«Шодиёна» маҳалласи: ЭНДИ ИСМИ ЖИСМИГА МОНАНД БЎЛАДИ

«Шодиёна» маҳалласи: ЭНДИ ИСМИ ЖИСМИГА МОНАНД БЎЛАДИ

Фарғонанинг аҳоли сони 6700 нафарни ташкил этувчи «Шодиёна» МФЙида ишлар қизғин. Айниқса, ҳам маҳалла, ҳам шаҳар марказий кўчаларидан бири саналмиш Соҳибқирон Темур кўчасида. Давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга ташрифи чоғида берилган топшириқларни бажариш доирасида илк кунлари 8 минг нафардан зиёд (!) ҳашарчи ободонлаштириш ишларига жалб этилди. Уларнинг кучи билан маҳаллада 300 тупдан ортиқ манзарали дарахтлар, 200 та гул кўчати экилган. Вилоятимизнинг турли туманларидан сафарбар этилган йўл қурувчилар эса кўчанинг икки томонига бетон ариқ ётқизишиб, унинг ёнида гулзор учун майдонча барпо этишяпти.
Белгиланган ишларни мумкин қадар тезроқ битириш мақсадида ҳар бир туман йўллардан фойдаланиш ташкилотига 200 метрлик масофага бетон ариқ ётқизиш вазифаси юклатилган, — дейди “Бешариқ туман йўллардан фойдаланиш” унитар корхонаси устаси Омонжон Туронов. — Барчамиз юклатилган вазифани сифатли бажариш ҳаракатидамиз.
Шу кунга қадар маҳаллада аҳолини йиллар мобайнида қийнаган маиший муаммоларни ҳал қилишга қаратилган қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, жами узунлиги 12 километр бўлган кўчалар асфальтлаштирилди, 308 та симёғоч ўрнатилди, 18 та кўп қаватли уйнинг олд ва орқа томонлари мукаммал таъмирланди, 14 тасига қувур тортилиб, ичимлик суви билан таъминланди. Қатор уйларни канализация тармоғига улаб қўйиш мақсадида Соҳибқирон Темур кўчасида 15 километр масофага марказий қувур ётқизилди.
— Форобий кўчасидаги икки қаватли 25 ва 26-уйларни одамлар “етимча уйлар”, деб аташарди, — дейди маҳалла фаоли 62 ёшли Насибахон Алимова. — Бу кўримсиз, таъмирталаб уйларда асосан мен каби ёши улуғ фуқаролар истиқомат қилишади. Уларнинг қўлидан нима ҳам келарди! Мана, тендер эълон қилинган экан, унинг ғолиби уйимиз томини таъмирлаб берди, ҳозир эса атрофи ободонлаштирил-япти. Гаражлар олинди, улар ўрнида тўрт қаватли уй, олдида болалар майдончаси қурилар экан. Биз жудаям хурсандмиз!
Подъезд ва фасадлари таъмирланган, сув таъминоти яхшиланган тўрт қаватли уйларда истиқомат қилувчилар ҳам маҳалладаги ўзгаришлардан хурсанд. “Уйларимиз қиёфаси ўзгариб, худди янги қурилган уйлар каби кўркам ва замонавий бўлди”, дейишяпти улар мамнуният билан.
Соҳибқирон Темур кўчасида хусусий тадбиркор Ҳайит Ҳоринов янги новвойхона қурдиряпти. Эски новвойхона обод бўлаётган маҳаллага ярашмасди.
— «Ипотекабанк» АТБ томонидан менга 150 миллион сўм кредит ажратилди, — дейди Ҳ. Ҳоринов. – Новвойхонани бузиб, ўрнида янгисини ҳамда дўкон, фаст фуд сотиладиган емакхона қурмоқчиман. Хуллас, ишлаб чиқаришни кенгайтиришни ният қилганман.
Айни пайтда шу кўчанинг ўзида маҳалла фуқаролар йиғини учун икки қаватли янги бино қуриляпти, эскиси мослаштирилган бинода жойлашган бўлиб, кўримсиз, таъмирталаб эди. Йиғин вақтинча ҳовли-жойлардан бирида қўним топган.
— Янги бинонинг биринчи қаватида маҳалла йиғини ҳамда Кексалар мас-кани жойлашади, — хурсанд бўлиб гапиради “Шодиёна” МФЙ раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий ишлар бўйича ўринбосари Арофат Мақсудова. – Иккинчи қаватда эса “Аёллар маслаҳатхонаси” очилади.
— Маҳаллаларингда шунча муаммолар бор экан, давлатимиз раҳбарининг келишини кутмасдан, уларни ўз вақтида ҳал қилса бўлмасмиди? – сўрайман раис ўринбосаридан.
— Ичимлик суви, газ, электр энергияси хусусида расмий хатлар билан тегишли ташкилотларга мурожаат қилиб чарчаганмиз, — дейди Арофат Мақсудова. – Жавоб бир хил: маблағ йўқ. Аслида ҳеч кимнинг ҳеч нарса билан иши бўлмай қолди.
Тўртинчи қаватда яшаб, сувдан бебаҳра қолиш қанчалар ноқулай эканлигини “Сувоқова”даги мутасаддилар тасаввур қилишганида эди! Одамларнинг талаб-эҳтиёжларига шунчалар бепарво бўлаётган раҳбарларга “қойил” қолмасдан илож йўқ. Мана, ёрқин мисол. «Шодиёна» МФЙ Фарғона шаҳрининг 4-сектор ҳудудида жойлашган. Шу маҳаллада истиқомат қилаётган, касби ҳайдовчи бўлган Шавкат Аҳмадалиев 30 йилдан бери муқим ишга эга эмас, ваҳоланки, қарамоғида еттита жон бор. 57 ёшли бу кишининг мардикорлик билан шуғулланишига тўғри келяпти. Бу ҳам майли, 13 ёшли қизининг ҳужжати йўқ.
«Шодиёна» Фарғонанинг қоқ марказида жойлашган маҳаллалардан бири, лекин муаммолар — қатор. Қизиқ, давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга 4-5 февраль кунлари ташрифи якунида бу маҳаллага бормаганида аҳолининг муаммолари ҳануз ҳал этилмаган бўлармиди? Уларнинг “маҳаллабай” ишлашнинг янги тизимидан хабарлари бормикан? Баъзи раҳбарларимиз халқдан узилиб қолгандай. Ваҳоланки, мамлакатимизда “маҳаллабай” ишлашнинг янги тизими жорий этилган.
…Шодиёналиклар шод. Маҳалла аҳли Президентдан миннатдор: “Юртбошимиз келмаганида, мавжуд муаммолардан қийналишда давом этардик, чоғи”, дейишди улар. Нима бўлганда ҳам, барча белгиланган ишлар адо этилганидан кейин Шодиёнанинг исми жисмига монанд бўлади.

Тамара ТОШМАТОВА.
Элёр ОЛИМОВ
олган суратлар.