Икки мавзедаги ижтимоий ҳолат яхшиланади

Икки мавзедаги ижтимоий ҳолат яхшиланади

Фарғона шаҳрининг Қиргули ҳудудида 16 та маҳалла фуқаролар йиғини, бир неча йирик саноат корхоналари, ўқув ва тиббиёт муассасалари, ижтимоий объектлар жойлашган. Мавзе аҳолиси асосан кўп қаватли уйларда истиқомат қилади. “Дом”ларнинг аксарияти 60-70-йилларда қурилган бўлиб, йилдан-йилга коммуникация, йўл, ободончилик, ижтимоий инфратузилма соҳаларида муаммолар пайдо бўлмоқда. Бу эса фуқароларнинг ҳақли эътирозини келтириб чиқармоқда.

Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Қиргули мавзеида бўлиб, маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ҳақиқий ҳолатни ўрганди, “маҳаллабай”, “хонадонбай” ўрганишлар натижасида аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, кўп қаватли уйлар атрофини ободонлаштириш ишлари билан танишди, ижтимоий объектларни кўздан кечирди, фуқаролар билан суҳбатлашди.
Вилоят раҳбари “Меҳрибон-лик”, “Ҳувайдо” номли МФЙ-
даги кўп қаватли уйлар ат-рофи тартибсизлиги, айрим жойлар ахлат-чиқиндилардан тозаланмагани, бўш майдонлар ободонлаштирилмагани бўйича жиддий эътирозларини билдирди. Ҳолатни ўнглаш, жойларга манзарали дарахт ва гуллар экиш, кўп қаватли уйлар олдига ўриндиқлар ўрнатиш, болалар майдончаларини қуриш, шунингдек, бўш турган бинолардан тадбиркорларни жалб этган ҳолда самарали фойдаланиш юзасидан мутасадди раҳбарларга аниқ топшириқлар берди.
Аҳоли билан очиқ мулоқотда кўп йилардан буён тўпланиб қолган муаммолар эшитилиб, уларнинг қонун доирасида ҳал этилиши белгиланди.
Хайрулло Бозоров шаҳар тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги туғруқ комплексини бориб кўрди. 22 млрд. сўмдан зиёд маблағ эвазига қайта қуриш ишлари олиб борилаётган муассасани сифатли ва ўз вақтида фойдаланишга топшириш бўйича қурувчиларга кўрсатмалар берди.
Шунингдек, вилоят ҳокими шаҳарнинг Абдулла Қодирий мавзеида бўлиб, ҳудудда жойлашган маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ободонлаштириш, бунёдкорлик ишларини ўрганди, “Тинчлик” МФЙ ҳудудида ташкил этилиши режалаштирилган 44 гектарлик “Бақай” кичик саноат зонаси лойиҳаси билан танишди. Муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, ижтимоий ҳолатни тартибга келтириш, коммуникация тизимларини янгилаш, йўлларни асфальтлаштириш, бўш турган ер майдонларида боғ яратиш бўйича дахлдор ташкилотлар раҳбарларига тегишли вазифалар топширди.
Рустам ОРИПОВ.