МАРДИКОРЛИК– КАСБ…МИ?

МАРДИКОРЛИК– КАСБ…МИ?

“Бу ишимдан уялмайман…”
Ҳар куни туманимиз марказида бир жойда тўп-тўп бўлиб турган кишиларга – халқ тили билан айтганда, “мардикор бозори”га кўзим тушади. Баъзиларини танисам ҳам, хижолат қилмаслик учунми, юзимни буриб ўтиб кетган пайтларим кўп бўлган…
Боғдорчилигу томорқачилик ривож топган Олтиариқда турли юмушлар учун ана шундай мардикорлар жуда зарур. Туман марказидан Қизилтепа сиҳатгоҳига кетишда қишин-ёзин мардикор бозори “қайнайди”.
– Ишсизман, қўлимда бирор ҳунарим ҳам йўқ. Ҳар куни саҳарда шу ерга келиб, иш таклиф қилувчиларни кутамиз, – дейди асли бағдодлик Ақидахон Расулова. – Баъзан бир ҳафталик, гоҳида бир ойлик ишлар ҳам чиқади. Келишувга қараб кунига 70-90 минг сўм атрофида ишлаймиз. Доимий ишим бўлса, ҳаётимни изга тушириб олардим. Муҳтожликдан мардикорлик қиламан. Аммо бу ишимдан уялмайман.
Аёллар орасида бозор иқтисодиёти шароитида шаклланган “янги касб”ларнинг малакали мутахассислари ҳам бор. Уларга зарур шарт-шароит, ишга хавфсиз ёлланиш имконияти яратилса кифоя.
– Мева-сабзавотлар экспорти билан шуғулланамиз. Агар қадоқловчи аёллар бўлмаса, ишимиз тўхтаб қолади, – дейди олтиариқлик тадбиркор Ғайратжон Бозоров. – Масалан, гилос ёки узумни қадоқлаш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Меваларни талаб даражасида қадоқлаш учун муайян тажриба зарур. Шунинг учун бу ишга ёлланган аёлларнинг иш ҳақи қимматроқ бўлади.
Бошқача
ёндашув зарур

Иш излаётган фуқаролар бандлигини таъминлаш муҳим масала бўлиб, бунда асосий масъулият бандлик бўлимлари, моно-марказлар, касб-ҳунар ўқув курслари зиммасига тушиши табиий. Вилоятимиз шаҳар-туманларида ташкил этилган ўқув курслари, коворкинг ва мономарказларга асосан ёшлар мурожаат қилишлари ҳисобга олинса, ўрта ва катта ёшдаги ишсизлар муаммоси ўзгача ёндашувни талаб қилади.
– Учта фарзандим бор. Қўлимдан қурувчилик, сувоқчилик келади. Бандлик бўлимига мурожаат қилганман. Яқинда туманимиз марказида ўтказилган бўш иш ўринлари ярмаркасига бордим, – дейди мардикор йигитлардан бири Аброржон Ҳайиталиев. – Бир фирма ходими билан гаплашдим. Тўғриси, ойлик маоши кам экан. Шунинг учун яна мардикор бозорига чиқиб, иш излаяпман. Ҳозирги кунда рўзғор тебратиш учун ойига 1,5-2 миллион сўм топмаса бўлмайди.
– Вилоятимизда 175 мингдан зиёд ишсиз фуқаролар бор. Жорий йилнинг охирги уч ойида 17 мингдан ортиқ ана шундай фуқароларнинг бандлиги таъминланди, – дейди вилоят бандлик бош бошқармаси бўлим бошлиғи Хурсандбек Холиқов. – Мардикорлар, яъни бир кунлик иш изловчиларга қулайлик яратиш мақсадида Фарғона, Қўқон ва Марғилон шаҳарларида, Олтиариқ туманида кунлик иш марказлари ташкил этилган. Ҳозирча мақтанарли натижага эришилмаган бўлса-да, бу марказлар фаолиятидан умидимиз катта.
Табибимнинг
ўзи бемор…

2021 йил 15 март куни Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгашининг йиғилишида Сенат раиси Танзила Норбоева аёлларнинг мардикор бозорлари ҳақида сўз юритди: “Мардикорлик билан шуғулланаётган аёлларимиз бор. Мардикорлик дейилади, лекин бу жуда хунук гап. Бир марталик иш дейлик. Мана шундай фаолиятга эҳтиёжи бор аёлларимиз мавжуд… Бу масалага ҳудудлардаги опа-сингилларимизнинг алоҳида эътиборини қаратмоқчиман. Аёллар кўчада ўз ишчи кучини таклиф қилиб туриши жуда хунук ҳолат. Бир марталик ишларни замонавий тартибда ташкил қилишимиз керак. Мавжуд кунлик ишчилар марказларининг ишлаб кетишини ҳам йўлга қўйиш зарур…”
Мардикорлик қадимдан мавжуд бўлиб, бу ўзига хос меҳнат бозори ҳамма даврларда тартибсиз шаклланган. Аммо буни бир тизимга солиш ҳам мумкин. Мисол учун, мардикор бозорини иш изловчининг тўлиқ маълумотлари ва талабгорнинг хоҳиши асосида шакллантириш орқали замонавий меҳнат бозорига айлантириш.
Олтиариқ туманида ташкил этилган кунлик иш маркази айнан шу мақсадларни амалга ошириши керак эди. Лекин…
– Сиз айтган жойда – Қизилтепа сиҳатгоҳига кетаверишдаги йўл бўйида аввалдан шаклланган мардикор бозорида фаолият бошладик, – дейди Олтиариқ туман вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш бюроси директори Сардор Аҳмадалиев. – Бу ерда мавсумий иш изловчилар ва шундай ишчиларга муҳтожлар ўртасида кўприк вазифасини ўтай бошладик. Яъни, мардикорлар ўз хизматини таклиф этади, талабгорлар эса ишни. Маълумотлар базаси яратиб, ўртада беминнат воситачиликни йўлга қўйдик. Аммо бугунги кунга келиб, ходимларимиз учун ажратилган, лекин бошқа одамга тегишли бўлган бино бузиб ташланди.
Сардоржоннинг айтишича, бир неча бор туман ҳокимлигига, масъул идораларга мурожаат қилинишига қарамай, муаммо ечим топмаган. Наҳотки, мардикор бозорида кунлик ёлланма ишчиларга қулайлик яратишга бел боғлаган, замонавий услублар орқали мардикорга ҳам, талабгорга ҳам бепул ёрдам кўрсатаётган марказ фаолияти мутасаддилар учун муҳим бўлмаса!
***

Қуёш ҳали ётоғидан бош кўтармай мардикор бозорида шовқин-сурон авжига чиқади. Эркагу аёл мардикорлар қиш-қировли, ёмғир-қорли кун бўлишига қарамай, рўзғор тебратиш ташвишида, ҳалол пул топиш илинжида бу ерга ошиқади. Кўзлар йўл четига тўхтаган ҳар бир машина томон умид билан тикилади. Бориладиган манзил, бажариладиган иш ва ниҳоят, олинадиган ҳақнинг ҳали мавҳумлиги-ю, тун қоронғисигача уйда уни кутиб ўтирган қоракўзлар олдидаги хижолатпазлик эзади юракларни…

Ҳаётжон Бойбобоев.