Фарғоналик ўқувчи “Ёш китобхон” танловида “Спарк” соҳиби бўлди

Фарғоналик ўқувчи “Ёш китобхон” танловида “Спарк” соҳиби бўлди

Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида бўлиб ўтган “Ёш китобхон” танловининг 10-14 ёш тоифаси бўйича финал босқичида Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги 50-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Муҳаммадфозил Исмоилов ғолиб бўлди.
Ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини оммалаштириш, уларнинг бадиий саводхонлигини янада ошириш ва мутолаа муҳитини шакллантиришда мазкур танловнинг ўрни беқиёс. Шу боис унда иштирок этувчиларнинг сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. М. Исмоилов ҳам китобга меҳр қўйган ёшларимиздан бири. Онаси Мукаммал опанинг фарзандларини китобга дўст бўлишида катта ўрни бор.
Муҳаммадфозил исталган китоб ҳақида соатлаб гапиради. У 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб мазкур танловда иштирок этиб келади. 2019 йилда вилоятда 2-ўринни, 2020 йилда вилоятда 1-ўринни, республикада 7-ўринни эгаллаган. У мактаб ва туманда 5 та муҳим ташаббус бўйича ўтказиладиган танловларда фаол иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритиб келмоқда.
“Ёш китобхон” танловининг республика босқичида 10-14 ёш тоифаси бўйича Муҳаммадфозил Исмоилов 378,9 балл билан мутлақ ғолибликни қўлга киритди ва Президент совғаси “Спарк” автомобили соҳиби бўлди. Акаси ҳам мазкур танловда катталар бўйича вилоятда чемпион бўлиб, республика босқичига чиққан.
М. Сулаймонов, ЎзА.