Вилоят ҳокими ҚАБУЛИДА

Вилоят ҳокими ҚАБУЛИДА

ХАЛҚИМИЗНИНГ ЭНГ
ЭЗГУ ФАЗИЛАТИ
ҳаёт йўлида адашганларни кечириш ва тўғри йўлга бошлашга кўмаклашади
Президентимизнинг 2021 йил 18 мартдаги “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармони асосида вилоятимиздан 10 нафар шахслар афв этилди. Уларнинг 6 нафари жазони ижро этиш муассасаларидан шартли равишда муддатидан олдин озод этилган бўлса, 4 нафарининг жазо муддати қисқартирилди.
Озод этилганлар Марғилон шаҳри, Қува, Фурқат, Бағдод, Бувайда ва Фарғона туманларидан бўлиб, барчаси яшаш манзилларига етиб келди. Айни кунларда мазкур фуқароларнинг муаммоларини аниқлаш, бандлигини таъминлаш, моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида дахлдор идоралар ҳамкорлигида изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Шу йилнинг 31 март куни вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров “Тадбиркорлар уйи”да афв этилган ҳамюртларимиз билан юзма-юз суҳбатлашди.
Вилоят раҳбари Марғилон шаҳрида истиқомат қилувчи Ҳасанбой Мерожов, бувайдалик Бурҳониддин Ибрагимов, фурқатлик Валижон Абдураҳмонов, қувалик Абдуллажон Солиев ҳамда Фарғона туманида яшовчи Зафаржон Мирзаев билан самимий мулоқот ўтказиб, жамиятимизда ўз ўринларини топиб, соғлом ҳаёт тарзига мослашишлари учун барча шароитлар яратиб берилишини таъкидлади.
Озодликка чиққан ҳамюртларимизни тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказиш, бандлигини таъминлаш, фуқаролик паспортини олиш, маҳаллий ҳокимликлар ҳузуридаги ижтимоий кўникма маркази томонидан бир марталик моддий ёрдам берилиши бўйича масъул идоралар раҳбарларига аниқ вазифалар топширилди.
— Ҳаётда адашиб, узоқ йиллар давомида қадрдон оилам, яқинларим дийдоридан бенасиб яшадим, — дейди Фурқат туманида истиқомат қилувчи Валижон Абдураҳмонов. – Бундан буён хатоимдан тўғри хулоса чиқариб, менга билдирилган ишончни оқлашга, сидқидилдан меҳнат қилишга ҳаракат қиламан.
Юзма-юз мулоқотда имтиёзли кредит ажратиш, ишга жойлашиш, уй-жой шароитларини яхшилаш, фарзандлар тарбияси каби муҳим ҳаётий масалалар жиддий муҳокама этилди.
Ботир МАДИЁРОВ.
Суратни Шерзод ҚОРАБОЕВ олган.