“Охунжон Ҳакимов номи абадийлаштирилса…” мақоласини

“Охунжон Ҳакимов номи абадийлаштирилса…” мақоласини

ўқиб Қўллаб-қувватлаймиз
Ўзбекистон халқ шоири Охунжон Ҳакимов мактабимизда ўқиган. Унинг дастлабки шеър-лари, мақолалари шу таълим маскани партасида битилган десак янглишмаймиз. Маънавият жонкуяри, ўзбек шеъриятига фарғонача лутф, самимийлик олиб кирган инсон, ҳам жўшқин, ҳам фалсафий шеърлари билан дунё халқларини куйлата олган шоир мактабдошимиз бўлганидан фахрланамиз.
Биз педагоглар жамоаси Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ҳамиджон Бурҳоновнинг “Фарғона ҳақиқати” газетасида чоп этилган “Охунжон Ҳакимов номи абадийлаштирилса…” сарлавҳали мақоласини ўқиб, муаллиф билдирган таклифни қўллаб-қувватладик.
Охунжон Ҳакимов нафақат Фарғонанинг, балки Ўзбекистонимиз-нинг буюк адиби, халқнинг ҳақиқий шоири эди. Ғазаллари ва шеър-ларини ўқимаган, сўзлари билан айтилган қўшиқларни тингламаган инсон бўлмаса керак юртимизда.
Муаллифнинг таклифи амалга ошиб, Охунжон Ҳакимовнинг номи мактабимизга берилса, хайрли иш бўларди.
В.ЮНУСОВ,
Фарғона туманидаги 39-умумий ўрта таълим
мактаби директори.

Кенгаш таклифни маъқуллади

Журналист Ҳамиджон Бурҳонов “Фарғона ҳақиқати” газетаси орқали таниқли адиб, Ўзбекистон халқ шоири Охунжон Ҳакимов номини абадийлаштириш бўйича таклиф билдириб, кўпчиликнинг дилидаги фикрларни баён этибди. Аввал қишлоғида узоқ йиллар умргузаронлик қилган шоир ҳақиқатан ҳам миллий адабиётимиз ривожига катта ҳисса қўшди. У республикамизда таниқли шоир бўлишига қарамай, жуда камтарин, самимий инсон эди. Маҳалламиз фаоли сифатида кўпчиликнинг ҳурмат-эътиборини қозонганди.
“Аввал” маҳалла фуқаролар йиғини кенгаши йиғилишида мақолада билдирилган таклифни бир овоздан маъқулладик. Кенгаш маҳалладаги номсиз кўчаларнинг бирига шоир номини бериш бўйича қарор қабул қилди.
Ишонамизки, вилоят ҳокимлиги, Топономик объектларга ном бериш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича вилоят комиссияси таклифимизга ижобий хулоса беради.
Д.ХОДЖАЕВА,
Фарғона тумани,
“Аввал” маҳалла фуқаролар йиғини раиси.