Аҳоли саломатлиги йўлида

Аҳоли саломатлиги йўлида

ФАРҒОНАГА 15 ТА
ГЕМОДИАЛИЗ АППАРАТИ
ОЛИБ КЕЛИНДИ
Беморлар вилоят ҳокими
Хайрулло Бозоровга алоҳида
миннатдорчилик билдирмоқдалар
— 19 йилдан бери гемодиализ (сунъий буйрак) муолажасини олиб келаман. Олдин Шакар қишлоқда битта аппарат бўлган, у бузилиб қолса, Тошкентга борардим. У ерга бутун республикадан беморлар нажот истаб келгани учун баъзан навбат етмай қоларди. Жонингиз оғриб турса, дунёнинг нариги чеккасига ҳам боришга рози бўлар экансиз. Гемодиализ учун Қозоғистонга ҳам тез-тез қатнаб тураман. Бу муолажани ҳафтада уч марта олиш керак. Шундай пайтлар бўлардики, баъзан навбат етмай, баъзан аппарат бузилиб қолиб, муддатидан ўтиб кетарди. У пайтдаги оғриқни сўз билан ифодалаб беролмайман. Худога шукур, мана шаҳримизга 15 та янги гемодиализ аппарати олиб келинибди. Сарсон-саргардонликларимиз ортда қолганига жудаям хурсандман. Ҳукуматимизга, шу ишнинг бошида турган инсонларга чексиз миннатдорчилик билдираман, — дейди Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи 48 ёшли Исломжон Маҳмудов.
Марғилонлик 33 ёшли Мамлакат Ҳамидова эса 11 йилдан буён сунъий буйрак ёрдамида яшаб келмоқда. У айни балоғатга етган пайтида қаттиқ шамоллаб, буйрагидан айрилиб қолган. “Яхшиямки шундай аппаратлар, ғамхўр шифокорлар, инсонпарвар ҳукуматимиз бор экан. Бўлмаса, пешобнинг танага тарқалиши оқибатида қорним, оёқларимдаги шишишлар, ҳолсизлик, иштаҳа йўқолиши, нафас қисиши, қон босимим кўтарилиши каби қатор азобларга бардошим етмасди…” – дейди у.
Мамлакат буйрак етишмовчилиги хасталиги билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги вилоят бошқармасига мурожаат қилганидаёқ, уни рўйхатга олишиб, режали муолажани йўлга қўйганлар. “Шу кунгача вилоят шошилинч тез тиббий ёрдам марказида гемодиализ муолажасини олганман, шароитлар мақтагулик даражада эмасди. Бу ер – вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказидаги шароитларни кўриб, кўзимдан ёш чиқиб кетяпти. Энди мен каби неча беморлар яшаб қолади, оғриқлардан халос бўлади, узоғи яқинлашади. Шунақа шароитлар яратиб бергани учун раҳбарларга, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровга алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман”.
– Вилоятда айни пайтда режали гемодиализ муолажаси олаётган беморлар 218 нафарни ташкил этса, аппаратлар сони камлиги, турли сабабларга кўра яна 260 нафар бемор гемодиализга муҳтож эди, – дейди гемодиализ бўйича вилоят бош мутахассиси Иқболжон Абдуллаев. – Беш йил аввал Фарғона вилоятида ўнта гемодиализ аппарати мавжуд бўлган бўлса, ҳозирда улар сони 38 тага етди. Вилоят маҳаллий бюджетидан ажратилган 2 млрд. 300 млн. сўмдан зиёд маблағ эвазига Германиядан 15 та гемодиализ аппарати, 500 миллион сўмлик сарфлов воситаси олиб келиниши натижасида биз ўша беморларнинг 80-100 нафарини қамраб оламиз. Бу шунча кишининг ҳаёти сақлаб қолинади, дегани. Фарғона шаҳридаги вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази қошида 10 та ҳамда вилоят Эндокринология диспансери қошида 5 та гемодиализ аппаратига мўлжалланган “Экстракорпорал детоксикация” (гемодиализ) бўлимлари ташкил этилди. Аппаратлар Туркия ва россиялик мутахассислар жалб қилинган ҳолда синовдан ўтказилиб, ўрнатилди.
– Германиянинг “Fresenius Medical Care” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган гемодиализ аппарати бир суткада тўрт нафар беморга хизмат кўрсатади, – дейди вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Одилжон Умаров. – Битта муолажага 4 соат, гемодиализ аппаратининг ўзини ўзи тозалашига эса 5 соат вақт сарфланади. У орқали инсон танасидаги заҳар ва пешоб чиқариб ташланади. Сунъий буйрак ёрдамида 18-20 йиллаб яшаётган беморларимизнинг борлиги бизни қувонтиради. Ўзбекистон шароитида энг юқори кўрсаткич – 20 йил (Фарғонада), 12 йил – Тошкентда. Янги аппаратларнинг олиб келиниши билан вилоятимиздаги беморларни ўзимиз қамраб олишга эришамиз. Уларнинг бошқа вилоятлар ёки давлатларга бориб даволанишига ҳожат қолмайди. Фурқат, Бағдод туманлари ва Марғилон шаҳрида қўшимча гемодиализ аппаратларини ўрнатиш билан бирга туманлараро ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш бўлимларини ташкил этишнинг режалаштирилгани ҳам диспансер назоратидаги беморларнинг узоғини яқин қилиш учундир.
Севара АЛИЖОНОВА.
Шерзод ҚОРАБОЕВ
олган суратлар.