ЙЎЛ – ҲАММАНИКИ ёки ҳайдовчилик маданияти ҳақида

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига республикамизда жисмоний шахсларга тегишли жами енгил автомобиллар сони 2 767 126 тани ташкил этмоқда. Бу ҳар 100 нафар фуқарога ўртача 8 та енгил автомобиль тўғри келади, дегани. Машиналар сони бўйича Фарғона вилояти Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятидан кейинги ўринда қайд этилган: вилоятда жисмоний шахсларга тегишли 276 558 та енгил автомобиль мавжуд.
Автолар кўплиги жиҳатидан вилоятимиз етакчи ўринда экан, афсуски, йўл-транспорт ҳодисалари сони ҳам оз эмас. Рақамларга мурожаат қилайлик.
Вилоят ИИБ ЙҲХБнинг жорий йил 15 мартидан 21 мартигача йўл ҳаракати қоидалари бузилиши бўйича ўтказган таҳлилига кўра, спиртли ичимлик таъсири остида автомобиль бошқариш – 144, светофорнинг тақиқловчи белгисига амал қилмаслик – 432, тегишли ҳужжатларсиз бошқариш – 571, қувиб ўтиш қоидаларини бузиш – 896, ЙҲХБ ходимининг қонуний талабларига бўйсунмаслик – 9, белгиланган тезликка амал қилмаслик – 6184 тани ташкил қилган. Содир этилган 6 та йўл-транспорт ҳодисалари натижасида эса 6 киши тан жароҳати олган, 2 нафар фуқаро вафот этган.
Бу – бир ҳафта давомида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари. Бир ой, бир йил мобайнида қанча шу каби ҳодиса рўй бериши, нечта фуқаро бевақт вафот этишини тасаввур қилишнинг ўзи аянчли.
Истаймизми-йўқми, йўлларда ҳаракатланишнинг асосий қаҳрамони – ҳайдовчилар. Демак, ҳайдовчилик маданияти деган тушунча салмоқли ўринни эгаллаши, шубҳасиз.
– Афсуски, аксарият ҳайдовчиларда “мен доим ҳақман” деган нотўғри тушунча бор, – дейди ИИБ ЙҲХБ ахборот гуруҳи катта инспектори Элбек Қобилов. – Яна бир жиҳат – сабрсизлик, йўлларда ҳаракатланишнинг бошқа иштирокчиларини менсимаслик яққол кўзга ташланади. Ахир, ҳайдовчилар йўл ҳаракати тартиб-қоидаларига бирдек риоя қилишлари шарт-ку! Аслида, бу ҳайдовчилик маданияти, умуман, одамийлик, инсонпарварлик туйғулари билан чамбарчас боғлиқ.
Муқаддас динимизда ҳам йўлларда ҳаракатланишга оид одоблар, ўзига хос қоидалар хусусида тўхталиб ўтилган. Жумладан, йўлга яхши ният билан отланиш, дуч келганда саломлашиш, адашган йўловчига кўмаклашиш, бошқаларга халал бермаслик сингари кўрсатмалар зикр қилинган.
– Йўлларда ҳаракатлан-ганда, айниқса, транспорт воситасини бошқариш пайтида бошқаларга ҳурматли бўлиш муҳим, – дейди кўп йиллар ҳайдовчилик қилган Муҳаммаджон Усмонов. – Баъзи ҳайдовчилар нотўғри ҳаракат қилиб, қолганларни ҳам хато қилишга мажбурлашади. Бундан ташқари, машинадан турли буюм, идишларни улоқтириш, ўринсиз сигнал чалиш нафақат одобсизлик, балки қоидабузарлик, қонунларни менсимаслик саналади.
Йўл – ҳамманики. Лекин ҳар бир шахс транспорт воситасида кўчага чиқдими, йўл ҳаракати қатнашчисига айланади, энди у қоидаларга бўйсуниши, жамиятда жорий қилинган талабларни бажариши шарт. Ана шу масъулият юкини барча бирдек ҳис қилиши зарур!
Ҳ. АБДУЖАББОРОВ.