бурчагида тўрт-беш яшар атрофидаги ўғли ва қизини икки ёнига олиб, она китоб ўқимоқда. Разм солсам, “Ўзбек халқ эртаклари” экан. Тўсатдан бола ўрнидан турди-ю, китоблар растаси томон югурди. Китобларни эринмайгина кўздан кечираётган отани қандайдир расмни кўришга ундади. “Бахтиёр ва маърифатли оила”, кўнглимдан ўтказдим.
Дугонам билан дилдан суҳбатлашиш, ўзимизча ўқиган асарларимиздан олган таассуротлар билан бўлишиш, фикр алмашиш учун биз танлайдиган қўноқ – кўпинча, “Book cafe” бўлади. Бир финжон қаҳва устида юракка яқин кишинг билан адабиётми, ижодми, жудаям берилиб кетсак, ҳаёт ҳақида суҳбатлашишга нима етсин! Атрофингда яна шундай илму китобга ошно ёшлар баҳслашиб ўтиришса. Севиниб кетасан-да киши!
Техниканинг ютуғидан шодланиб, аудио китобларни эшитиб юрганлар қанча. Ҳар кеч “Ўзбекистон”, “Маҳалла” радиоканалларида бадиий асарларнинг радио талқини эфирга узатилади. Дангасароқ одам ўшаларни тинглаб ҳам китоб ўқигандек завқ олиши мумкин. Буёғи энди китобхоннинг танлови. Халқимиз билимини, дунёқарашини бойитсин, деб қилинаётган ишлар ҳаммаси.

Китобсевардан жиноятчи чиқмайди
Китоб-китоб деймиз-у, ҳар бир ишини моддият ва манфаатга қурувчи одамзодга унинг афзаллиги ва фойдаси уқтирилмагунича бу бебаҳо буюмнинг қўлга олиниши душвор.
Хўп, масалани сизнинг кўнглингиздагича қўямиз: китоб бизга нима беради? Ҳар гал шу саволни ўзимга-ўзим берганимда, қониқтирувчи уч-тўрт сабаб топилади. Нима дейсизми? “Ҳуррият” газетасининг 2012 йил 1 август сонида “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош муҳаррири Аҳрор Аҳмедов билан китобхонлик мавзуида суҳбат босилди. Унда “Ҳеч қайси жиноят китоб устида амалга ошмайди. Одам телевизор кўриб, видео кўриб, компьютердан туриб, тўйдан чиқиб жиноятга қўл урган бўлиши мумкин, фақат китоб ўқигандан кейин эмас…” каби мулоҳаза келтирилади. Ҳақ гап. Китоб қўлимизни пулга тўлдириб қўймаслиги ростдир, лекин жиноятдан, кишандан сақлашига нима дейсиз? Энг бебаҳо неъмат – умрингизни тўрт девор ичида бесамар ўтишидан асрамайдими?! Демак, гап фақатгина моддий фаровонликда ҳам эмасга ўхшайди!
Шу ўринда бир курсдошим билан баҳсимиз ёдимга тушди. У “Инсониятга бошқа сайёрани кашф қилгандан янги таомни кашф қилган фойдалироқ”, деганди. Балки ўзича ҳақдир… Унинг фикрига рози бўлсак, одам фақат бу дунёга қорин ғамида келиб, қорин ғамида кетар экан-да. Илмми, санъатми, хуллас, қориндан бўлак ҳамма машғулотни, ана, бошқа мавжудотлар қилаверсин! Бизга қорнимиз тўйса, тўй қилсак, кифоя! Китобнинг менга берадиган иккинчи фойдаси шуки, одамларни қўя турай, ҳайвонлардан бир поғона баландда туришга имкон яратади. Ҳар тугул ҳаётнинг маиший мавзуларию икир-чикирларидан холироқ, яшашнинг моҳиятига бошқачароқ назар билан қарашга кўмак беради.
Кейинги масала – мулоқот. Ахир, ҳозирча одамларнинг бир-бирларига кечинмалари, фикр-мулоҳазаларини етказиб беришнинг ёзувдан бошқа шакли топилган эмас. Масалан, икки юз йилдан кейин дунёга келадиган авлодингизга айтишни истаган юрак изҳорингизни сўздан бошқа қай йўсинда ифода эта оласиз? Бу билан сиз ҳам китоб ёзинг, демоқчимасмиз. Неча асрлар олдинги ҳаёт, одамларнинг турмуш тарзи, машғулотлари, ўй-фикридан шу китоблар бохабар қилмаганида, ўзингиз бориб, улар билан учрашиб, суҳбатлашиб келармидингиз? Демак, китоблар умри бир инсон умридан ҳам узунроқ, бир инсон фалсафасидан ҳам қадимроқ бўлиб чиқяпти. Сиз бунақа фалсафаларнинг қанчасини ўзингизники қилиб олишингиз, қанча умрларни яшаб кўришингиз мумкин, китоблар ҳисобига!
Аксарият одамларнинг бадавлат бўлиш истагига ҳам китоб, билим, ақл орқали эришилади. Хуллас, китобнинг одамга берадиганлари кўп. Оладигани эса вақтингизу дардингиз.

