Фарғонадан Истанбулга ИЛК АВИАҚАТНОВ АМАЛГА ОШИРИЛДИ

Фарғонадан Истанбулга ИЛК АВИАҚАТНОВ АМАЛГА ОШИРИЛДИ

2021 йилнинг 4-5 февраль кунлари давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга ташрифи чоғида Фарғонадан Туркия, Корея Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари сингари давлатларга тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш вазифаси белгиланган эди.


Шу йилнинг 31 март куни “Фарғона” халқаро аэропортидан “Фарғона — Истанбул” йўналиши бўйича илк авиақатнов амалга оширилди.
“Фарғона” халқаро аэропортининг ташишни ташкиллаш хизмати бошлиғи ўринбосари Эркин Обидовнинг қайд этишича, Фарғона водийсидан 140 нафар ҳамюртларимиз 5 соату 30 дақиқа давомида қардош юртга хавфсиз парвоз қилиши учун энг замонавий самолёт ажратилди. Бундан буён бир ҳафтада икки маротаба Фарғонадан Туркияга мунтазам равишда авиақатновларни йўлга қўйиш режалаштирилган.
Айни пайтда “Фарғона” аэропортидан Дубай, Сеул шаҳарларига ҳам халқаро авиарейслар қатновини ташкил этиш борасида музокаралар олиб борилмоқда. Шунингдек, Тошкент, Самарқанд, Урганч каби йўналишларда ички парвозларни янада кенгайтириш кўзда тутиляпти.
Шоҳруҳ Мамажонов туризм йўналишида ҳамкорликни йўлга қўйиш, Дониёр Шералиев ишлаш мақсадида Туркияга учиб кетмоқда.
— Тадбиркор сифатида хорижга кўп бораман, — дейди Муҳаммаджон Ўринбоев. – Вақт ва қўшимча харажат сарфлаб, Тошкентдан учиш баъзи қийинчиликларни келтириб чиқарарди. Фарғонадан тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилгани бизни беҳад мамнун этди.
Фарғонанинг инвестициявий салоҳиятини юксалтириш, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, туризмни ривожлантиришда бу каби қулайликлар яратилиши муҳим аҳамиятга эга.
Шу куни “Фарғона” халқаро аэропортидан дастлабки йўловчилар кема командири Артур Артунян бошчилигидаги учувчилар бригадаси билан замонавий ҳаво лайнерида Истанбулга парвоз қилдилар.
Ботир МАДИЁРОВ.
Суратларни Шерзод ҚОРАБОЕВ олган.