Бу спектаклни кўринг! ИЛК МУҲАББАТНИ ЁДГА СОЛАДИ

Бу спектаклни кўринг! ИЛК МУҲАББАТНИ ЁДГА СОЛАДИ

Марғилоннинг марказий кўчаларидан бирида қад ростлаган мусиқали мақом театри Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. Бу ерда илиқ ва самимий мулоқот, қизғин ижод жараёнига гувоҳ бўласиз. Актёр ва режиссёрлар ўртасидаги баҳс-мунозара, саҳнада машқ қилаётган раққосалар, мусиқа асбобларидан таралаётган дилтортар куйлар сизни санъат оламига етаклайди.
Шокиржон Муродов асари асосида режиссёр Хўжамберди Эгамбердиев саҳналаштирган “Муҳаббат бўстони” мусиқали мақом спектакли бошлани-шидаёқ томошабинни ўзига маҳлиё қилади. Саҳна безаклари ҳам асарга ўзгача руҳ олиб кирган. Спектакль қалбингиз тубидаги илк муҳаббатингизни ёдга солади.
Спетаклда Шайх Санъон образидаги ошиқнинг ишқ тафсилотлари ҳикоя қилинади. Тушида оташпарастлар ибодатхонасида бир қиз сайр қилиб юрганини кўрган Шайх Санъон Рим гўзали бўлмиш Тарсога илоҳий муҳаббат билан орқали боғланади. Бу севги уни хасталикка гирифтор этади…
— Бўш вақтим топилди дегунча театр-га шошаман. Бу спектаклни бир неча маротаба кўрганман. Ҳар кўрганимда ўзимни бошқа оламга тушиб қолгандек ҳис этаман. Ҳақиқий ишқ йўлида икки инсоннинг жон таслим қилиши таъсирли чиққан. Спектаклни томоша қилишни бошқаларга ҳам тавсия қиламан, — дейди Марғилон шаҳри, “Гулистон” кўчаси, 9-уйда истиқомат қилувчи Мастурахон Султонова.
Мақом театр санъатининг бошқа турларидан бадиий мукаммаллиги, куй ҳамда шакл тузилишлари пухта ишлангани билан фарқ қилади. У мусиқа, шеърият ҳамда рақс санъатини мужассамлаштирувчи муштарак бадиий дурдона.
— Олийгоҳни тамомлаб, театрларда ишлаб келяпман, — дейди актёр Азизбек Темиров. — Роль ижро этиш ҳаётимнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган. Ҳар бир образнинг ичига кириб боришга, унинг руҳиятида яшашга ҳаракат қиламан. Баъзида реал ҳаётда ҳам ўша асар қаҳрамонининг қиёфасидан чиқолмай қийналган пайтларим бўлади. Спектаклда Шайх Санъон образини ижро этдим. Бу ошиқ роли ҳаётда ишқни деб адашмасликка чорлайди. Муҳими томошабинда катта таассурот қолдиради.
Буюк маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий айтганларидек, театр ҳақиқатан ҳам ибратхона, қутлуғ тарбия ва маърифат масканидир. Театр томошабин билан файзли.
Мақом қўшиқлари Навоий, Фузулий, Феруз, Мунис, Огаҳий ғазалларига басталанган бўлиб, илоҳийлик куй орқали қўшиққа кўчиб ўтган. Айнан шу жиҳат мақом театрининг дунё мусиқалари орасида нуфузини янада оширишга хизмат қилади.

Шоҳсанам
ЭШМАТОВА.