Долзарб мавзу СУБСИДИЯ КИМГА, НИМА УЧУН БЕРИЛАДИ?

Моҳиятан аҳолининг уй-жойга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлашга қаратилган субсидия тизими Фарғонада ҳам амалий тус олди. Вилоятда 2020 йилда субсидия асосида уй-жой сотиб олиш учун келиб тушган жами 4978 та аризанинг 1219 тасига ижобий хулоса берилган.

Субсидия ўзи нима? У фуқаролар учун қанчалик манфаатли? Бу саволларга масъуллардан жавоблар олдик.
Асилбек НЕЪМАТОВ, вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси мутахассиси:
— Субсидиялар – даромади юқори бўлмаган шахсларга ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олишлари учун бошланғич бадал ёки кредит фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш мақсадида давлат бюджетидан тўланадиган ва қайтариб берилмайдиган маблағдир. У фақатгина кам даромадли, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшлар ва шу тоифадаги бошқа Ўзбекистон фуқароларига ажратилади. Меҳнат мигрантларининг номидан оила аъзолари ҳам ариза бериши мумкин. Субсидия олиш учун аризани давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz портали орқали электрон тарзда бериш мумкин.
Субсидия олиш тартибига кўра, масъул органлар вакилларидан шакл-лантирилган махсус комиссия ариза берувчиларга ижтимоий мезонлар бўйича балл беради. Балл тўплаш учун мезонларда талабгор ва унинг оиласи даромади, турар жой мақоми, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлганлар, шунингдек, оилада ногиронлиги мавжуд бўлган шахслар алоҳида инобатга олинади. Тақдим этилган ҳужжатлар ҳаққонийлиги масъул органлар томонидан текширилади.
2021 йил 1 июндан бошлаб субсидиялар тўлашнинг соддалаштирилган тартиби жорий қилинади. Унга мувофиқ, фуқаролар томонидан субсидия олиш учун аризалар йил давомида топширилади. Субсидия олиш учун мурожаат қилган ариза берувчининг даромадларига у билан бирга яшамаётган яқин қариндошларининг даромадлари ҳам киритилиши мумкин. Шунингдек, ариза берувчидан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали олиш мумкин бўлган ҳужжатларни талаб қилиш ман этилади.
Вилоятимизда жорий йил мобайнида 1790 та, шундан шаҳарларда 590 та, қишлоқ жойларда 900 та квартиралар, шунингдек, 300 та якка тартибдаги уй-жойлар учун ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар ажратилиши кўзда тутилган.
Бунда субсидия асосида олинадиган квартира майдонининг энг кўп меъёри 70 кв.метрни, уй қийматининг энг кўп миқдори эса 363 млн. сўмни ташкил этиши белгиланган.
Фаррух САЙДАЛИЕВ, вилоят молия бошқармаси мутахассиси:
— Ўтган йил якунига қадар субсидия олиш учун ижобий хабарнома олган 230 нафар фуқарога уй-жой учун жами 5 млрд. 986 млн. 367 минг сўм субсидия маблағлари берилди. Жойларда янги уйларнинг тегишли кадастр ҳужжатлари тайёр бўлмаганлиги ёки фуқаролар томонидан бошланғич тўловнинг субсидиядан ташқари қисмини қоплашга етарли маблағ жамғарилмаганлиги сабабли уларга тегишли маблағлар ажратилмай келинмоқда. Тартиб-тамойилга кўра, уй-жой сотиб олиш учун субсидия тақдим этиш тўғрисидаги хабарнома улар берилган вақтдан бошлаб 12 ой давомида амал қилади.
Маъруфжон САЙДАЛИЕВ, “Ишонч” Ипотека банк хизматлари маркази бош мутахассиси:
— Банкимиз томонидан 435 нафар фуқароларга субсидия асосида ипотека кредитлари олиш учун ижобий хулоса берилган бўлиб, айни пайтга қадар 210 нафар фуқароларга субсидия маблағлари ажратилди. Қолган фуқароларнинг қўлида субсидия олишни кафолатловчи хабарномаси бўлса ҳам, банкка қайта мурожаат қилишни кечиктиришмоқда.
Риштон тумани, Оқ ер қишлоғилик Илҳомжон Солиев ана шундайлардан. У шу кунгача бошланғич тўловга етарли маблағ жамғаргани, айни пайтда эса белгиланган меъёрларга мос уй қидираётганини айтди.
Фарғона тумани, Чимён қишлоғида яшовчи Муқаддамхон Қўшматова ҳудуддаги 52-ўрта таълим мактабида ўқитувчи, даромади юқори эмас. Битта хонадонда 3 та оила биргаликда истиқомат қилишади. Тумандаги Миндонобод қишлоғида бунёд этилган кўп қаватли уйлардан бирини сотиб олиш учун субсидия сўраб, мурожаат қилди. Ўтган бир ой давомида Муқаддамхон сингари аризалари қабул қилинган 550 нафардан зиёд аҳоли вакиллари субсидия олишга талабгор.
Комилжон Туронов Марғилон шаҳридаги “Пичоқчи” МФЙ ҳудудида бунёд этилган кўп қаватли уйлардан бирини субсидия асосида харид қилган. Анча вақт алоҳида уй-жойли бўлиш орзуси билан яшаган фуқаро юқори бўлмаган ойлик даромади билан бу бахтга тез фурсатда ва осон эришди. Риштонлик Элбек Йўлдошев, қўштепалик Шоҳруҳ Нуриддинов, қувалик Ҳилола Нишонова каби юртдошларимизнинг янги уй-жой эгаси бўлишида давлат бюджетидан ажратиладиган субсидия маблағлари кўмак бўлаяпти.
Айтиш керакки, субсидия — давлатимизнинг халқпарварлик сиёсати, одамларнинг турмуш шароитини яхшилаш, уларни уй-жой билан таъминланишини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий ифодасидир.

Дилнавоз ҚЎЛДОШЕВА.