Бизнесингиз учун жой керакми?

Бизнесингиз учун жой керакми?

Вилоятдаги кичик
саноат зоналари сизни кутмоқда
ТАДБИРКОРЛАРГА КАТТА ИМКОНИЯТ
“Фарғонанинг тадбиркори —Фарғонанинг ислоҳотчиси” деган эзгу ғоя асосидаги саъй-ҳаракатлар тизимли давом этмоқда. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг маълумотига кўра, республикада февраль ойидаги ишбилармонлик фаоллиги индекси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,4 фоизга ошган. Хусусан, Фарғона вилоятида 51,3 фоиз ўсиш кузатилган ва бу энг юқори кўрсаткич сифатида қайд этилган. Шаҳар ва туманларимизда ташкил этилаётган кичик саноат зоналари ҳам тадбиркорларнинг лойиҳаларини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамиятга эга. Вилоят ҳокими ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Муҳсинхўжа АБДУРАҲМОНОВ мазкур йўналишдаги ишлар хусусида қуйидагиларни гапириб берди.
— Кичик саноат зоналари тадбиркорларга қўшимча қулайлик ва имконият яратиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва шу орқали ҳудуд саноат салоҳиятини ошириш, иқтисодиётини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилмоқда, — дейди вилоят ҳокими ўринбосари. — Ривожланган хорижий давлатларда кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш, саноатни технологик ривожланиши билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишнинг муҳим механизмларидан бири индустриал парклар, технополислар ва саноат зоналари ҳисобланади. Ҳозирги кунда АҚШ ва Хитойда 400 та, Германияда 200 та, Туркияда 262 та, Вьетнамда 200 га яқин индустриал парклар фаолият юритмоқда. Мазкур зоналар ишлаб чиқаришнинг замонавий технологик базасини шакллантириш, ишлаб чиқариш жараёнларига инновацияларни жорий этиш ҳамда юқори сифатли маҳсулотлар яратиш ва хизмат кўрсатишни таъминлашда асос ролини ўйнамоқда.
Кичик саноат зоналарининг муҳим жиҳат-ларига эътибор қаратсак.
Биринчидан, мазкур зоналарда янги иш ўринлари яратилиб, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”дагиларнинг бандлиги таъминланади.
Иккинчидан, мазкур ҳудудларда асосан, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Инвестиция лойиҳаларини танлаб олишда ҳам мазкур жиҳатга муҳим эътибор қаратилади. Тадбиркорлар ҳудуд ёки ҳар бир маҳалла кесимида “ўсиш нуқталари”дан келиб чиққан ҳолда лойиҳаларни амалга ошириши самарадорликка хизмат қилади. Шунингдек, маҳсулотларни ички бозор билан биргаликда экспортга йўналтириш кўзда тутилган.
Учинчидан, шаҳар ва туманларимиздаги кичик саноат зоналарида лойиҳаларнинг ишга туширилиши натижасида ҳудуднинг саноат салоҳияти ошади. Биргина солиқларнинг ўзи маҳаллий бюджетга тушиб, маблағлар ижтимоий-иқтисодий ривожланишга сарфланади.
Афсуски, ҳозирча ҳудудларимизда бу мақсадга эришилгани йўқ. Демак, туман, шаҳар ҳокимлари, мутасаддилар ушбу масалага алоҳида эътибор қаратишлари керак бўлади. Кичик саноат зоналари давлат мулки объектларининг фойдаланилмаётган майдонлари, зарар кўриб ишлаётган, иқтисодий ночор ва паст рентабелли корхоналарнинг ишлатилмаётган ҳудудлари негизида яратилмоқда.
Бугунги кунда вилоятимизда умумий ер майдони 660,2 гектар ҳамда 174 минг квадрат метрдан зиёд бино ва иншоотларга эга бўлган 91 та кичик саноат зоналари мавжуд. Шулардан 23 та ёки 165 гектар ер майдонида “Ёшлар кичик саноат зоналари” ташкил этилган. Шуни таъкидлаш керакки, бу ҳудудларда тадбиркорларнинг фаолият юритишлари учун зарур муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси яратиб берилмоқда. Электр энергия, сув, табиий газ, йўл масалаларида ҳеч қандай муаммо бўлмайди.
Бу зоналарга Маъмурий кенгашнинг қарорлари билан 1049 та лойиҳалар жойлаштирилган, ушбу лойиҳаларни амалга ошириш натижасида 23 минг 856 та янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган.
23 та “Ёшлар кичик саноат зонаси”да умумий қиймати 422,7 миллиард сўм бўлган 410 та лойиҳалар танлаб олиниб, қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳалар асосан қурилиш, мебель, енгил саноат, фармацевтика, чарм пойабзал каби йўналишларда ташкил этиляпти.
Жорий йилнинг 1 январь ҳолатига 74 та лойиҳалар ишга туширилган бўлиб, улар томонидан ўтган йили 107,7 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган. 640,8 минг АҚШ долларига тенг маҳсулот экспорт қилин-ган. Йил якунига қадар 97 та лойиҳа ишга туширилиши натижасида 3500 дан зиёд янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Тадбиркорларга енгилликлар яратиш мақ-садида 2020 йилда коронавирус пандемияси даврида кичик саноат зонасида фаолият олиб бораётган корхоналарнинг 370,1 миллион сўмлик ижара ҳақлари кечиб берилди. Барча тадбиркорларимизни шаҳар ва туманларимиздаги кичик саноат зоналарида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга таклиф этамиз.
Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ.
БИЗ – СИЗНИНГ ХИЗМАТИНГИЗДАМИЗ
Азизбек САЙДАЛИЕВ,
Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси бош директори:
— 2021 йили вилоятдаги кичик саноат зоналари (КСЗ)да амалга ошириш учун мутахассисларимиз томонидан 62 млрд. сўмлик лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланди.
Ҳозирги кунда Қўқон шаҳри, Бувайда, Фарғона ва Олтиариқ туманида жойлашган КСЗда асосий таъминот тикланди. Қўқон шаҳридаги КСЗда 1,5 км. тармоқ тортилиб, 36 та бетон таянч устунлар ўрнатилди. Олтиариқда ташкил этилган КСЗ учун 207 млн. сўм маблағ сарфланди. Электр таъминоти узлуксизлигини таъминлаш мақсадида Марғилон шаҳрида жойлашган Надирмат КСЗга захира тармоқ тортиб келинди.
Биз КСЗга марказлашган ҳолда электр таъминоти етказиб берилиши учун масъулмиз. Корхона ҳудудига тармоқ тортиш харажатлари тадбиркорлик субъектлари зиммасида бўлади.

