ТАДБИРКОРГА САМАРАЛИ ТИЗИМНИ ЯРАТИБ БЕРИШ ЗАРУР

ТАДБИРКОРГА САМАРАЛИ ТИЗИМНИ ЯРАТИБ БЕРИШ ЗАРУР

Тадбиркорда ғоя ва ташаббус, аниқ режа-мақсад бор. Ташаббусни рўёбга чиқариш учун унга эътибор, рағбат – ер майдони, кредит ва шу каби бошқа қулай шароитлар керак. Агар унга “таянч нуқта” топиб берилса, нафақат оиласи фаровонлигини таъминлайди, балки ўз бизнесини ривожлантириш орқали жамиятнинг энг оғриқли масаласи – янги иш ўринлари яратишга кўмаклашади.
Шу йилнинг 5 апрель куни вилоят “Тадбиркорлар уйи”да Хайрулло Бозоровга 36 нафар тадбиркор турли масала ва муаммолар билан мурожаат этди. Шунингдек, мурожаатчиларнинг 7 нафари вилоят раҳбари билан такроран юзма-юз бўлган тадбиркорлардир.
Олтиариқ туманидаги “Valijon Vaxobjon Yusufjon” фермер хўжалиги раҳбари Валижон Набиев бир неча йилдан буён ҳақиқат излаб, сарсон бўлмоқда. Гап шундаки, 2016 йили ушбу фермер хўжалиги тасарруфидаги 12 гектар ер қонунга хилоф равишда олиб қўйилган ва бошқа фермер томонидан узум боғи ташкил этилган.
Тадбиркор Шоҳида Эминова Марғилон шаҳрида ҳашар йўли билан қурилган эски маҳалла биноси ўрнида давлат-хусусий шериклик тамойили асосида боғча қуришни режалаштирмоқда. Якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган Шарофиддин Якубов Бувайда туманида собиқ қишлоқ хўжалиги коллежи биносини хусусийлаштириб, янги ишлаб чиқариш тармоқларини ишга туширишда вилоят ҳокимидан амалий ёрдам сўради.
— Доривор гиёҳлар, хусусан, наъматак етиштиришни мақсад қилганмиз, — дейди “Farg’ona мeyor” МЧЖ бошлиғи Тоҳир Аминжонов. – Вилоят ҳокими ушбу бизнес-режамизни маъқуллаб, ер ажратиш масаласида мутасадди раҳбарларга топшириқ берди.
Аввалги учрашувда кўтарилган масаласи ижобий ҳал этилмай, Учкўприк, Данғара, Олтиариқ ва Бувайда туманидан бир гуруҳ ҳамюртларимиз яна вилоят “Тадбиркорлар уйи”га келишди.
Данғара туманида истиқомат қилувчи тадбиркор Шукуржон Парпиев собиқ туман ҳокими топшириғига асосан турар жойи сносга тушган оилага ер ажратиш шарти билан уй қуриб берган. Лекин шу кунга қадар унга ваъда қилинган ер майдони ажратиб берилмаяпти.
Хайрулло Бозоров ҳар бир мурожаатчини эшитиб, тадбиркорлик лойиҳаларини синчиклаб ўрганди. Ташаббусларни қўллаб-қувватлаш борасида тегишли идоралар раҳбарлари масъулияти ва жавобгарлигини ошириш кераклигини таъкидлади.
Ботир МАДИЁРОВ.
Суратни Шерзод ҚОРАБОЕВ олган.