Бекзод Қодиров: «Бўлар экан-ку!»

Бекзод Қодиров: «Бўлар экан-ку!»

Қиргули қир-адирлари билан туташиб кетган Тошлоқ туманидаги Бешолиш даҳаси қурувчи ёшлар билан гавжум. Бу ерда 5,5 гектар майдонда “Ёшлар” кичик саноат зонаси ташкил этилмоқда.
Бетон қориштираётган, ғишт тераётган қурувчилар, йўлсозлар, қудратли техникалар ҳаракати бир зум тўхтагани йўқ.
Эътиборимизни ғишт тераётган ёшлар ҳаракати тортди. “Ҳорманглар” дея улар томон юзландик.
Қурилиш майдонида басма-басига меҳнат қилаётган қурувчилар юзида мамнунлик ҳукмрон.
— Саломат бўлинглар, — дея бизга пешвоз чиқди кенг пешона, очиқ чеҳрали ўрта ёшдаги йигит.
Қурувчи ёшлар бригадаси сардори Аббосжон Тожибоевни суҳбатга чорладик.
— Навбаҳор қишлоғидан келганмиз. Иш излаб ўзга юртларга борар эдик. Уйимиздан олис бўлмаган жойда бунёдкорликлар бошланганини эшитиб келдик. Шу кунга қадар янги корхона атрофига девор тикладик. Энди ишлаб чиқариш иншоотлари қурилишига киришдик. Ишларни тез ва сифатли амалга ошириш учун шароитлар етарли. Ойликларимизни ўз вақтида оляпмиз, иссиқ овқат, келиб-кетиш учун транспорт бор.
Асрлар давомида қуриб-қақшаб ётган, тош-шағалдан иборат майдонларда йўл, сув , электр, табиий газ таъминоти оғир муаммолардан бири бўлиб келган. Бугун ушбу маскан манзараси шиддат билан ўзгариб бормоқда. Бу ер 22 нафар ёшларга ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш учун бўлиб берилди.
“Ёшлар” кичик саноат зонасига “Нексия” автомобили келиб тўхтади. Ўзини Бекзод Қодиров деб таништирган ёш тадбиркор билан кечган суҳбатимиз мароқли бўлди.
Автомобиль эҳтиёт қисмлари савдоси билан шуғулланиб келган тадбиркор мустақил ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйишни мақсад қилган. Унинг таклифи туман мутасаддилари томонидан қўллаб-қувватланди, кичик саноат зонасидан 10 сотих ер майдони ажратиб берилди.
— Илгари бир қарич ер олиш мушкул эди. Бўлар экан-ку! — дейди “Беҳрузбек Осиё тараққиёти” оилавий корхона раҳбари. — Бу ерда умумий қиймати 2 миллиард сўм бўлган лойиҳани амалга оширяпмиз. Янги тармоқ шу йилнинг 4-чорагида ишга тушади. 15 нафар ёшлар иш билан таъминланади, кунига 5 тоннадан ортиқ пайвандлаш учун электродлар ишлаб чиқариш имконияти яратилади.
Кичик саноат зонасида инфратузилма тармоқлари қурилишига алоҳида эътибор қаратилётгани истиқболли лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш, янги маҳсулот ва иш ўринлари яратишда қўл келади.
— Ҳар куни қурувчи ва лойиҳа ташаббускорлари билан мулоқот қилиб, муаммоларни ҳамжиҳатликда бартараф этишга ҳаракат қиляпмиз, — дейди Тошлоқ тумани инвестиция ва ташқи савдо бўлими бошлиғи ўринбосари Илҳомжон Абдулазизов. — Шу кунга қадар 2 километрдан ортиқ юқори кучланишли электр узатмалари тортилди, янги подстанция ўрнатилди. Йўл, табиий газ, сув тармоқларини қуриш ишлари якунланди.
Кичик саноат зонасида тадбиркорларга 10 сотихдан – 1 гектаргача ер майдони ажратилган. Қиймати 45 миллиард 893 миллион сўм бўлган лойиҳалар доирасида қурилиш, мебель, калава ип, пластмасса маҳсулотлари, озиқ-овқат, мевани қайта ишлаш сингари ўнлаб корхоналар ишга тушади, 634 та иш ўрни яратилади.
Исфайрамсой қирғоқлари бўйлаб ястаниб кетган “Қанжирға” МФЙда олиб борилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари ҳудудда янгидан-янги ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш бинолари қад кўтаришга имконият берди. Халқимизга хос яратувчанлик салоҳиятини намоён этаётган бу лойиҳалар кўҳна масканга янги ҳаёт нафасини олиб кирмоқда.
Расулжон КАМОЛОВ.
Шерзод ҚОРАБОЕВ олган
суратлар.