Китобхоннинг ортида она туради

Китоб жавонимизда мингдан ортиқ китоблар терилиб турарди. Еттинчи ё саккизинчи синф эдим, чамаси. Ёзги таътилда китоб ўқигим келди-ю, классик асарлар орасидан Мушфиқ Козимийнинг “Қўрқинчли Теҳрон”ини танладим. Энди ўқишга тушгандим ҳамки, онам қўлимдан китобни олиб: “Аввал мана буларни ўқиб тугат. Буни ўқишга ҳали ёшлик қиласан”, деди-ю, жавоннинг юқори растасига қўйиб қўйди. Шу энди ўша қитобни ўқигим келаверади-келаверади. “Нимаси қўрқинчли экан Теҳроннинг?” деган савол айланаверади миямда. Ўша китобни ўқиш учун нечта-нечта асарларни тугатиб юбордим. Ҳамон рухсат йўқ. Хаёлимнинг бир чеккасида ўша асар тураверади. Ахийри университетни битириш арафасида ўқиб чиқдим. Бироқ негадир Мопассаннинг “Азизим”, Маркеснинг “Бузрукнинг кузи” ва бошқа шунга ўхшаш асарларни ўқиб, анчагача ўзига келолмай юрган мен қизиқувчига интиқиб кутганим – “Қўрқинчли Теҳрон”нинг қўрқинчи сезилмади… Бугун мени шу йўл билан китобга қизиқишимни орттирган, саралаб ўқишни ўргатган онамга раҳмат дейман.
Ҳозир ўз-ўзидан ҳеч кимнинг қистовисиз дунёни имконим даражасида, кўпроқ билишни истаганим, муайян воқеа-ҳодисалар қизиқтиргани, замоннинг зиёли кишилари билан ҳамнафас, ҳамфикр бўлишни хоҳлаганим важидан, гоҳида шаҳар шовқинидан қочиб, гоҳида ёлғизликдан нажот излаб, қўлимга китоб оламан.
Бугун фарзандларимга илинган энг бебаҳо совғам – китоб. Китоб дўконларига бирга борамиз, ўзларига ёққанини танлаб олишади, ҳайратга тушишади, завқланишади. Уларни томоша қилишдан эса мен завқ туяман.

***

Китоблардан топган ҳикматим, олган хулосам оддий. Умри давомида битта китобни варақламай ҳам яшаб ўтиш мумкин, бироқ ўзини ҳурмат қилган одам, албатта, китоб ўқийди.
Бир асар мутолаасидан сўнг маълум хулосаларга келиш, унинг таъсирида дунёга ўзгача нигоҳ билан боқиш – байрам, асли китобхон учун.
Ўзини тафтиш қилишга, дунёни англашга уринган, эй одам, байраминг муборак!
Севара АЛИЖОНОВА.