Улуғбек ҚЎЧҚОРОВ,
“Hududgaz Farg’ona” газ таъминоти
филиали директори:
— Мутахассисларимиз томонидан шаҳар-туманлардаги 88 та кичик саноат зонасини табиий газ билан таъминлаш имконияти ўрганилди. Маълум бўлишича, 45 та КСЗни табиий газ билан таъминлаш имконияти мавжуд. 31 та КСЗ жойлашган ҳудудлар суюлтирилган газ таъминотига ўтказилган бўлиб, уларда муқобил ёқилғи туридан фойдаланиш мақсадга мувофиқлиги аниқланди.
Кичик саноат зонасида жойлашган ҳар бир тадбиркорлик субъектини табиий газга бўлган эҳтиёжи аниқ бўлгач, тармоққа уланиш жойи, тармоқ тортиш узунлиги ҳамда сарфланадиган маблағ ҳисоб-китоб қилинади.
Саноат зонасига умумий тармоқ тортилиши учун масъулият бизнинг зиммамизда. Тадбиркорлик субъектлари лойиҳа ҳужжатлари асосида ўз ҳудудига табиий газ тармоғи тортилиши ва қонуний асосда фойдаланиш учун бевосита масъул ҳисобланади.

Муроджон ЙЎЛДОШЕВ,
“Фарғона сув таъминоти” МЧЖ раҳбари:
— Фаолият кўрсатаётган ва янгитдан ташкил этилиши режалаштирилаётган кичик саноат зоналари бўйича ичимлик ва оқова сув таъминоти, янги тармоқлар тортишга бўлган эҳтиёж ҳисоб-китоб қилинди. Шу асосда вилоят кичик саноат зоналарини бошқариш дирекциясига таклифлар берилди.
Ҳозирги кунда маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда иш олиб борилиб, тадбиркорларни қийнаётган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш чоралари кўриляпти. Бу борада Бағдод, Учкўприк ва Тошлоқ туманларидаги КСЗларида мавжуд ҳолат ўрганилиб, таклифлар ишлаб чиқилди, лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланди.
Корхонамиз томонидан КСЗда фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари чегара ҳудудигача сув тармоғи бюджет маблағи ҳисобидан тортилади. Шундан сўнг тадбиркор тармоқни ичкарига олиб кириб, ундан бемалол фойдаланиши мумкин.

Туробжон ҚУНДУЗОВ,
Марказий банкнинг Фарғона вилояти бош бошқармаси бошлиғи:
— Кичик саноат зоналарида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришда банклар тижорат йўналишидаги миллий ва хорижий валютада бериладиган кредитларни тақдим этиши мумкин. Кредитлар камида 3 йил, лойиҳанинг ўзига хос жиҳатларидан келиб чиққан ҳолда 3 йилдан кўпроқ муддатга ҳам берилади.
Корхонанинг айланма маблағини шакллантириш мақсадида ҳам 18 ойгача бўлган муддатга кредитлар ажратилади. Кредитлар қарз олувчи ва банк ўртасида тузилган шартнома асосида келишилган фоиз ставкаларида тақдим этилади.
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг компенсация хизмати орқали миллий валютада кредитнинг 5 фоиз, хорижий валютада 3 фоиз қисмигача имтиёз берилади. Кафиллик хизмати бўйича кредитнинг 50 фоиз қисми учун гаров таъминоти масаласи ҳал этилиши мумкин.

Обиджон ЖЎРАЕВ,
вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи:
— Йўллар бежизга иқтисодиётнинг қон томири сифатида эътироф этилмайди. Кичик саноат зоналари фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантиришда ҳам йўллар сифати муҳим аҳамиятга эга.
Юрт равнақ-ривожи учун инвестиция киритаётган, янги иш ўринлари яратиб, аҳолини муқим даромад манбаига эга бўлишини таъминлаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жуда ҳам зарур. Бунинг учун уларга энг муҳим инфратузилма – йўл сифатини яхшилаб бериш лозим.
Бевосита вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан вилоятдаги барча кичик саноат зоналари ички йўллари асосини яратиш, шағал ётқизиш, асфальт қилиш бўйича алоҳида чора-тадбирлар белгиланмоқда. Бу борада маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан кенг кўламли ишларни бажариш ва бунинг самараси сифатида КСЗларида қулай тадбиркорлик муҳити яратиш режалаштириляпти.

Суҳбатни Ботир МАДИЁРОВ
ёзиб олди.