ЯХШИЛИКНИНГ МУКОФОТИ…

“Ҳурматли автобус ҳайдовчилари, мактабга борувчи болаларимиз қўл кўтарса, тўхтанглар! (пулини беради.)” (Автостанциядаги ёзувдан).
Бекатда турган 7–8 ёшлардаги қизалоқ автобусга қўл кўтарди.
– Ўзинг ёлғизмисан, қизим, қаерга боришингни биласанми? — сўради ҳайдовчи.
– Холамникига келгандим, қайтяп-ман, уйимизни биламан, – деди қизча.
Автобус йўлида давом этди. Кейинги бекатларда бирин-кетин йўловчилар тушиб қолишди. Автобусда қизчанинг ўзи қолди ва ҳайдовчига:
– Амаки, мен охирги қишлоққача бораман, – деди.
Ҳайдовчи ўйланди:
“Ҳали анча юриш керак экан. Бошқа машинага ўтказиб юборсаммикан? Йўғ-эй, қизнинг яқинлари ҳам хавотирланиб ўтиришгандир. Олиб бориб қўя қолай”.
Қизалоқ манзилига етгунча, бошқа йўловчилар учрамади. Ҳайдовчи машинани тўхтатди ва сўради:
– Уйингни аниқ биласанми?
Қизча “ҳа”, ишорасини қилгач, “Тушақол бўлмаса”, деди. Чўнтакларини титкилаб турган қизча хижолат бўлиб, деди:
– Амаки, пулларим тушиб қолибди.
– Майли, қизим, ишқилиб, уйингга аниқ етиб келдингми?
– Ҳа, раҳмат! – деганча тўғридаги дарвозага қараб чопқиллаб кетди.
Ҳайдовчи келган йўлидан қайтаркан, қўл телефони жиринглади. Пойтахтдан талаба қизи қўнғироқ қилаётган экан.
– Ва алайкум ассалом, ҳа, қизим? Яхши юрибсанми?
– Дадажон, бугун институтимизда ўтказилган танловда қатнашиб, ғолиб бўлдим. Мукофот беришди. Дуо қилиб қўйинг, дадажон. Хайр, соғ бўлинг!
Яхшилик учун берилган мукофот ҳайдовчини ўйга толдирди. Баъзида йўл четида қўл кўтариб турган мактаб ўқувчиларига эътиборсиз ўтиб кетганидан энди уяла бошлади…

Шоҳсанам ЭШМАТОВА.