Муносабат ЖАМИЯТНИНГ РУҲИ ВА ЖОНИ

Сўнгги йилларда халқимиз-нинг том маънода китобга қайтгани, китобхонлик аталмиш азалий қадрият яна одамларимизга йўлдош бўлаётганидан қувонсак арзийди. Китоб ўқилаётган, яхши асарлар дунё юзини кўраётган, китобхон авлод камолга етаётган экан, жамият ва миллатнинг эртасидан хавотир олмасак ҳам бўлади.
Бироқ маънавий-маърифий соҳани, адабиёт ва китобхонликни ҳар томонлама ривожлантириш, бу бо-радаги ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қув-ватлаш масаласи ҳамиша ислоҳотга муҳтож аслида. Мен шоир сифатида халқнинг маънавий покланишига хизмат қиладиган ижодкорлар ва уларнинг юксак савиядаги бадиий ижод намуналарини эътироф этиш ва рағбатлантириш энг тўғри йўл деб биламан.
Фарғонада ҳам адабий анжуманлар, ижодкорларнинг юбилей саналарини ўтказиш, ўтганларини муносиб хотирлаб, номини абадийлаштириш тадбирларига қанча куч сарфланса арзийди. Бугун эса мамлакатимиз ва халқаро миқёсда илмий-маърифий тадбирлар, учрашувлар, фес-тиваллар, танловлар, халқ сайиллари, адабий-мусиқий кечалар ўтказиш, маънавий-маърифий, адабий-бадиий китоб ва плакатлар нашр этиш, замонавий тарғибот воситалари ва медиа маҳсулотлар яратиш борасидаги имконларимиз янада кенгайганига гувоҳ бўлдик.
Президентимизнинг жорий йил 26 мартдаги “Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори моҳиятан ана шу улуғвор мақсадлар рўёбининг ҳуқуқий асоси бўлади. “Ижод” фонди негизида ташкил этилган мазкур жамғарма юртимизда бадиий ижод ва китобхонлик маданиятини фаол қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши жуда қувонарли.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқларидан бирида бугунги маънавий ҳаётимизни чуқур таҳлил этиб: “Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир. Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт бўлса, иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият”, дея таъкидлаган эдилар. Ушбу тарихий ҳужжат орқали миллат маънавияти, халқимизнинг ижодсеварлик фазилати янада жонланиши, жамиятнинг руҳи янада қувватланиши, шубҳасиз.

Баҳодир ИСО,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.