Хушхабар РИШТОН – СЎХ ЙЎЛИ: ДЎСТЛИК, МЕҲР-ОҚИБАТ ЙЎЛИ БЎЛИБ ҚОЛАЖАК!

Хушхабар РИШТОН – СЎХ ЙЎЛИ: ДЎСТЛИК, МЕҲР-ОҚИБАТ ЙЎЛИ БЎЛИБ ҚОЛАЖАК!

Асрлар мобайнида аҳил-иноқликда, ҳамжиҳат ва ҳамфикр бўлиб яшаб келаётган халқларимизнинг қадрият ва анъаналари, яшаш ва турмуш тарзи ўзаро муштаракдир. Шу боис азалдан ота-боболаримиз ўзбек ва қирғиз халқини бир дарахтнинг икки япроғи сифатида эътироф этиши бежиз эмас.


Шу йилнинг 1 апрель куни Риштон туманидан қўшни Қирғизистон орқали вилоятимизнинг анк-лав ҳудуди – Сўх туманига борувчи йўлнинг қайта очилиши маросими бўлиб ўтди.
“Риштон” божхона чегара пос-тининг яна ишга тушиши катта шодиёна сифатида нишонланиб, чегара мажмуасида Қирғизистондан ташриф буюрган меҳмонлар кенг жамоатчилик ҳамда ёшлар вакиллари иштирокида карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди.
Тадбирда сўз олган Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ҳамда Боткен вилояти губернатори Омурбек Сувоналиев ва бошқалар мамлакатларимиз ўртасидаги самимий дўстлик, қардошлик муносабатларининг бугунги янги босқичида барча соҳаларда ҳамкорлик алоқалар кенгайиб бораётганини мамнуният билан таъкидлаб ўтдилар.
– Бугун икки қардош халқ учун катта шодиёна, – деди вилоят раҳбари. – Қарийб ўн йилдан буён берк бўлган чегара постларимизнинг очилиши ҳақиқатан ҳам муҳим воқеадир. Бу борада чегараолди ҳудудлар ўртасидаги муносабатлар яхшиланиб бораётгани янада қувонарли. Халқларимизнинг дўстлиги абадий бўлсин!
Риштон туманида истиқомат қилувчи Турсунхўжа Абдураҳмонов азалдан ота-боболаримизнинг бозори ва мозори бир эканлигини таъкидлаб, илдизлари мустаҳкам ўзаро оға-инилик, биродарлик ришталари боқий эканлигини эътироф этди.
Байрам тадбирлари Сўх туманининг Тул қишлоғида жойлашган “Сўх” чегара божхона масканида ҳам давом этиб, тантана қатнашчилари ушбу хушхабар билан бир-бирларини самимий муборакбод этишди. Фарғона вилояти ҳокими ҳамда Боткен вилояти губернатори тадбир иштирокчиларига энг эзгу тилакларини билдирди.
Миллий анъаналарга кўра, икки халқ вакиллари бир-бирларига гулдасталар совға қилиб, зарбоф тўн кийдирдилар.
— Бу йўлнинг очилиши савдо-иқтисодий муносабатларимиз, тадбиркорлик ривожида ҳам муҳим аҳамиятга эга, — дейди Боткен вилоятининг Қадамжой туманида яшовчи тадбиркор Ражабали Худойбердиев. – Ишонамизки, эндиликда ўзаро маҳсулот айирбошлаш, ҳамкорликда тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш имконияти янада кенгаяди.
Қарийб ўн йиллик орзулар рўёбга чиқиб, икки мамлакат ўртасидаги чегара масканларининг очилгани чинакам маънода кутилган воқеа бўлди.
Ҳеч шубҳасиз, бу йўл – дўстлик, қардошлик, меҳр-оқибат йўли бўлиб қолажак!

Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ,
Муқимжон ҚОДИРОВ
(суратлар),
Фарғона – Риштон – Сўх – Фарғона.