КОРОНАВИРУСГА ҚАРШИ ЭМЛАШ БОШЛАНДИ

КОРОНАВИРУСГА ҚАРШИ ЭМЛАШ БОШЛАНДИ

Фарғона шаҳридаги еттита оилавий поликлиникада коронавирусга қарши оммавий эмлаш тадбирлари бошланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартиб асосида биринчи босқичда 65 ёшдан ошганлар ва тиббиёт ходимлари эмланиши лозим.
— Дастлабки кунда 70 нафардан ортиқ шахс эмланиши кўзда тутилган. Биринчи навбатда шифокор кўригидан ўтилади, — дейди Фарғона шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Муҳиддин Шокиров. — Агар унда қарши кўрсатма аниқланса, жараён кечиктирилади. Соғлом инсонга вакцина юборилгандан сўнг 30 минут кузатув хонасида назоратда бўлади. Вирусга қарши эмланганларнинг аҳволидан шифокорлар 3 кун мобайнида хабар олишади. Иккинчи босқич 12-24 кундан сўнг амалга оширилади.
Вилоят бўйича аҳоли электрон базаси асосида қарийб 40 минг нафар шахслар AstraZeneca вакцинаси билан эмланиши режалаштирилган. Сўнгра ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, мактаб ўқитувчилари, мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари эмланади.
— Вирусга қарши вакцинани биринчилардан бўлиб кўнгилли равишда олдим. Жараён санитария-гигиена ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилган ҳолда ташкил этилмоқда. Унинг ҳеч қандай ножўя таъсирини сезмадим, — дейди 71 ёшли Авазбек ота Абдураҳмонов.

Шоҳсанам ЭШМАТОВА.

Шерзод ҚОРАБОЕВ
олган суратлар.