ҲАЁТИЙ МУҲИМ ҚАРОР

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ўта муҳим ва ҳаётий долзарб ҳужжат. Модомики, жамият тараққиётининг ҳозирги босқичи «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» шахдам бораётган экан, аввало, инсон омилига эътибор қаратиш зарур.
Мен узоқ йиллар маънавиятга дахлдор соҳаларда ишлаган фахрий ва ижодкор сифатида қарорни зўр қониқиш ва мамнуният билан ўқидим. Унинг мамлакат тараққиёти ва юксак маънавиятли, янгича дунёқарашли фуқароларни камол топтиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Қарорнинг 1-банд 6-хатбошисида «…маданият, адабиёт, кино, театр ва санъатнинг барча турлари, ноширлик-матбаа маҳсулотлари, оммавий ахборот воситаларида маънавий-ахлоқий мезонлар, миллий ва умуминсоний қадриятларнинг устуворлигига эришиш» назарда тутилганлиги, айниқса, аҳамиятлидир. Кейинги даврда бозор иқтисодиёти, сўз эркинлиги ва бошқа важлар билан адабиёт, санъатда мазмунан саёз, олди-қочди ёки енгил-елпи асарлар кўпайиб кетганлиги сир эмас. Чунки яхши ижодкор ўз асарини «қўли калта»лиги, ҳомий тополмаганлиги сабаб нашр қилолмаяпти. Аксинча, пули кўплиги учун ўртамиёна ижодкор ёмон «асари»ни истаган нусхада чоп этиб тарқатяпти. Бу кино, телевидение ва бошқа соҳаларга ҳам тааллуқли.
Бизда цензура бекор қи-линганлиги ижобий ҳол. Лекин, бу истаган одам саҳнага чиқиб, хоҳлаган қўшиғини айтаверади, дегани эмас. Лоақал, бадиий кенгаш ва таҳририят деган тузилмалар фаолиятини йўлга қўйиш, улар фикрини инобатга олиш керак, деб ўйлайман.

Собиржон ОТАБОЕВ,
Бувайда тумани, меҳнат фахрийси.