Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотларида Ватан хизматига шай

Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотларида Ватан хизматига шай

Президентимизнинг ёшларга доир бешта муҳим ташаббуси,
Ўзбекистон ёшлар форуми ва Парламентга йўллаган
Мурожаатномасида ёш авлодни она Ватанга муҳаббат
ва садоқат, фидойилик, юрт тақдирига
дахлдорлик ҳисси билан тарбиялашга
алоҳида эътибор қаратилди.


Кўлами кенг вазифалар ижросини таъминлашда Ўзбекистон мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Риштон туман ўқув спорт-техника клуби муайян ишларни амалга ошириб келмоқда.
“Ватанпарварлик ойлиги” доирасида маҳалладаги уюшмаган ёшлар ўртасида қизиқарли маънавий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказилмоқда.
“Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғинида спорт-техникалар кўргазмаси, “Бешкапа” МФЙда волейбол тури бўйича “Ва-танпарвар кубоги“ мусобақаси туман ёшларини бир мақсад сари бирлаштирди. “Йўл қоидаси — умр фойдаси” шиори остида ўтказиб келинаётган ҳаракат хавфсизлиги тадбирлари йўл-улов ҳодисалари билан боғлиқ кўнгилсизликлар олдини олиб, ёшлар ўртасида ҳаракат қоидаларини тарғиб этмоқда.
Корхона ва ташкилотлар, маҳалла фаоллари иштирокида “Соғлом ҳаёт сари 5000 қадам” юриш марафони ва эрталабки
бадантарбия машқлари соғлом турмушни тарғиб этиш, оммавий спортни ривожлантириш, иқтидорли спортчиларни қўллаб-қувватлаш имкониятини беряпти.
“Ким Ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша!”, “Янгиланаётган Ўзбекистон”, ”Спорт–менинг ҳаётимда”, ”Биз ватанпарвар ёшлармиз”, ”Ватанпарварлик — миллий юксалиш кафолати”, “Аёл борки, олам мунаввар”, ”Қадриятлар бешигисан, Наврўз” мавзусида ўтказилган кеча ва учрашув, спорт-техника кўргазмалари ёшларни ҳар жиҳатдан етук ва баркамол этиб вояга етказишга хизмат қилиб, ўғил-қизлар қалбида ватанпарварлик, бунёдкорлик туйғуларини шакллантирмоқда.
— Жамоамиз кўп йиллик тажрибага эга малакали мутахассислар билан ҳайдовчилар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшиб қилмоқда, — дейди ўқув спорт-техника клуби бошлиғи Набижон Амиров. — Бунинг учун барча шарт-шароитлар яратилган. Шу кунга қадар “В”, ”ВС”, ” D” ҳамда ”Е” тоифалари бўйича 324 нафар ҳайдовчи тайёрланди. Қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш йўналишида 30 соатлик ўқув курслари ташкил этилди. Клубимизда спорт-техника турларини ривожлантиришга бўлган эътибор ортиб бормоқда. Ҳаво милтиғидан ўқ отиш, мотокросс, картинг ҳамда ёзги биатлон каби спорт секцияларимизда 100 нафардан ортиқ ёшлар шуғулланиб келади. Улар нуфузли мусобақаларнинг бир неча бор совриндорлари бўлишди. “Темир дафтар” ва ”Ёшлар дафтари”га кирганларни қайта касб-ҳунарга ўқитиш ишларига ҳам эътибор қаратганмиз.
Ўқув спорт-техника клуби моддий-техника базасини мустаҳамлаш,
зарур ўқув қўлланмалар, техник жиҳозлар билан таъминлаш
ишларига алоҳида эътибор берилган. Бу назарий билимларни
амалиёт билан уйғунлаштириш, янги иш тажрибаларини
оммалаштиришда қўл келмоқда.
Яқинда ЎСТК ташаббуси билан ўқувчи-ёшлар
ўртасида ўқ отиш бўйича вилоят биринчилиги мусобақалари ўтказилди. Қизиқарли ва муросасиз
беллашувларга бой бўлган баҳсларда умумжамоа
ҳисобида Бағдод, Риштон ва Бувайда туманлари
ўқув спорт-техника клуби ёшлари
ғолиб бўлишди.
Соғлом, мустақил дунёқарашга эга ёшларни тарбиялаш мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар“ ташкилотининг асосий вазифаларидан. Бу ишларда Риштон туман ўқув спорт-техника клуби жамоаси муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Расулжон Камолов,
Шерзод Қорабоев.