Меҳри шифо ШИФОКОРЛАР

Меҳри шифо ШИФОКОРЛАР

Азалдан болажон халқмиз. Оилада чақалоқ дунёга келиши байрам бўлиб кетади. Гўдакнинг соғлиғи
меъёрида бўлса-ку, яхши…
Вилоят перинатал маркази қошидаги чақалоқлар хасталиги бўлимига кириб борарканмиз, аввало, бу ерда хизмат қилаётган раҳбар ва ходимлар ўртасидаги самимият, дўстона муносабат эътиборимизни тортди.
– Бўлимимизда кам вазнли, етишмовчилиги бор, хаста ва нуқсонли чақалоқлар парваришланади. Аниқроғи, 28 кунгача ёшдаги чақалоқлар учун мўлжалланган, – дейди бўлим мудири Нилуфар Тўхтасинова. – Бу ерда чақалоқлар назоратга олиниб, тўлиқ даволанади ва соғайгач, оналар ихтиёрига топширилади. Шу жиҳатдан вилоятда ягона бўлим ҳисобланади. Врачлардан тортиб ҳамшира-ю санитарларгача доим ҳушёр туришади. Чунки ҳали тўлиқ ривожланиш босқичига ўтмаган мурғакнинг ҳолати ҳар сонияда ўзгариб қолиши мумкин.
Бўлим ходимлари марказ бош врачи Мадҳия Суярқулова, бош доя Солияхон Каримова, неона-тал ишлар бўйича бош врач ўринбосари Умида Касимовалар номини “Касбининг фидойиси, самимий инсон, ҳалол раҳбар, миннатсиз устоз” деб эътироф этишди.
– Шифокорликда ҳамиша изланиш, ўқиш зарур. Инсонларнинг руҳиятини, ички оламини ҳам ўрганишга тўғри келади. Айниқса, мен ишлаётган бўлимда оналарнинг кайфияти, ўзини тутиши катта аҳамиятга эга, – дейди бўлим катта ҳамшираси Дилафрузхон Камолова. – Чақалоқларнинг соғлом дунёга келишида оналар саломатлиги муҳим. “Соғлом она – соғлом бола” деб бежиз айтилмаган, ахир. Зеро оиладаги муҳит, турмуш шароитининг яхши эмаслиги, яқин қариндошлар ўртасидаги ва эрта никоҳ, ҳомиладор аёллар саломатлигига эътиборсизлик каби сабаблар ҳам нуқсонли гўдаклар туғилишига олиб келади.
Перинатал марказда куну тун фаолият кўрсатувчи 1003 – тезкор алоқа хизмати йўлга қўйилган бўлиб, турли муаммо ва масалалар билан мурожаат қилувчи аёллар ва қизларга беминнат маслаҳат берилади, руҳий-психологик жиҳатдан кўмаклашилади. Бу борада мазкур бўлим шифокорлари ҳам фаол қатнашишади.
– Бўлимимизда даволанаётган чақалоқлар келгусида буюк инсонлар, Ватанимиз корига ярайдиган шахслар бўлиб камол топишига ишонаман, – дейди тажрибали ҳамшира Шаҳноза Ҳошимова. – Негаки, улар давлатимиз ва ҳукуматимизнинг алоҳида эътиборидалар. Тарихда из қолдирган буюк даҳоларнинг ҳам аксарияти ана шундай эътибор ва эъзозда улғайишган.
Ҳаётжон БОЙБОБОЕВ.
Шерзод ҚОРАБОЕВ
олган сурат.