ФАРҒОНАДА ПРЕЗИДЕНТ МАКТАБИ

ФАРҒОНАДА ПРЕЗИДЕНТ МАКТАБИ

дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари тажрибаси асосида қуриб битказилмоқда
АҚШ, Буюк Британия, Германия, Япония, Жанубий Корея сингари дунёнинг энг ривожланган давлатлари кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида таълим-тарбияга жиддий эътибор қаратгани бежиз эмас. Боиси ҳар қандай давлат ва жамиятда эзгу ташаббусларни рўёбга чиқаришда юксак ақл-тафаккур, кенг дунёқарашга эга, ҳар томонлама билимли баркамол авлод ислоҳотлар тақдирини ҳал этувчи куч сифатида эътироф этилади.


Мамлакатимиз тараққиётининг бугунги босқичида таълим тизимини жаҳон андозалари даражасида ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилаётгани қувонарлидир. Эртанги кун истиқболини таъминловчи бундай саъй-ҳаракатлар замирида ўғил-қизларимиз учун замонавий шарт-шароитлар яратиб бериш орзуси мужассам.
Айни кунларда Фарғона шаҳрида қуриб битказилаётган Президент мактабида энг мукаммал шароитлар яратилмоқда. Икки гектардан зиёд майдонда қад ростлаётган муҳташам иншоот лойиҳаси ўзига хос бетакрор меъморий ечимга эга бўлиб, ҳудуд бўйлаб ландшафт архитектураси асосида ям-яшил хиёбонлар, манзарали дарахтлар аллеялари барпо этиляпти.
Қарийб 170 нафар ўқувчига мўлжалланган билим даргоҳи ўқув хоналари, кутубхоналар, лабораториялар, фаоллар зали, амалий машғулотлар ва дебатлар ўтказиладиган хоналар, ўқитувчи ва ўқувчиларнинг яшаш жойлари, умуман олганда, бир-бирига уйғун бинолар тўлиғича инновацион усулда қурилди. Жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун қулай шароитлар яратилиб, минифутбол, баскетбол майдонлари, сузиш ҳавзаси халқаро меъёрларга мувофиқ тарзда жиҳозланди. Ҳозирда ахборот-ресурс маркази, электрон кутубхона, энг сўнгги русумдаги компьютер технологиялари билан таъминланадиган инновация марказларини жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда.
Шу йилнинг 28 март куни вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Президент мактабида амалга оширилаётган сўнгги пардозлаш-жиҳозлаш ишлари билан яқиндан танишиб, дахлдор идоралар раҳбарлари, қурувчиларга топшириқлар берди. Белгиланган вазифаларни тез ва сифатли якунига етказиш зарурлигини таъкидлади.
— Юртимизнинг барча ҳудудларида бино-иншоотлар қурилиши бўйича катта ҳаётий тажрибамиз бор, — дейди “Олтиариқ файз бинокор” хусусий корхонаси раҳбари Бахтиёр Валломов. – Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан барпо этилаётган ушбу мактабни бунёд этишда энг малакали мутахассисларимиз жалб этилиб, ҳар бир жараёнга профессионал даражада ёндашилди.
Фарғона шаҳри кўркига кўрк бўлиб қўшилган муҳташам бино мамлакатимизда баркамол авлод орзуси йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Ботир МАДИЁРОВ.
Суратларни
Шерзод ҚОРАБОЕВ олган.