Тадбиркорлик “БИР КИЛО ГЎШТ 45 МИНГ СЎМ” дейди агрофирма раҳбари

Тадбиркорлик “БИР КИЛО ГЎШТ 45 МИНГ СЎМ” дейди агрофирма раҳбари

– Абу Али ибн Сино бобомиз қуён гўштини фойдали доривор егуликлар рўйхатида келтирганлар, – дея сўз бошлади “Водий наслли қуёнлари” МЧЖ шаклидаги агрофирма раҳбари, ёш тадбиркор Нуриддин Иминов. – 2016 йили қуёнчилик йўналишида тадбиркорлик фаолиятини бошлаганмиз. 2020 йил ёзида шу ерда бинолар қурилиши, махсус жиҳозлар, ускуналарни ўрнатиш, қуёнларни олиб келишга астойдил киришдик. Лойиҳа қиймати 14 млрд. 200 млн. сўм бўлиб, “Микрокредитбанк” АТБ вилоят филиалидан 6 млрд. сўм кредит олдик, Россиядан 2000 бош “Хикол” зотли қуёнларни келтирдик. Ҳозир уларнинг сони 5 мингга яқин, бир-икки ойда 20 мингга етказишни кўзлаганмиз.


Қуёнчилик деганда унинг гўшти-ю мўйнаси тушунилади. Бироқ узунқулоқ жониворнинг биз билмайдиган жиҳатлари кўп. Масалан, қуён гўшти парҳезбоплиги билан алоҳида ажралиб туради. Шу боис у инсон саломатлигига, айниқса, болалар ва кексалар учун ниҳоятда фойдали. Маълумотларга кўра, қуён қонидан тайёрланган зардобни тиббиёт йўналишида ишлатиш мумкин. Бир килограмм мия кукуни эса жаҳон бозорида 30 минг долларгача баҳоланар экан. Шу билан бирга, унинг чиқиндиси ҳам деҳқончиликда яхши самара беради. Бугунги кунда дунё миқёсида қуёнчиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганининг боиси ҳам шунда.
– Қуёнлар парвариши алоҳида эътибор талаб қилади, чунки улар жуда таъсирчан, ошқозониям нозик бўлади, – дейди агрофирма мутахассиси Ёқубжон Ғозиев. – Жониворлар учун етарли ем-хашак, озуқа захирасини яратганмиз. Ҳозирча улар кўпайиш жараёнида. Кунига 1,5 тонна гўшт етиштириш режамиз бор.
28 нафар доимий иш ўрни яратилган корхона раҳбари озуқа базаси учун ҳозирча 13 гектар ер мавжудлиги, келгусида уни кенгайтириш, қуёнчилик кластерини йўлга қўйиш, парҳез гўшт маҳсулотини “хомидан пишганигача” халққа етказиб бериш учун Фарғона шаҳрида савдо нуқтаси очиш каби мақсад-режалари ҳақида сўзлаб берди. Унинг айтишича, ҳозирнинг ўзида супермаркетлар томонидан кунига 700-800 килогача гўштга буюртма бор.
– Бу сердаромад соҳанинг сир-асрорларини ўргатишдан қочмайман, ёш тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилишга тайёрман, – дейди Нуриддин Иминов. – Қуёнларни тирик ҳолда сотишни ҳам ўйлаганмиз. Йилига 400-500 тонна гўшт, 200 минг бош она қуён етказиб бера оламиз. Ҳозирча бир кило қуён гўштини 45 минг сўмдан сотяпмиз, келажакда яна арзонлашади.
Жойлардаги инвестиция лойиҳалари билан танишиш жараёнида вилоят ҳокими корхонага ташриф буюриб, тадбиркорнинг фаолиятидаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга кўмаклашишини билдирган эди. Нуриддинжоннинг айтишича, электр узилишлари бўйича, шунингдек, банк кредити масаласи ижобий ҳал қилиб берилган. Албатта, бундай эътибор тадбиркорга куч-ғайрат бағишлаши табиий.
– Бу қуёнлар йилига етти марта, 8-10 тадан болалайди. 80 кунлигида 1,8-2 кг гўшт беради. Яқинда “Темир дафтар” рўйхатидаги оилаларга тарқатиб, зарур тавсиялар бердик. Мисол учун, 10 бош (8 та урғочи, 2 та нар) қуён олти ойлик озуқаси билан 4 миллион сўм атрофида маблағ талаб қилади. Хонаки усулда боқиб-кўпайтириб ҳам ярим йилда улар сонини 70-75 тага етказиш мумкин. Бу эса 150-180 кг атрофида гўшт маҳсулоти деган гап. Агар жониворлар сидқидилдан парвариш қилинса, 4-5 ойдан кейин бозордан гўшт харид қилишга эҳтиёж қолмайди, – дейди серғайрат тадбиркор.
Нуриддин Иминов йил охиригача қўшимча бинолар қуриш, селекция-наслчилик ишларини йўлга қўйиш, озуқа етиштириш учун ер майдонларини кўпайтириш, терини қайта ишлаш участкасини ишга тушириш, яна 70-80 та доимий иш ўрни яратиш мақсади йўлида тинмай изланмоқда.

Ҳаётжон Бойбобоев.
Суратни Шерзод Қорабоев олган.