Ҳунармандчиликдан – тадбиркорликка

Ҳунармандчиликдан – тадбиркорликка

НАФИС ГИЛАМЛАР САЙЁҲЛАР ЭЪТИБОРИДА
Риштон тумани “Оқ томир” МФЙда якка тартибдаги тадбиркор сифатида иш бошлаган Баҳромжон Ғофуров оила аъзолари, қўни-қўшнилар кўмагида каштачиликни йўлга қўйгач, унда янги ғоя туғилди: миллий ҳунармандчилигимизни хорижликларга, сайёҳларга намойиш қилсак, тарғиб қилсак, қандоқ бўларкин?
Фаолиятини шу мақсадга йўналтирган тадбиркор қўй жунини қайта ишлаб, қўлда гилам тўқишни бошлади. Қўй жунидан гилам тайёрлаш унча оммалашмаган, сунъий ёки пахта толасига қараганда жундан тайёрланган, қўлда тўқилган маҳсулот ўзига хос афзалликларга эга бўлади. Шундай қилиб, Баҳромжон ўз хонадонига бир нечта ихчам дастгоҳлар ўрнатиб, мўъжаз гиламчалар ишлаб чиқара бошлади.
Навбатдаги масала ушбу жараёнга сайёҳларни жалб қилиш эди. У турли сайёҳлик фирмалари, мутасаддилар билан алоқа ўрнатди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, қишлоққа хорижий сайёҳлар қатнови бошланди. Бежирим гиламчалар, уларнинг яратилиш жараёни сайёҳлар қизиқишига, ҳайратига сабаб бўлди.
– 2020 йилда “Зарина нафис гиламлари” ишлаб чиқариш кооперативи сифатида давлат рўйхатидан ўтдик, – дейди тадбиркор. – Фаолиятимизни кенгайтириш учун 89 миллион сўм субсидия ажратиб беришди. Натижада 40 та иш ўрни яратдик. Уларнинг ярми доимий ишчи, ярми касаначи. Ойлик маошларини вақтида олишяпти.


Қишлоқдаги ишсиз аёлларни тўплаб, уларга жун йигириш, калава бўяш, гилам тўқишга ўргатиш ҳам осон кечмади. Бугунги кунда бу юмушларга қўли келиб қолган хотин-қизлар ўзлари тўқиб битирган гиламлари билан фахрланишади. Келгусида ўз гиламдўзлик корхонасини очиш ниятидагилар ҳам йўқ эмас.
– Бу йил сайёҳлик йўналишида уй-меҳмонхона очиш тараддудидамиз, – дейди хонадон бекаси Ҳавохон Ғофурова. – Сайёҳларга гилам тўқилиши, “хом ашёдан – тайёр маҳсулотгача” бўлган жараённи тўлиқ намойиш этиш ниятидамиз. Сайёҳлар асосан, Австралия, Европа давлатларидан келишади.
Баҳромжоннинг айтишича, хорижликлар кичик ҳажмдаги сувенир гиламларни кўпроқ сотиб олишади, катта ҳажмдагилари эса Туркия, Қирғизистон ва Қозоғистонда харидоргир.

Ўз мухбиримиз.