Касаба уюшмаси ташаббуси билан ТОШКЕНТГА САЁҲАТ

Касаба уюшмаси ташаббуси билан ТОШКЕНТГА САЁҲАТ

Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси юртимизнинг қадимий шаҳарлари – Бухоро, Самарқанд, Тошкент ва Хивага ташкил этаётган саёҳат Президентимизнинг ички ва зиёрат туризмини ривожлантиришга қаратилган қарорига хайрли жавоб бўлмоқда.
Шу ойнинг бошида 40 нафар фарғоналик аёл – турли касб эгаларидан иборат сайёҳлар гуруҳи Тошкент сафарида бўлди. Уларни пойтахт темир йўли вокзалида кутиб турган замонавий автобус федерациянинг “Саёҳат сари” меҳмонхонасига элтиб қўйди. Фарғона вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси масъул ходими Ҳикоятхон Ғафурова раҳбар бўлган фарғоналик сайёҳларни мезбонлар илтифот билан кутиб олишгани туфайли ҳам Марғилон станциясидан пойтахтгача беш соатлик йўл чарчоғи бирдан унутилди.
Сайёҳлар Ўрта Осиёдаги ноёб обидалардан бири – “Зангиота” зиёратгоҳида бўлишиб, табаррук зотнинг мақбарасини зиёрат қилишди. Ундан аввал Аҳмад Яссавийнинг муриди, сўфий шоир Сулаймон Ҳаким Боқирғонийнинг шогирди бўлмиш Ойхўжа ибн Тошхўжа (Занги отанинг асл исми) ҳақида қизиқарли маълумотларни билиб олдилар. Бу буюк зотнинг Занги ота, деб аталиши эса унинг занжи, яъни қора танли бўлганлигига ишора.
“Зангиота”дан сайёҳлар Тошкентдаги 12,5 гектар майдонни эгаллаган Ғалаба боғига йўл олдилар. Ўзбекистонлик жангчиларнинг қаҳрамонликлари абадийлаштирилган бу мемориал мажмуа фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллигига атаб барпо этилган. Мажмуа зиёратчиларга ўша машъум уруш йиллари даҳшатларини эслатади. Урушда беш ўғли ҳалок бўлган Зулфия Зокирова, унинг фронтда ҳалок бўлган мард фарзандлари ва бева қолган тўрт нафар келини хотирасига ўрнатилган “Матонат мадҳияси”, деб номланган ёдгорликдан эса кўзлар намланади. Ғалаба боғи – урушнинг оғир оқибатларини эслатувчи, тинчлик-осойишталикнинг қадри нечук баланд эканлигини намоён этувчи мажмуа. Ватанпарварлик ҳис-туйғусини тарбиялашга қодир муқаддас даргоҳ.
— Менда Ғалаба боғи айниқса катта таассурот қолдирди, — дейди Фарғона “Иссиқлик электр маркази” лабораторияси техниги Алина Қодирова. — Лойиҳа муаллифларига эса тан бермасликнинг иложи йўқ. Боғнинг олтита мавзуий зонаси урушнинг ҳар бир босқичи ҳақида батафсил ҳикоя қилади. Биз, ёшлар, уруш ҳақида кино, телевидение ва китоб орқали биламиз, холос. Бу боғни зиёрат қилиб, халқимизнинг урушдан қанчалар азоб чекканини, бошидан биз тушда кўрмаган қийинчиликларни ўтказганини англадик.
Сайёҳлар орасида шаҳар-қишлоқларимиз ободлигини деб, кеча-ю кундуз меҳнат қиладиган ободонлаштириш бошқармаси ишчи аёллари ҳам борлигидан қувондик. Улардан бири тошлоқлик Назокат Сайдаматова касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасидан миннатдор эканлигини билдириб, дейди:
— Тошкентга биринчи келишим. Биласиз, иш, оила, уй юмушлари… Мен пойтахтга боришни хаёлимга ҳам келтирмаган эдим. Оиладагиларга дабдурустдан: “Мен шерикларим билан Тошкентга кетяпман”, дея олмаслигим, табиий. Сафарнинг тўлиқ бепуллиги ҳам биз, аёлларни қувонтирди. Тошкент чиройли биноларга бой, замонавий, гўзал шаҳар экан. Мени пойтахтимиз айниқса боғлари, дарахтзорлари билан мафтун қилди.
Ғалаба боғидан кейин автобус Муқимий номли мусиқали комедия театрига йўл олди. Бу ерда сайёҳлар драматург Шукрулло Маҳкамовнинг “Ақлдан озиш ҳеч гапмас” асари асосида режиссёр Баҳодир Назаров саҳналаштирган комедияни мириқиб томоша қилдилар.
— Мен ҳам Тошкентда биринчи марта бўлишим, — дейди Данғара туман маданият бўлими фарроши Пўлатхон Ҳасанова. — Таассуротлар – бир олам. “Зангиота” зиёратгоҳи, Ғалаба боғи, умуман, Тошкент жуда-жуда ёқди. Бизга Қўқон яқин бўлса ҳам, умрим бино бўлиб шаҳардаги мусиқали драма театрида бўлмаганман. Пойтахтда эса Муқимий номли театр спектаклини томоша қилишга муяссар бўлдим. Фурсатдан фойдаланиб, саёҳатни уюштирган касаба уюшмаларига чуқур миннатдорчилик билдираман.
…Жума куни бошланган саёҳат якшанба куни якун топди. Шу қисқа вақт ичида фарғоналик аёллар Тошкентнинг диққатга сазовор жойларини зиё-рат қилишди. Сафар уларда туризмга иштиёқни уйғотган бўлса, ажаб эмас.

Тамара
ТОШМАТОВА.